Жаҳон | 22:11 / 25.10.2021
20702
7 дақиқада ўқилади

Суданда яна давлат тўнтариши. Асосий маълумотлар

Мамлакатда интернет ўчириб қўйилган, телевизорда ватанпарварлик руҳидаги мусиқалар янграмоқда, бош вазир ҳибсга олинган.

Reuters / Scanpix / LETA

Судан ҳарбийлари ўтиш даври фуқаролик ҳукумати аъзоларини, шу жумладан бош вазирни қамоққа олишди ва мамлакатда фавқулодда ҳолат режимини эълон қилишди. Судан Суверен кенгаши раҳбари, генерал Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон телевидение орқали қилган мурожаатида турли сиёсатчилар қарама-қаршилиги ҳамда зўравонликка чақириқлар туфайли шундай йўл тутишга мажбур бўлганини маълум қилди.

Мамлакат пойтахти Хартум шаҳри кўчаларига намойишчилар чиқишган, отишмалар бошланган.

BBC нинг Араб хизмати корреспонденти Муҳаммад Усмон Хартумдан хабар қилишича, кўп сонли намойишчилар фуқаролик ҳукуматини қайтаришни талаб қилишмоқда, намойишлар бошқа шаҳарларга, жумладан Атбар, Вад-Медани ва Порт-Суданга ёйилган.

Сиёсий партиялар ва касаба-уюшмалари ҳам одамларни намойишларга чорлаган, мухбирнинг хабар қилишича, намойишлар кўлами кенгайиши кутилмоқда.

Reuters

«Фуқаролик ҳукумати қайтиб, ҳокимиятни топшириш бошланмагунча биз кўчалардан кетмаймиз», деган намойишга чиққанлардан бири Савсан Башир «Франс-пресс» мухбирига.

«Биз Судандаги демократик ўзгаришлар учун ҳаётимизни беришга тайёрмиз», деган бошқа бир намойишчи Ҳайтам Муҳаммад.

Ҳарбийларнинг ваъдалари
Ал-Бурҳон Судан халқаро шартномаларга содиқ қолиши ва маълум вақтдан кейин мамлакат фуқаролик бошқарувига қайтиши мумкинлигини ваъда қилган - бу 2023 йил июлига белгиланган сайловлардан кейин рўй бериши мумкин.

«Биз ҳокимиятни сайланган фуқаролик ҳукуматига топширганимизда, қуролли кучлар демократияга ўтиш жараёни якунланишига тўсқинлик қилмаслигини кафолатлаймиз. Ҳозирда мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ёшларнинг орзу-умидларига, қиёфаси аллақачон шакллана бошлаган миллат қурилиши бўйича умидларга жиддий хавф солмоқда», деган генарал.

Душанба куни тонгида ҳарбийлар бош вазир Абдулла Ҳамдук ва вазирлар кабинетининг аксар аъзоларини ҳибсга олишди. Аввалроқ Al Hadath телеканали ўз манбасига асосланган ҳолда Ҳамдук уй қамоғига олингани ҳақида хабар берганди. Хабар қилинишича, у ҳарбийларнинг ҳаракатини қўллаб-қувватлаб баёнот беришдан бош тортган. Канал маълумотига кўра, армия нафақат вазирларни, балки ҳукумат кенгаши аъзоларидан бирини, бир неча штатлар губернаторларини ва сиёсий партиялар раҳбарларини ҳам қамоққа олган.

GETTY IMAGES

Айни вақтда Ҳамдук тарафдорлари қўлида қолаётган Судан ахборот вазирлиги рўй берган ҳодисани ҳарбий давлат тўнтариши деб атади ва фуқаролардан қаршилик кўрсатиш сўралди. Al Arabiya телеканали хабарига кўра, уй қамоғидаги бош вазирнинг ўзи ҳам одамлар инқилобни тинч йўл билан ҳимоя қилиш учун кўчаларга чиқиши кераклигини айтган. Судандаги асосий демократик гуруҳлар ҳарбий тўнтаришга қаршилик кўрсатишга чақирмоқда.

«Биз охирига қадар демократияни ҳимоя қиламиз. Бурҳон бизни алдай олмайди. Бу ҳарбий давлат тўнтариши», деган Reuters мухбирига намойишчилардан бири, 21 ёшли Аҳмад.

Ахборот вазирлиги маълумотига кўра, ҳокимият куч билан эгаллаб олинишига қарши намойишларга ўн минглаб кишилар чиққан. Судан пойтахти Хартум марказида армия раҳбарияти қароргоҳ қилган бино атрофида отишма овозлари эшитилган. Шифокорлар маълумотларига кўра, тўқнашувлар вақтида камида 12 киши яраланган, бошқа тафсилотлар ҳозирча маълум эмас.

Хартумга қуролли кучлар ва ҳарбийлашган бўлинмалар киритилган, гувоҳларнинг хабарларига кўра, улар фуқароларнинг шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатини чекламоқда, бу вақтда миллий байроқларни кўтарган намойишчилар шаҳарнинг турли қисмларида шиналарни ёқиб баррикадалар ўрнатишган.

Гувоҳларнинг хабарига кўра, Хартумда интернет ишламай қолган, шу туфайли Суданда нималар бўлаётгани тўғрисида хабарларни олиш қийинлашмоқда. Хабарларга кўра, ҳарбийлар Омдурман шаҳридаги асосий телерадиомарказни қамал қилиб эгаллашган, қатор ходимлар ҳибс қилинган.

Al Arabiya телеканали хабар қилишича, пойтахт аэропорти ёпилган, унга олиб борувчи йўллар ҳарбийлар томонидан тўсиб қўйилган, халқаро рейслар тўхтатилган.

Демократик кучларни қўллаб кўчаларга чиққан аҳоли / AFP

АҚШ Судандаги ҳарбий давлат тўнтариши тўғрисидаги хабарлардан ташвишда эканини маълум қилган. АҚШнинг Африка Шохи минтақасидаги махсус вакили Жеффри Фелтман твиттердаги саҳифасида ҳокимият ҳарбий йўл билан эгаллаб олинганига тоқат қилиб бўлмаслигини айтиб, бу ҳаракат АҚШнинг Суданга инсонпарварлик ёрдамлари етказиб бериши жараёнига хавф солишини маълум қилган. Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Карин Жан-Пьер АҚШ Судан ҳарбийларини ҳибсга олинган юқори мартабали амалдорларни озодликка чиқаришга чақиришини таъкидлади.

Хартум кўчаларида, 25 октябрь

Араб давлатлари лигаси ҳам Судандаги воқеалардан хавотир билдирди. Лига бош котиби Аҳмад Абул Гейт Судандаги томонларни ўтиш даври бўйича аввал имзоланган келишувларга риоя этишга чақирган. Судан - Араб давлатлари лигаси аъзоси ҳисобланади.

Ўз навбатида Африка иттифоқи Судандаги воқеалар туфайли мамлакатнинг ташкилотдаги аъзолигини тўхтатишга қарор қилди.

Ташкилот Суданнинг аъзолигини иккинчи марта тўхтатмоқда. Биринчи марта бу 2019 йилда юз берганди. Ўшанда ҳам Суданда ҳарбий тўнтарув амалга оширилиб, мамлакатни 26 йил бошқарган президент Умар ал-Башир ҳокимиятдан четлатилиб, ҳибсга олинганди. Ўшанда ҳокимият тепасига ҳарбийлар келган ва улар бир ойдан кейин мухолифат билан 3 йилга ўтиш ҳукуматини ташкил этишга келишиб олганди.

Судандаги инқироз

Армия Судан ҳукуматини ҳарбийлар ва фуқаролик ўтиш даври ҳукумати ўртасидаги кескинлик ортиши фонида рўй берди. 2019 йил апрелида Умар ал-Башир бир неча ой давом этган намойишлардан кейин ҳокимиятдан ағдарилгач, икки томон ҳамкорликда мамлакатни бошқариб келаётганди.

Ўтган ҳафтада минглаб кишилар демократик ҳукуматни қўллаб-қувватлаган ҳолда намойишга чиққанди / GETTY IMAGES

2019 йил декабрида Умар ал-Башир коррупция ва чет эл валютасига ноқонуний эгалик қилгани учун икки йил муддатга ахлоқ тузатиш колониясига маҳкум қилинди. У ҳокимиятдан туширилгач, уйидан 130 миллион доллар пул солинган жомадонлар топилганди. Унинг истеъфосидан кейин ҳарбийлар ва мухторият мамлакатда уч йил муддатга ўтиш даврини жорий қилишга келишиб олган, келишувга кўра мамлакатда 2023 йил охирида сайловлар ўтказилиши керак эди.

Сентябрь ойига келиб инқироз кучайди, ал-Башир тарафдорлари давлат тўнтариши амалга оширишга уриниб кўришди.

Октябрда демократик кучларнинг мухолифлари Хартумда кўчаларга чиқиб, армияни мамлакатда назоратни қўлга олишга чақирди, ўтган ҳафтада эса пойтахтда фуқаролик ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун ўн минглаб кишилар иштирокида намойишлар ўтказилди.

Сўнгги ойларда муваққат ҳукуматни қўллаш даражаси кескин пасайиб кетган, бунга Судан иқтисодиёти оғир аҳволга келиб қолгани сабаб бўлган.

GETTY IMAGES

Мавзуга оид