Ўзбекистон | 21:17 / 13.10.2021
14308
2 дақиқада ўқилади

Президент Kun.uz репортажида ёритилган маҳалла ва мактабни эътироф этди

Шавкат Мирзиёев навоийлик сайловчилар билан учрашувда Хатирчи туманидаги Тамабаҳрин маҳалласи ва ҳудуддаги 22-мактабни эътироф этиб, бу мактабни ривожлантиришни таклиф қилди. Аввалроқ Kun.uz абитуриентлар маркази бўлмиш бу маҳалла ҳақида репортаж тайёрлаган эди.

“Сизлар яхши биласиз, Хатирчи туманида машҳур Тамабаҳрин маҳалласи бор. Маҳаллада жойлашган 22-мактаб вилоятнинг энг илғор таълим масканларидан бири ҳисобланади. Бу йил Навоий вилояти мактаб битирувчилари олийгоҳларга кириш бўйича мамлакатимизда 1-ўринни эгаллашида ушбу жамоанинг алоҳида ҳиссаси бор.

Бу ерда фаолият юритаётган фидойи устозлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида, ушбу мактаб негизида аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этсак, ўйлайманки, барчангиз бу фикрни қўллаб-қувватлайсиз”, – деди президент сайловчилар билан учрашувда.

Фото: ЎзЛиДеП

Kun.uz репортажида Тамабаҳрин маҳалласида асос солинган репетиторлик мактаби ва ҳозирги абитуриент тайёрлаш тизими ҳақида маълумот берилганди.

Тамабаҳрин маҳалласи – абитуриентлар тайёрлаш борасида 25 йиллик тарихга эга марказ ва айнан шуниси билан машҳур. Бу ерга ҳар йили туман, вилоятнинг турли ҳудудларидан, ҳатто бошқа вилоятлардан ОТМга кириш истагида бўлган абитуриентлар оқиб келади.

Маҳаллада турли умумтаълим фанларидан дарс ўтадиган репетиторлар абитуриентларни саралаб олиб, йил давомида уларни имтиҳонга тайёрлашади. Репетиторларнинг ҳаммаси ҳам 22-мактаб ўқитувчилари эмас, лекин абитуриентлар тайёрлаш тарихи айнан 22-мактабда бошланган ва мактаб ҳозир ҳам асосий марказ вазифасини бажариб келмоқда.

Репортаждан сўнг Навоий вилоят ҳокими Қобил Турсунов ҳам Тамабаҳрин маҳалласига бориб, репетиторлар билан учрашган ва абитуриентларнинг дарс шароитлари билан танишганди.

Мавзуга оид