Ўзбекистон | 12:10 / 27.10.2021
7930
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлараро автобус қатновини тиклади

Тошкент –  Хўжанд – Тошкент халқаро автобус йўналишида мунтазам қатновлар қайта тикланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар бермоқда.

Ушбу йўналишда мунтазам автобус қатновлари ҳар куни амалга оширилади. Ўзбекистон томонидан ташувчи «Uzautotrans service» корхонаси «Yutong» русумли автобусларида йўловчиларга хизмат кўрсатади.

Тожикистон томонидан эса ташувчи «Холдинг Азия Групп Таджикистан»га қарашли «Vanholl» русумли автобуслар ушбу йўналишда ҳаракатланади.  

Автобуслар соат 09:00 ва 18:00да Тошкент автовокзалидан жўнайди. Тошкентдан Хўжандгача йўлкира ҳақи 100 000 сўм этиб белгиланган. 

Аввалроқ, Тожикистон Ўзбекистон шаҳарларига автобуслар қатновини тиклаётгани, 18 октябрдан Хўжанд–Тошкент, 20 октябрдан эса Панжикент–Самарқанд–Бухоро йўналишлари бўйича яна автобус қатнай бошлаши хабар қилинганди.

Asiaplustj.info нашрига кўра, қайта тикланаётган Хўжанд–Тошкент автобус йўналишида йўлкира нархи 100 сомоний этиб белгиланган. Ушбу йўналишга икки қаватли замонавий автобуслар қўйилган бўлиб, улар Тошкент ва Хўжанд шаҳарларига ҳар куни қатнайди. Талаб ошиб борган тақдирда қатнов кунига 2-3 марта ташкил этилиши мумкин. 

Йўловчилардан чегарада хорижга чиқиш паспорти ҳамда коронавирусга қарши вакцина олганлик ҳақидаги сертификат талаб этилади. Бундай сертификати бўлмаган йўловчилар эса экспресс-тест топширишларига тўғри келади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид