Жаҳон | 08:04 / 10.10.2021
8994
2 дақиқада ўқилади

Францияда Эроннинг биринчи президенти вафот этди

Эроннинг биринчи президенти Абулҳасан Банисадр 88 ёшида Парижда вафот этди. У Эронда 1979 йилда юз берган ислом инқилобидан кейин президент лавозимини эгаллаганди.

Фото: Francois Mori / AP

Банисадр узоқ давом этган касалликдан кейин Сальпетриер шифохонасида ҳаётдан кўз юмди.

Банисадр талабалик йилларида “Миллий фронт” талабалар ҳаракати сафига қўшилган. Ушбу ҳаракат 1960-йилларда Эрондаги ҳукмрон тузумга қарши чиққан ва монархияга қарши ғояларни илгари сурган. Эронда 1963 йилда юз берган норозилик намойишларида у яраланиб, Францияга кетган. Сўнгра Сорбонна университетида ўқиб, иқтисодиёт бўйича докторлик даражасини олган.

1979 йилда Банисадр Эронга қайтган ва Ислом инқилобий кенгаши таркибига киритилган. Кейинчалик у иқтисодиёт ва молия вазири лавозимини эгаллаган. 

Банисадр 1980 йил февралда мамлакатда ўтган сайловларда 76 фоиз овоз тўплаб, президент лавозимини эгаллаган. Бироқ 16 ой ўтгач унга мамлакатда тобора кучаяётган “мусулмон уламолари ҳокимиятига” қарши чиққани учун импичмент эълон қилинган. Шундан кейин у Францияга иммиграция қилган ва ҳаётининг қолган қисмини у ерда ўтказган. 

Банисадр охирги йиллар Эрон ҳақида мақолалар ёзган ва уларда мамлакатнинг амалдаги раҳбариятини танқид остига олган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид