Жамият | 11:51 / 18.10.2021
7424
2 дақиқада ўқилади

Навоийда кекса аёлни чалғитиб, пулларини ўғирлаган фуқаро ушланди  

Зарафшон шаҳрида яшовчи, рус миллатига мансуб кекса аёлнинг ишончига кириб, унинг 3140 доллар пулини ўғирлаган фуқаро қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, нафақага чиққан аёл уйини сотиб, Россияда яшовчи фарзандлари олдига кетишга қарор қилган. Уйни 22 минг АҚШ долларига баҳолаган. Кўп ўтмай уйга харидор топилган. Шаҳарда яшовчи, уйни сотиб олган фуқаро олди-сотди жараёнида аёл билан яқиндан танишиб, пулнинг 20 минг АҚШ долларини банк орқали унинг ўғилларига жўнатишга ёрдам берган.

Сўнгра уй эгаси Россияга кетиши ҳақида айтганида уни Навоий халқаро аэропортига кузатиб қўймоқчи бўлган. Йўлда эса ҳийла ишлатиб, машинаси бузилиб қолганини, телефон чироғини тутиб туришини сўрайди. Аёл чироқ тутиб турган пайтда машина салонида унинг сумкасидан 3140 АҚШ долларини олиб қўяди.

Аэропортда текширувдан ўтаётганда пуллари йўқлигини билиб қолган аёл тезда ИИБ ТХТБ ходимларига мурожаат қилган ҳамда узоққа кетиб улгурмаган фуқаро қўлга олинган.

Олдинроқ Навоийда савдо дўконидан 40 млн сўм пулни ўғирлаб кетган фуқаро қўлга олинганди.

Мавзуга оид