Шавкат Мирзиёев Жиззахда режалаштирилган қурилишлар ҳақида маълумот берди
“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари биринчи бор 2018 йилда Жиззах вилоятида бошланиб, Манас қишлоғи ҳамда Мирзачўл тумани маркази қисқа муддатда обод қилинди. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.
“Бу борада Жиззахда орттирилган тажриба бутун мамлакатимиз учун ўрнак ва намуна бўлди, десак, бу ҳам адолатдан бўлади. Шунинг учун, ишларни давом эттириш мақсадида, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 208 та қишлоқ ва маҳаллада кенг кўламли ободонлаштириш ва қурилиш-таъмирлаш учун 1 триллион сўм ажратилади. Бахмал, Зомин, Фориш ва Янгиобод туманларининг 28 та маҳалласида ижтимоий объектлар ва инфратузилмани яхшилашга алоҳида 200 миллиард сўм йўналтирилади;
875 километр ичимлик ва 96 километр оқова сув тармоқлари, 103 та иншоот барпо этилиб, бунга 2 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Натижада, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 60 фоиздан 90 фоизга етказилади. 5 минг километр электр тармоқлари, 2 та подстанция, 1,5 мингта трансформатор янгиланади ва таъмирланади. 3,5 минг километр автомобиль йўллари ва ички кўчалар, 165 та кўприкни қуриш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, бунга 2 триллион сўм йўналтирилади.
Шунингдек, Зарафшон дарёсидан сув олиш бўйича тарихий лойиҳа якунланиб, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл туманлари ва Жиззах шаҳрида 700 минг аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти яхшиланади.
Бундан ташқари, 200 миллион доллар инвестиция ҳисобига Зомин, Бахмал, Ғаллаорол туманларидан ўтувчи автомагистралнинг 158 километри реконструкция қилинади.
Аҳолининг уй-жой билан боғлиқ масалаларини ҳал қилиш мақсадида, келгуси беш йилда жами 18 минг хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади, уй-жойга муҳтож 3 мингта эҳтиёжманд оилага 120 миллиард сўм субсидиялар ажратилади. Шароф Рашидов, Зомин, Ғаллаорол, Бахмал, Пахтакор ва Фориш туманларида эҳтиёжга қараб 6 минг хонадонли кўп қаватли уйлар, мактаб, боғча, шифохона, савдо маркази каби объектлардан иборат Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилади.
Шу билан бирга, Жиззах шаҳри аҳолиси бугунги кунда 180 мингдан ошиб, келгуси беш йилда 230 мингга етиши кутилмоқда. Лекин, шаҳарнинг инфратузилмаси 50 йил ичида анча эскириб, ҳали ҳам 50 минг аҳолига мўлжалланган десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Шу боис, шаҳарнинг қиёфасини, инфратузилмасини тубдан яхшилаш, аҳоли ва тадбиркорлар учун муносиб шароит яратиш бўйича алоҳида дастурни амалга оширамиз.
Бунда, энг аввало, Жиззах шаҳрида 10 минг хонадонга мўлжалланган, барча ижтимоий ва иқтисодий инфратузилмага эга “Янги Ўзбекистон шаҳарчаси” ва кичик саноат зонаси барпо этилади. Мавжуд 34 та маҳаллага 70 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 534 та кўп қаватли эски уйларнинг барчаси таъмирланади. Ичимлик суви ва канализация тизимини ривожлантириш бўйича 80 миллион долларлик лойиҳа якунланиб, марказлашган ичимлик суви қамрови 100 фоизга, оқова сув хизматлари – 90 фоизга етказилади.
Шаҳарнинг иссиқлик таъминотини яхшилаш бўйича ҳам махсус дастур амалга оширилади. Темирйўлчилар кўчасида 700 метрлик йўл ўтказгич қурилиб, темирйўл кесишмаларидаги транспорт тирбандлиги билан боғлиқ масала узил-кесил ҳал этилади. 50 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи”, 25 гектарда “яшил майдонлар” барпо этилади, шаҳарда йилига камида 100 минг туп мевали ва манзарали дарахтлар экилади.
Умуман олганда, келгуси беш йилда Жиззах вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 45 триллион сўм ажратилади ва 230 мингга яқин иш ўринлари яратилади”, деди президентликка номзод.
Мавзуга оид
09:00 / 13.11.2024
1,1 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган цех аниқланди
09:25 / 06.11.2024
Жиззахда қарийб 800 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган фуқаро аниқланди
08:30 / 28.10.2024
Жиззахда иккита юк машинаси тўқнашди
22:09 / 14.10.2024