Жаҳон | 09:38 / 19.10.2021
7407
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили ўз лавозимини тарк этади

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод “Ал-Жазира” телеканалига ўз лавозимини тарк этишини маълум қилди. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Халилзод ўз лавозимини тарк этишини тасдиқлаган. Унинг лавозимини ўринбосари Томас Уэст эгаллайди.

Фото: usip.org

“Афғонистон бўйича махсус вакил Залмай Халилзод ўз лавозимини тарк этади. Унга Америка халқига ўнлаб йиллар хизмат қилгани учун миннатдорлик билдираман”, деб айтган Блинкен.

Ўз навбатида, Халилзод ўз лавозимини тарк этиши сабабини тушунтирди.

“Эртага Афғонистон бўйича махсус вакил лавозимидан кетаман. Мен ҳозир бундай йўл тутишнинг фурсати деб қарор қилдим, чунки ҳозир Афғонистон бўйича сиёсатнинг янги босқичига кирмоқдамиз”, деб айтган Халилзод Блинкен номига юборган мактубида.

У келгусида ҳам Афғонистон бўйича ишда иштирок этишга ваъда берган.

70 ёшли Халилзод ўз лавозимини май ойида тарк этиши керак бўлганди, бироқ кейинроқ узоқроқ муддатга қолишга рози бўлган.

Унинг лавозимини ўринбосари Томас Уэст вақтинча эгаллайди.

Залмай Халилзод пуштун миллатига мансуб бўлиб, 2018 йил сентябрдан ўз лавозимини эгаллаб келган. 2004-2005 йилларда у АҚШнинг Афғонистондаги элчиси лавозимини эгаллаган.

Томас Уэст махсус вакил ўринбосари лавозимини 2021 йил январдан бери эгаллайди. У аввалроқ АҚШ миллий хавфсизлик кенгашининг Афғонистон ва Покистон масалалари бўйича директори лавозимини эгаллаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид