Жамият | 20:41 / 27.10.2021
28179
4 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева: “ОТМда талаба қизларга нисбатан шилқимлик – жиддий муаммо”

Жамоатчилик хабар топаётган бундай воқеалар – денгиздан томчи, деди Саида Мирзиёева талаба қиз декан ўринбосари тажовузига учрагани айтилаётган воқеага муносабат билдириб. “Айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт”, таъкидлади у.

Фото: Масс-медиа фонди

Гендер тенгликни таъминлаш бўйича республика комиссияси аъзоси, Миллий масс-медиа фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Тошкент давлат педагогика университетида талаба қиз декан ўринбосари томонидан аввалига тегажоғликка учраб, сўнг 2-қават деразасидан итариб юборилгани айтилаётган ҳолатга муносабат билдирди.

“ОТМда талаба қизларга нисбатан харассмент (шилқимлик) – жиддий муаммо, Педагогика университети талабаси билан шу кунларда содир бўлган воқеа бунинг яққол далилидир”, – дея ёзди Мирзиёева ўз Telegram-каналида.

У жамоатчилик мазкур воқеадан Nemolchi.uz лойиҳаси орқали хабар топганига эътибор қаратди.

“Менимча, қиз-аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бундай ОАВ фаолияти – катта муваффақият ҳамда адолатсизлик ва cексизмга тоқат қилишни истамайдиганларнинг сўнгги умидидир. Фонд ушбу йўналишда фаолият юритаётган бундай оммавий ахборот воситаларини олқишлаши ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашини таъкидламоқчиман.

Лекин жамоатчиликка ошкор этилаётган бу каби ҳолатлар денгиздан томчи эканини барчамиз англаб турибмиз. Албатта, бу ҳақда очиқ гапиришга жазм қилган қизларнинг жасорати ва қатъияти таҳсинга сазовор. Бироқ тазйиқ ва ноҳақлик ҳақида баралла гапира олмай, дард-у ҳасратини машъум кабинетлар ҳамда хотирасининг узоқ бурчакларига дафн этганлар қанча! Жабрдийданинг ўзини айблаб, тергов “ёпти-ёпти” қилиб юборилган ҳолатлар қанча! Қанчадан-қанча жиноятчилар ожизани муросага кўндиргани ёки қўрқитиб қўйгани учун сувдан қуруқ чиққан?

Фото: Nemolchi.uz

Айни кунларда бу ҳақда тинимсиз ўйлаяпман. Биз бу борада Сенат, Бош прокуратура, ИИВ ва ОАВнинг ҳаракатини бирлаштирадиган йирик лойиҳага муҳтожмиз. Айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт. Зўравонлик қурбонлари уларнинг нидосини эшитадиганлар ва ёрдам берадиганлар борлигига ишончи комил бўлиши, зўравонлар эса жазо муқаррар эканлигини англаши зарур.

Шунда нафақат ўқишдан ҳайдаш ёки бошқа баҳоналар билан ОТМ талаба қизларига таҳдид қилишга, балки исталган бошқа жойда ҳам лавозим ва мавқейини суиистеъмол қилиш билан қонунни бузишга йўл қўйилмайди”, – дея таъкидлади Саида Мирзиёева.

Таъкидлаш керак, Ички ишлар вазирлиги мазкур воқеа жамоатчиликка ошкор бўлганидан кейингина бу ҳақда ахборот берди. Расмий хабарда гумондор қачон қўлга олингани айтилмаган:

“Жорий йилнинг 18 октябрь куни тахминан соат 16.00 ларда 1984 йилда туғилган Ю.Бағибек ўзининг хизмат хонасида 2001 йилда туғилган К.Муштарибонунинг номусига тегмоқчи бўлганда ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда жиноий қилмишини охирига етказа олмаган. Сўнг жиноятини яшириш мақсадида К.Муштарибонуни деразадан пастга итариб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ю.Бағибекка нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда”, – дейилади ИИВ ахборотида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2-қаватдан итариб юборилаётгани айтилган талаба қизнинг аҳволи қониқарли экани, бироқ бир нечта суяклари синганини маълум қилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан “қатъий ташкилий ва интизомий чоралар” кўрилишини билдирди.

Ҳолатни Тошкент шаҳар прокуратураси ҳам ўрганмоқда, ўрганиш якунлари ҳақида ахборот берилиши маълум қилинган.

Мавзуга оид