Жаҳон | 12:20 / 20.10.2021
16267
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда Алмазбек Атамбоевга чиқарилган жазо ҳукми тикланди

Фото: Павел Лисицын / Getty Images

Қирғизистон олий суди республиканинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевга жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг ноқонуний озодликка чиқиши бўйича чиқарилган жазо ҳукмини қайтадан тиклади. Бу ҳақда Атамбоевнинг адвокати Сергей Слесарев маълум қилди.

Суд ушбу қарорни 12 октябрда қабул қилган. Слесаревнинг эслатишича, 2020 йил ноябрда олий суд Атамбоевга пастки инстанциялар томонидан чиқарилган ҳукмни бекор қилган. Ушбу иш ўшанда Бишкек туман судига қайта кўриб чиқилиш учун жўнатилган.

“Олий суд ўз қарори билан Атамбоевга чиқарилган 11 йил 2 ойлик қамоқ жазосини тиклади. Шу тариқа, Атамбоев яна судланган деб ҳисобланади. Олий суд аввалги қарорини бош прокуратура сўрови билан бекор қилди. Яъни суд ўшанда ҳукмни ноқонуний бекор қилганига рози бўлган”, деб айтган Атамбоевнинг адвокати.

Унинг таъкидлашича, олий суд бир йил аввал жазо ҳукмини бекор қилишини ўшанда Атамбоевнинг ҳуқуқлари бузилгани, жумладан у суд жараёнида ва ҳукм чиқарилишида иштирок этмагани билан тушунтирганди.

Энди эса ушбу иш бўйича яна суд йиғилиши ўтиши кутилмоқда. Унда бош прокуратура эътирози ва Атамбоев адвокатлари шикояти кўриб чиқилади.

Иш кассация судига янгидан кўриб чиқиш учун жўнатилган. Олий суднинг ўз қарорини бекор қилиши ушбу иш бўйича ўтаётган бошқа айбланувчиларга ҳам тааллуқли ҳисобланади.

2006 йилда Азиз Батукаев Бишкек яқинидаги колониялардан бирида оммавий тартибсизликлар ташкиллаштиргани учун 16 йил 8 ойга озодликдан маҳрум этилган. Ўша ғалаён вақтида депутат Тиничбек Акматбаев, жазоларни ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Икматулла Полотов ва парламентнинг икки аъзоси ўлдирилган. 2013 йилда Батукаев шифокорлар комиссияси хулосасига кўра соғлиғи бўйича қамоқхонадан муддатдан олдин озод қилинган. Комиссия ўшанда унга қон саратонининг охирги босқичи ташхисини қўйган. Батукаев қамоқхонадан чиққандан бир неча соат ўтиб янги паспорт олган ва у билан Қирғизистондан чиқиб кетган. Терговнинг фикрича, жиноий авторитетнинг озод қилинишига юқори мансабдор шахслар, жумладан Атамбоев ҳам алоқадор ҳисобланади.

Мавзуга оид