Жаҳон | 17:16 / 25.10.2021
6810
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпи очарчилик ёқасидалиги айтилди

Мамлакатда очарчилик ёқасида турган аҳоли сони шу йилнинг апрелидагига нисбатан 37 фоизга ошган.  

Фото: РИА Новости

Афғонистон аҳолисининг ярмидан кўпи (39 млн кишидан 22,8 млн нафари) ноябрдан мартга қадар “инқирозли” ёки “фавқулодда” озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келади. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Жаҳон озиқ-овқат дастури экспертлари ана шундай хулосага келди.

Қурғоқчилик, қуролли низо, COVID-19 пандемияси ва иқтисодий инқироз афғонистонликлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатган.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, Афғонистонда очарчилик ёқасида турган аҳоли сони шу йилнинг апрелидагига нисбатан 37 фоизга ошган.

Йил охиригача тўйиб овқатланмасликдан 3,2 млн нафар беш ёшдан кичик болалар азият чекиши мумкин, агар зудлик билан зарур ёрдам кўрсатилмаса, уларнинг 1 млн нафарга яқини вафот этиши мумкин.

“Биз ваъдалар билан одамларнинг қорнини тўйдира олмаймиз: ваъдалар ҳақиқий пулга айланиши керак ва халқаро ҳамжамият бу инқирозни биргаликда ҳал этиши лозим”, – деди Жаҳон озиқ-овқат дастури ижрочи директори Дэвид Бизли.

Афғонистон аҳолисига ёрдам бериш учун ойига 220 млн долларга яқин маблағ талаб қилинади. Қайд этилишича, Жаҳон озиқ-овқат дастури 2021 йил бошидан буён 10,3 млн нафарга яқин афғонистонликларга ёрдам кўрсатган.

Мавзуга оид