Light | 21:19 / 11.10.2021
44821
3 дақиқада ўқилади

Овқатланишда ҳар бир инсонга керакли 6та одат

Ушбу оддий ҳаракатлар ўзингизни яхшироқ ҳис этишга ва саломатлигингизни сақлаб қолишда ёрдам беради.

Фото: Getty Images

1. Етарли миқдорда сув ичиш

Кўпроқ сув ичиш керак. У метаболизмни тезлаштиради. Қон плазмаси 92-95 фоиз сувдан иборат. Суюқлик қон-томир тизимига ўз функциясини бажаришда ёрдам беради. Мияга сув билан кислород ва глюкоза келиб тушади, улар асаб фаолияти учун муҳим.

Яна сув миядан моддалар алмашинуви маҳсулотлари ва токсинларни чиқариб ташлайди. Сув етишмаслиги эса бош оғриғи, чарчоқ ҳисси ва овқат ҳазм қилиш каби муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Сув истеъмол қилишнинг универсал нормаси мавжуд эмас. Иккита кўрсаткичга эътибор беринг:

  • Чанқаш ҳисси. Чанқаган бўлсангиз, сув ичишни ортга сурманг.
  • Сийдик ранги. У рангсиз ёки оч сариқ рангда бўлиши керак. Акс ҳолда сиз кам сув ичяпсиз.

2. Сабзавот ва меваларни кўпроқ истеъмол қилиш

Ўсимликлардан тайёрланган таомлар юрак қон-томир касалликлари ва саратоннинг айрим турлари профилактикасида фойдали. Улар таркибидаги клетчатка овқат ҳазм қилиш фаолияти яхшироқ кечишида ёрдам беради ва ноинфекцион касалликлар эҳтимолини камайтиради.

Сўнгги тадқиқотларда норма бўйича кунига 500-800 грамм сабзавот ва мева истеъмол қилиш ҳақида гап кетади, бу эса кам миқдор эмас.

3. Истеъмол қилинган таомларни ёзиб бориш учун кундалик тутиб кўриш

Кўпчилик истеъмол қилган маҳсулотлари миқдорини аниқ билмайди. Шунинг учун ўзимизнинг овқатланиш борасидаги одатларимизни яхши билмаслигимиз эҳтимоли юқори. Кундалик эса бу борада аслида вазият қандай эканини тушунишда ёрдам беради. Масалан, сиз ўзингизни етарли миқдорда сабзавот ейман деб ҳисоблашингиз мумкин, аслида эса балки кунига бор-йўғи иккита бодринг билан чекланаётгандирсиз.

4. Шакарни камроқ истеъмол қилиш

Замонавий одам шакарни кўп миқдорда истеъмол қилади, чунки уни ҳамма ерда учратиш мумкин. Нафақат газли ичимликлар ва пишириқларда, балки кетчуп, тезпишар бўтқа ҳамда колбаса таркибида ҳам шакар бор.

Иккинчи типдаги диабет, жигар етишмовчилиги, кариес, семизлик ва бошқа касалликларга шакарни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш сабаб сифатида кўрсатилади. Шундай экан, унинг рациондаги миқдорини назорат қилиш лозим.

5. Таомнинг таркиби ва калориясига эътибор бериш

Маҳсулотлар ёрлиғини кўздан кечириш ва яхшилаб ўқиш фойдали. Масалан, шу тариқа сизнинг “соғлом” батончигингиз таркибининг ярми шакардан иборат экан ва калория жиҳатидан юқори эканини билиб олиш мумкин.

6. Сут-қатиқ маҳсулотларини мунтазам истеъмол қилиш

Сут-қатиқ маҳсулотларини кунига бир порциядан истеъмол қилиш вазн ташлаш ва иккинчи тип диабетига чалиниш эҳтимолини 18 фоизга камайтиради. Шакарсиз турларини танлаш лозим, улар фойдалироқ.

Lifehacker.ru сайтидан таржима қилинди.

Мавзуга оид