Жаҳон | 23:29 / 27.10.2021
5780
2 дақиқада ўқилади

General Motors даромади чиплар тақчиллиги сабабли 40 фоизга қисқариб кетди

Фото: GM

27 октябрда АҚШнинг энг йирик автомобил компанияси General Motors 3-чорак учун молиявий ҳисоботни тақдим қилди. Унга кўра, компаниянинг ушбу чоракдаги даромади 40 фоизга қисқариб, 2,4 млрд долларни, тушуми эса 25 фоизга қисқариб, 26,8 млрд долларни ташкил қилган.

Ушбу натижалар таҳлилчилар тахмин қилгандан бироз яхшироқ бўлган, шунга қарамай, компания акциялари ҳисобот эълон қилингандан кейин 5 фоизга арзонлашган.

Бошқа автомобилсозлик компанияларидаги каби бундай салбий натижаларга ҳозирда дунёда кузатилаётган микрочиплар тақчиллиги сабаб ҳисобланади. GM’нинг 3-чоракда автомобил савдоси ҳажми 2020 йил 3-чорагига нисбатан деярли 1,5 марта камроқ бўлган ва 423 мингта автомобилни ташкил қилган.  

Ўтган ҳафта Франциянинг Renault компанияси чиплар тақчиллиги сабабли жорий йилда режалаштирилгандан 500 мингта автомобил камроқ чиқариши мумкинлигини маълум қилганди. AlixPartners консалтинг компанияси прогнозларига кўра, чиплар етишмовчилиги жаҳон автомобил саноатининг 210 млрд долларлик тушумдан айрилишига олиб келади.   

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид