Ўзбекистон | 18:52 / 24.10.2021
17953
3 дақиқада ўқилади

«Оилавий» овоз бериш ҳолатлари ҳамон учрамоқда — Баҳром Қўчқоров

МСК раиси ўринбосари айрим сайлов участкаларида «оилавий» овоз бериш ҳолатлари учраётганини тасдиқлади. 519-сайлов участкасида олинган видеолавҳа ҳам таҳлил қилинган, ўрганиш натижалари прокуратурага юборилган.

Фото: Марказий сайлов комиссияси

Айрим сайлов участкаларида «оилавий» овоз бериш (оиланинг бир аъзоси бошқа қариндошлари учун ҳам овоз бериши ҳолати, бу қонун билан тақиқланган) ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда брифинг чоғида Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров маълум қилди.

«Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов куни ўтказилган мониторинг натижалари баъзи сайлов участкаларида оилавий овоз бериш ҳолатлари қайд этилганини кўрсатмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, кўрилган кенг тарғибот ва ташвиқот ишларига қарамасдан ушбу салбий амалиётдан ҳали-ҳануз тўлақонли воз кеча олмаганимизни кўрсатмоқда. Шунинг учун барча фуқаролардан «Бир сайловчи – бир овоз» тамойилига қатъий риоя қилишларини яна бир бор сўраб қоламиз», деган Баҳром Қўчқоров.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги 519-сайлов участкасида олинган видеоёзув тарқалган эди. Унда сайловга ўғли билан келган эркак қўлида икки паспортни тутганича овоз бериш учун рўйхатдан ўтаётгани, айни вақтда участка сайлов комиссияси аъзолари уни огоҳлантирмаётгани акс этган. Шундан сўнг эркак ва бола бюллетенни тўлдириб, овоз бериш урнасига борган.

Фото: Makon / Telegram

«Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссиялари билан ҳамкорликда бутун сайлов жараёнини мониторинг қилиб, ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган хабарлар, фотосуратлар ва видеороликларни ўрганиб бормоқда. 519-сайлов участкасида олинган видеоёзув ҳам таҳлил қилинди. Ўрганиш натижаларига кўра тўпланган маълумотлар прокуратура органларига топширилди», дея МСК раиси ўринбосари сўзларини келтиради Gazeta.uz.

У Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон сайлов амалиётида «оилавий» овоз бериш иллати тўлиқ барҳам топиши учун бундан кейин ҳам тизимли чоралар кўришига ваъда берди. «Сайлов натижаларини сохталаштиришга қарши курашнинг энг самарали йўли — бу жамоатчилик назоратидир», дея қайд этади Қўчқоров.

МСК маълумотига кўра, соат 17:00 га қадар Ўзбекистон бўйича жами сайловчиларнинг 71,8 фоизи ёки 14 млн 258 минг киши овоз берди.

Энг фаол сайловчилар Андижон (77,1) Бухоро (75,2) ва Фарғона (74,2) вилоятларида кузатилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Тошкент вақти билан 15:00 ҳолатига сайловда қонунбузарлик ҳолатлари юз бергани бўйича маълумот келиб тушмаганини маълум қилганди.

Мавзуга оид