Фан-техника | 19:52 / 28.10.2021
15599
2 дақиқада ўқилади

Mercedes-Benz электромобили ҳавони тозаловчи машинага айлантирилди 

Mercedes-Benz компанияси eSprinter электромобили негизида яратилган ҳавони тозаловчи машина Sustaineer’ни тақдим этди.

Фото: Mercedes-Benz

Бутловчи қисмларининг бир қисми қайта ишланган материаллардан ясалган концепт-кар ҳавони тозаловчи фильтрлар тизими ва томда ўрнатилган қуёш панели билан жиҳозланган.

Машинанинг фильтрловчи тизими атроф-муҳитни қаттиқ ва майда зарралардан тозалайди. Фильтрлар ечилади ва бир йилда бир марта алмаштиришни талаб қилади. Машинада ўрнатилган датчиклар атроф-муҳит ифлослангани даражасини аниқлашга имкон беради.

Биринчи фильтр машинанинг орқа ўқи атрофида жойлашган. У машина ва бошқа транспорт воситалари юраётганда ҳавога кўтариладиган зарраларни ушлаб қолиб, ташқарига тозаланган ҳаво чиқаради. Иккинчи фильтр олд томонга ўрнатилган ва ичкарига тортувчи вентилятор билан биргаликда ишлайди. У электромобил бир жойда турганда ҳавони майда зарралардан тозалашга мўлжалланган.

Машина Mann+Hummel компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва келгусида серияли ишлаб чиқарилиши мумкин.

Қуёш панели эса машинага қуёшдан олинадиган энергия ҳисобига йилига бир неча минг километр кўпроқ юриш имконини беради. У машина ўчиқ бўлганда ҳам уни қувватлайди. Бу эса машина батареяларини қайта қувватлашга эҳтиёжни камайтиради. Қуёш панели ёрдамида олинган электр энергиядан ноутбук каби қурилмаларни ишлатишда фойдаланиш мумкин.

Мавзуга оид