Жаҳон | 18:36 / 24.10.2021
8080
2 дақиқада ўқилади

Колумбиядаги энг йирик жиноий гуруҳ етакчиси қўлга олинди

Колумбия ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг энг йирик жиноятчиларидан бири, оғуфуруш Диро Антонио Усугани қўлга олди. “Отониэл” лақабли жиноятчи мамлакатдаги энг йирик жиноий гуруҳ “Кўрфаз клани”га етакчилик қилган.

Фото: EPA/Vostock-photo

Усуганинг қўлга олинганини мамлакат президенти Иван Дуке Маркес ўз телемурожаатида маълум қилган. У жиноятчининг ушланишини 1990-йилларда колумбиялик йирик оғуфуруш Пабло Эскобарнинг қўлга олинишига ўхшатган.

Наркобаронни ушлаш бўйича махсус амалиётни ҳарбийлар, полиция ва ҳарбий-ҳаво кучлари биргаликда амалга оширган. Аввалроқ уни ҳибсга олишга барча уринишлар муваффақиятсиз кечган. Колумбия ҳукумати “Отониэл”ни қўлга олишга ёрдам берадиган ахборот учун 3 млрд песо (800 минг доллар), АҚШ эса 5 млн доллар таклиф қилган.

50 ёшли Усуга ўз акаси, “Кўрфаз клани”нинг собиқ етакчиси полиция амалиёти вақтида ўлдирилгандан кейин унинг ўрнини эгаллаган. Ушбу жиноий гуруҳ Колумбияда энг кучлиси ҳисобланиб, АҚШ уни “яхши қуролланган ва ўта шафқатсиз” ташкилот деб таърифлайди.

Гуруҳ гиёҳвандфурушлик, одам савдоси, ноқонуний олтин қазиб олиш ва товламачиликлар билан шуғулланади. Унинг таркибига 1800 га яқин жангари киради.

Таъкидланишича, жиноий тўда Колумбиядан бошқа давлатларга, жумладан АҚШ ва Россияга гиёҳванд моддалар етказилиши каналларини назорат қилади. Усуга Вашингтон томонидан ҳам қидирувга берилганди, у АҚШга экстрадиция қилиниши ҳам мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид