Шавкат Мирзиёев Бухорода халқаро илмий конференция ўтказишни таклиф қилди
Кўҳна ва боқий Бухоро инсоният цивилизациясининг энг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашувида айтиб ўтди.
“Бу қутлуғ диёрда ўтмишда 400 га яқин мадраса, жумладан, 33 та олий мадраса, яъни, олий ўқув юрти фаолият юритгани бугун ҳам одамни ҳайратга солади.
Бухоро – Имом Бухорийдек буюк ҳадисшунос олимлар, Муҳаммад Наршахийдек улуғ тарихчилар, Ибн Синодек тиббиёт илмининг пири бўлган тенгсиз алломалар, қадри баланд инсонлар юрти. Бухоро – “етти пир” номи билан маълум ва машҳур бўлган азиз-авлиёлар хоки поклари ётган муқаддас заминдир.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Бухорои шарифдан бугунги кунгача уч мингдан зиёд машҳур олим ва адиблар, сиёсат ва жамоат арбоблари, маданият намояндалари етишиб чиққан.
Рамзий маънода айтсак, биринчи ва иккинчи Ренессанс равнақига мислсиз ҳисса қўшган Бухоронинг уч мингдан зиёд алломалари, илм ва маърифат осмонини юлдузлар каби ёритиб турибди. Уларнинг бебаҳо меросини бугунги авлодга етказиш мақсадида “Бухоронинг буюк алломалари мероси” номли кўп жилдли китоблар туркумини нашр этсак, мен ўйлайман, ўринли бўлади.
Бу ҳақда гапирганда, энг аввало, жаҳон тиббиёт илмининг султони, буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино номини фахр билан тилга олишга ҳақлимиз. Бу улуғ олим, илм-фаннинг турли соҳаларида 400 дан зиёд нодир асарлар ёзгани маълум. Шу маънода, буюк аждодимизнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш мақсадида, “Абу Али ибн Сино ва Шарқ Ренессанси” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш анъанасини йўлга қўйишни таклиф этаман”, деди президентликка номзод.
Мавзуга оид
09:51 / 21.11.2024
Бухоронинг айрим ҳудудларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади
20:55 / 20.11.2024
“Эски, совуқ синфхоналарда ўқияпмиз” – Бухорода қурилиши битмаган мактаб-интернат ўқувчилари сарсон бўляпти
18:24 / 20.11.2024
Файзулла Хўжаевнинг жияни профессор Сулаймон Иноятов вафот этди
14:38 / 20.11.2024