Чирчиқдаги абгор қабристон масъуллар эътиборидан четда қолмоқда
14-сонли қабристон Чирчиқ шаҳрининг энг йирик мозорларидан бири бўлса-да, ободонлаштиришга муҳтож ҳолатда қолмоқда.
Чирчиқ шаҳридан таҳририятимизга келиб тушган шикоятда суви, “свети” йўқ қабристон ҳақида ёзишибди.
Аввалига: “Тирикларнинг шунча муаммоси туриб, ўзга дунёга кўчиб ўтган, бу дунёда жонсиз танаси қаерда ётгани у учун аҳамиятсиз бўлганларнинг “муаммосини” кўтарамизми?” дедик ўзимизга ўзимиз. Аммо ўша қабристонга азиз кишисини – отасини қўйган опа-сингилнинг қайта-қайта қилган илтимосига дош беролмай, у ерга бордик. Шундагина тушундик, ҳис қилдик – гарчи ўликларга танаси қаерда ётганининг фарқи бўлмаса-да, яқин кишисини ерга қўйган тириклар учун бунинг аҳамияти бор экан…
“Отамизни йўқотдик. Меҳрибон, ғамхўр отамизни йўқотдик, – дея сўз бошлади Дилноза Тоғаева. – Отам Чирчиқ шаҳрига ҳарбий хизматчи бўлиб ишга келганлар, Чирчиқ шаҳри янги барпо этилаётган пайтлар эди, хизматни ўтаб, шу ерда оила қуриб, қарийб 60 йилга яқин Чирчиқда яшадилар. Ҳамиша шаҳар обод бўлишига, кўкаламзорлаштиришга харакат қилган инсонлардан бўлиб келганлар.
Шаҳардаги 14-сонли қабристонга дафн этдик. Қабристонга келар эканмиз, унинг хароб аҳволи дилимизни вайрон қилди. Тушунаман, ўлганларга қаерда ётиш муҳим эмас. Бироқ...
Отамнинг фарзанди сифатида ва шу ерда ётган барча индамаслар оламига кўчган инсонлар ҳақи-ҳурмати шу ерни обод қилишга бел боғладик. Аммо кўп сонли мурожаатларимиз ҳокимият ва мутасадди раҳбарлар томонидан беписандлик, бепарволик билан рад этиб келинмоқда”.
Чирчиқ шаҳри “Маърифат” МФЙ раиси Анвархон Маҳсумов билан ҳам суҳбатда бўлдик.
“Мен бу мозор тўғрисида чопавериб, бормаган жойим қолмаган. Ҳаммага айтганман: “Мана шу мозор – ҳаммамизнинг келажакда келиб ётадиган уйимиз. Келинглар, шу ерни обод қилайлик”, деб. Ободонлаштириш бошқармасининг раҳбари мана шу мозоримизни ҳали келиб кўрмаган. Кеча президент порталига мурожаат қилингани учун, шу ерни телефонда локация билан топиб келибди. Бу қанақаси, шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси раҳбари мозори қаердалигини билмаса?!
Ўзбекистонда ҳам, Тожикистонда ҳам ёки Қирғизистонда ҳам аввал мозоримизни ва бозоримизни кўриб, халққа баҳо берилади. Бу мозорни кўрган инсонлар қандай баҳо берсин? Мозор бир мен-у, бир гўрковгагина керак эмас. Мана шу ерга ҳозир 8 та маҳалланинг одамини кўмяпмиз. Пандемия бўлгани сабабли 400 дан ортиқ одам кўмилди бир ярим йил ичида. Агар 13 йил мобайнида 376 одам кўмилган бўлса, бир ярим йилда 400дан ошиқ одам кўмилди.
Ҳозир шаҳримизда 7 та мана шундай мозор ишлаяпти. Қолганлари тўлган ва ёпилган. 430 м қувур олиб келиб, ўрнатдик, лекин 1 томчи ҳам сув оққани йўқ. Мана, келган зиёратчилар қўлини ювиб олиши учун ҳам шароит йўқ. Бу ердаги ер жуда қаттиқ, трактор билан кавланадиган. Бу ерни суғормай туриб кавлаб бўлмайди. Бир қабрни кавлаш учун, агар трактор билан кавланмаса, икки гўрков бир суткада ҳам кавлаб ололмайди. Ер қаттиқ, юмшатиш учун сув керак.
14-сон мозоримиз – шаҳримизнинг энг катта ҳудудли қабристони. Ҳаммани шу ерга олиб келиб кўмишяпти, келажакда қолган маҳаллаларнинг одамларини ҳам олиб келиб кўмишар. Маҳаллалар раисларига ҳар доим айтаман: “Бир мен раис эмас, сизлар ҳам раиссизлар, сизнинг маҳаллангизни одамларини ҳам олиб келиб кўмяпмиз ахир”, деб. Лекин биронтаси ёрдам бергиси йўқ.
Мана, қўшнимизнинг фермаси бор, шу фермер хўжалигидан ток олиб, Келес каналидан насос билан сув тортиб оламиз. Ношуд бандалар бор экан, март ойида шу насосни ҳам ўғирлаб кетишди. Қайтадан бошқа ердан насос олиб келдик. Мозорнинг нарсасини ўғирлаганларни нима ҳам дейиш мумкин?!
Бир лампочкани ёқиш учун ҳам, мана ёнимизда ферма бор, фермердан илтимос қиламиз. Раҳмат шу одамга, майли дейди. Аслида Ободонлаштириш бошқармасининг ўз ҳисобрақами бор, кассасида пули бор. Ўзи “счётчик” қўйиб, тўласа бўлади. Лекин, йўқ!
Қоронғида бўлганда, баъзи вақтлар шундай бўладики, дафн кеч қолиб кетади. Қоронғида ҳам майит олиб келишади. Фонарда майит кўмамиз...”
Шокир Шарипов тайёрлади.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
07:31 / 09.11.2024
Чирчиқ дарёсидан қум-шағал аралашмаси қазиб олиниши оқибатида 233 млрд сўм зарар етказилди
10:50 / 01.11.2024
Чирчиқ дарёсидан қум-шағал аралашмаси қазиб олиниши оқибатида 273 млрд сўм зарар етказилди
10:34 / 23.09.2024
Чирчиқда каналга тушиб кетган “Spark” чиқариб олинди
10:41 / 20.07.2024