Жаҳон | 22:09 / 28.10.2021
4837
3 дақиқада ўқилади

Россияда бир суткада 40 мингдан ортиқ кишида коронавирус аниқланди

Суткалик ўлим ҳолатлари учинчи кундирки максимум кўрсаткични янгиламоқда.

Фото: РИА Новости

Россияда охирги суткада коронавирус юқтириш билан боғлиқ 40 096та ҳолат қайд этилди. Коронавирусга қарши курашиш бўйича штаб маълумотига кўра, 1 159 нафар бемор вафот этди. Ҳар икки кўрсаткич пандемия даври учун рекорд ҳисобланади.

Суткалик ўлим ҳолатлари учинчи кундирки максимум кўрсаткични янгиламоқда. Кеча 1123та, сешанба куни 1106та ўлим қайд этилганди, бунгача эса максимум кўрсаткич шанба куни бўлди – 1075та ўлим. Мамлакатда ўн кундан бери мингдан ортиқ ўлим ҳолатлари юз бермоқда.

Энг кўп вафот этганлар Москвада - 95 киши (бу 27 июлдан буён энг юқори кўрсаткич), Петербургда 70 киши вафот этди (чоршанба куни 74 киши). Штаб пандемия даврида коронавирусдан вафот этганлар сонини 235 057 киши деб баҳоламоқда. Аввалроқ Росстат пандемия бошланганидан буён мамлакатда Covid-19 инфекциясига чалинган 400 мингдан ортиқ бемор вафот этганини билдирганди.

Касаллик юқиш ҳолатлари сентябрда ўса бошлади ва кейинги ойда кескин кучайди. 14 октябр куни илк бор бир суткада 30 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилди. Бунгача энг юқори кўрсаткич 2020 йил 24 декабрда кузатилганди - 29 935та ҳолат.

Штаб маълумотига кўра, энг кўп ҳолатлар Москвага тўғри келмоқда – бир суткада 8440та янги ҳолат қайд этилди.  

Москвада 8 мингдан ортиқ ҳолат ёз бошларида аниқланган, 19 июн куни 9 120та ҳолат қайд этилганди. Сўнгра  касаллик юқиши камайиб, 1 сентябрда 1229 кишида инфекция аниқланганди. 

Москвадан кейинги ўринларда Петербург (3 186 ҳолат) ва Москва области (2 639 ҳолат) турибди. Нижегородск ва Свердловск областларида ҳам касаллик юқиши ва ўлим ҳолатлари юқори даражада.

Ҳукумат вазиятнинг бундай тус олишини аҳолининг эмланишни истамаётгани билан изоҳламоқда.  

Россияда тўлиқ эмланган аҳоли улуши жуда пастлигича қолмоқда - Our World in Data маълумотига кўра, 23 октябр ҳолатига бу кўрсаткич 32,8 фоизни ташкил этди.

28 октябр куни Москва, Москва области ва яна тўрт регионда ишланмайдиган кунлар даври бошланди. 

Москвада инфратузилма ишлашини таъминлайдиган ва тўхтовсиз циклда ишлайдиган корхоналардан ташқари барча компания ва ташкилотлар фаолиятини тўхтатади. Фақат озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналар ҳамда театр ва музейлар ишлаши мумкин (QR-кодлар билангина).

Гўзаллик, косметика, спа ва массаж салонлари, солярийлар, ҳаммом ва сауналар, спорт мажмуалари, фитнес-клуб ва бассейнлар, кимёвий тозалаш, кир ювиш корхоналари, маиший хизмат ташкилотлари ва автосервислар ишламайди.

Мактаб ўқувчилари 7 ноябргача таътилга чиқди, болалар боғчаларида эса навбатчи гуруҳлар ташкил этилади. Шифохона ва поликлиникалар режали тиббий ёрдам кўрсатишда давом этади, аммо стоматологга фақат ўта зарур ҳолларда мурожаат қилиш мумкин бўлади. 

Пайшанбадан Хакасияда Россиядаги энг қатъий локдаун бошланди – шаҳарларда жамоат транспорти фаолияти тўхтатилди, соат 22:00дан комендантлик соати эълон қилинди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид