Ўзбекистон | 16:51 / 28.10.2021
40191
10 дақиқада ўқилади

Хориждаги ўзбек мигрантлари Ўзбекистонда солиқ тўлаши керакми? Ҳуқуқий таҳлил

Канададаги Нью Брансвик университетининг солиқ ҳуқуқи профессори Воҳиджон Ўринов Kun.uz'га тақдим этган мақоласида депутат Алишер Қодировнинг чет элдаги ватандошлар даромадини солиққа тортиш ҳақидаги таклифини таҳлил қилади.

Канададаги Нью Брансвик университетининг солиқ ҳуқуқи профессори Воҳиджон Ўринов
Фото: DDTC News

Бир депутатнинг ўзбек мигрантлари чет элда топган даромадлари бўйича Ўзбекистонда солиқ тўлаши керак деган таклифи ижтимоий тармоқларда қизғин мунозарага сабаб бўлди. Бу каби фикрлар аввал ҳам бўлган, лекин бу сафар фикрнинг Олий Мажлис депутати, яъни қонун чиқарувчи ташкилот вакили томонидан билдирилгани хорижда яшаб меҳнат қилаётган кўплаб ўзбек мигрантларини хавотирга солди.

Тўғри, депутатнинг гапига мутахассислар ва ҳатто президент ўз муносабатини билдирди, бироқ масаланинг ҳуқуқий қирралари ёритилмай қолди.

Бу таклифга солиқ қонуни нима дейди ва ҳуқуқий жиҳатдан келажакда бундай тизимнинг жорий этилиши эҳтимоллари қандай? Мутахассис сифатида баҳо беришга ҳаракат қиламан.

Солиқ қонуни нима дейди? Алижон мисоли

Мисол: тасаввур қилинг, Алижон исмли қўшнингиз бор. У 2019 йил апрел ойидан бўён Россияда ишлаб юрипти. Алижон Ўзбекистонда қолган оиласининг асосий боқувчиси – уйига пул юбориб туради. У оиласининг иқтисодий ҳолатини бироз яxшилаб ҳамда ўзига озгина сармоя жамғариб, сўнг Ўзбекистонга қайтиш ниятида.

Хўш, Алижон Ўзбекистон Республикасининг амалдаги солиқ қонуни бўйича ўзининг Россияда топган даромадлари бўйича Ўзбекистонда солиқ тўлаши керакми?

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги солиқ қонунчилигига кўра, фуқаро йил мобайнида Ўзбекистон солиқ резиденти ҳисобланса, у ўзининг жами даромадлари бўйича Ўзбекистонда солиқ тўлаши кераклиги белгилаб қуйилган (Солиқ кодекси 366-модда). Жами даромадлар тушунчаси кенг бўлиб, одатда бу фуқаронинг мамлакат ичида ва мамлакат ташқарисида олинган даромадларини ўз ичига олади (368-модда).

Савол: кимлар Ўзбекистон Республикаси солиқ резиденти ҳисобланади? Юқоридаги мисолимизда келтирилган Алижон Россияда бўлган даврида Ўзбекистон солиқ резиденти деб ҳисобланиши мумкинми? Ҳал қилувчи савол шу ва унга қисқача жавоб – “йўқ”.

Ўзбекистон солиқ қонунчилигига кўра, йил бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет 12 ой давр мобайнида 183 кундан кўпроқ Ўзбекистонда ҳақиқатда бўлган фуқарогина солиқ резиденти деб эътироф этилади (30-модда).

Бошқача айтадиган бўлсак, агар фуқаро муайян солиқ даври давомида умумий 6 ойдан кам муддат Ўзбекистонда яшаган бўлса, у ўз-ўзидан ўша давр учун Ўзбекистон Республикаси солиқ резиденти ҳисобланмайди, балки ўша йил учун у қонунчиликка асосан норезидент деб эътироф этилади (30-модда).

Cолиқ резиденти ҳисобланмаган шаxсни эса хорижда топган даромадлари бўйича Ўзбекистонда солиққа тортиш мумкин эмас (364-модда). Фуқаролар учун солиқ даври бу календар йилига тўғри келади (384-модда).

Бу қоидалар Алижон Ўзбекистонга доимий қайтиб келгунга қадар ёки унинг ўзи Ўзбекистонда солиқ идораларига ариза билан мурожаат қилиб уни резидент деб топишларини сўрамагунча амал қилади (30-модда). У ушбу давр учун Россия Федерацияси солиқ резиденти ҳисобланади. Чунки у йилнинг асосий қисмини ёки тўлиқлигича ўша ерда ўтказди.

Ушбу қоидаларнинг мантиғи жуда оддий: Алижон йилнинг кўп қисмида (6 ойдан кўп муддат) хорижий давлатда (Россияда) бўлар экан, у асосан ўша давлатда солиқлар ҳисобига яратилган ижтимоий ва иқтисодий шароитлардан ва хизматлардан фойдаланади (ўша давлатда яратилган иш ўринларида ишлайди, йўлларида юради, ўша ердаги ижтимоий ва тиббий ҳизматларидан фойдаланади). Табийки, ўша давр мобайнида топган даромадлари бўйича ўша давлат (Россия) солиққа тортишга асосли равишда даъвогарлик қилади.

Алижоннинг Россияда топган даромадлари Ўзбекистонда ҳам солиққа тортилиши бир даромадни икки маротаба солиққа тортилишига олиб келади. Бу эса ижтимоий адолат, солиқ ҳуқуқи ва халқаро солиқ тамойилларига зиддир.

Лекин Алижон Россияда яшаб фаолиятини олиб бораётган даври мобайнида Ўзбекистонда ҳам даромадга эга бўлса, масалан, Ўзбекистондаги мулкини ижaра берган бўлса, ушбу ижaра даромади бўйича Ўзбекистонга солиқ тўлайди.

Солижон мисоли

Тескари мисол: Солижон деган йигит бор экан, у 6 ойдан кўп муддат Ўзбекистонда яшаб, фаолият олиб боради. Яъни Алижондан фарқли ўлароқ, Солижон вақти-вақти билан xизмат сафарлари ва бошқа мақсадларда хорижга чиқиб турса-да, кўпроқ Ўзбекистонда яшайди, иш жойи ҳам шу ерда. У хорижий давлат банкларида депозитларга, хорижий компанияларда сармояларга ва бир нечта кўчмас мулкларга эга.

Юқорида қайд этилган Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилигидаги қоидаларга таяниб айтадиган бўлсак, Солижон ҳар йили 6 ойдан кўп муддат Ўзбекистонда бўлгани учун, Ўзбекистон Республикаси солиқ резиденти ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон ичида ва ундан ташқаридаги манбалардан олган даромадлари буйича Ўзбекистон Республикасида солиқ тўлаши керак бўлади.

Агар Солижон чет эл манбаларидан топган даромадлари буйича хорижда ҳам даромад солиғи тўлаган бўлса, бундай солиқлар миқдори унинг Ўзбекистон Республикасидаги солиқ мажбурияти миқдорини аниқлашда ҳисобга олинади ва ундан айириб ташланади (399-модда). Демак, у Ўзбекистонда ушбу солиқлар миқдори ўртасидаги тафовутни тўлайди.

Кўриб турганингиздек, иккинчи мисолимиздаги қаҳрамонимиз Солижоннинг ҳолати Алижондан фарқ қилади.

Авваламбор, Алижондан фарқли ўлароқ, у Ўзбекистонда кўпроқ яшади, Ўзбекистон солиқ резиденти ҳисобланди ва чет элдаги манбалардан топган даромади бўйича Ўзбекистонда солиқ тўлаши керак. Бунда ҳам мантиқ ўша: Солижон ушбу давр мобайнида Ўзбекистонда яшаб, ундаги асосан солиқлар ҳисобига яратилган иқтисодий ва ижтимоий шароитлардан, инфратузилма, йўл ва тиббий хизматлардан фойдаланди. Табиийки, бундай xизматларга кетадиган давлат харажатларини қоплашга бироз бўлса-да ўз ҳиссасини қўшиш унинг солиқ резиденти сифатидаги мажбуриятидир.

Демак, Солижон каби фуқароларнинг хорижда топган даромадлари Ўзбекистон Республикасида солиққа тортилиши амалдаги қонун талабларига ҳам, ижтимоий адолат ва халқаро солиқ тамойилларига ҳам мос келади.

Иккинчи саволга қуйида жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Келажакда Ўзбекистонда мигрантларга солиқ солиш тизимнинг жорий этилиши эҳтимоли қандай?

Шуни айтиш керакки, ҳатто Ўзбекистон парламенти бундай тизимни жорий қилишни истаб қолган тақдирда ҳам, халқаро солиқ қоидалари, тамойиллари бунга қарши чиқади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, фуқаронинг хорижда топган даромадларини солиққа тортиш ҳуқуқи фақат ушбу фуқаро резидент деб топилган давлатгагина тегишли. Шундай экан, бундай солиқни жорий этиш учун Ўзбекистон авваламбор ўз солиқ қонунчилигида юқорида таъкидланган солиқ резиденти деган тушунчага ўзгартиш киритишига тўғри келади. Яъни мамлакат солиқ қонунига Алижон каби ватандошларимиз Ўзбекистондан ташқарида бўлган даврларида ҳам Ўзбекистон Республикаси солиқ резиденти бўлиб қоладилар деган тушунчани назарда тутувчи янги қоида киритилиши зарур. Бу эса Алижон кабилар хорижда бўлган даврларида иккита давлатнинг солиқ резиденти ҳисобланишига олиб келади (чунки Алижон йил давомида 183 кундан кўп муддат Россияда яшагани туфайли у Россия солиқ қонунчилиги буйича шундоғам Россия солиқ резиденти ҳисобланади).

Бундай ҳолатда унинг резидентлигини аниқлаш масаласи ушбу давлатларнинг солиқ қонунчилиги қоидаларида нима дейилишидан қатъи назар ушбу давлатлар ўртасида тузилган халқаро солиқ шартномалари қоидалари асосида ҳал этилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилигида ички солиқ қонун қоидалари ва халқаро солиқ шартномалардаги қоидалар ўртасида зиддият юзага келган тақдирда, халқаро солиқ шартномалари қоидалари устунликка эга экани тан олинган (2, 30(3), 30(11)-моддалар).

Кўриб турибмизки, Ўзбекистон мигрантларни солиққа тортиш мақсадида ички қонунчиликдаги солиқ резиденти тушунчасига ўзгартириш киритган тақдирда ҳам, фуқаронинг резидентилигини аниқлаш масаласи Ўзбекистоннинг халқаро солиқ шартномалари асосида ҳал этилади.

Табийки, халқаро шартномалар қоидалари қўлланилган тақдирда ички қонунчиликдаги меъёрлар ўз аҳамиятини йўқотади.

Ўзбекистон бундай шартномалар қоидаларини бир томонлама ўзгартира олмайди. Тўғри, Ўзбекистон ушбу халқаро шартномаларидан чиқиб кетиши мумкин, лекин бу мамлакатнинг халқаро майдондаги имижи, сармоя жозибадорлигига салбий тaъсир қилади.

Хулоса

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш, албатта, Ўзбекистон Республикасига солиқ тўлаш керак дегани эмас. Солиқ қонунчилиги, солиқ ҳуқуқи ва xалқаро солиқ амалиётида шахс фуқаро бўлгани учун солиқ тўласин деган тушунча йўқ. Шаxснинг солиқ мажбурияти фуқаролик мезони асосида эмас, балки резидентлик мезони асосида белгиланади. Шаxснинг солиқ резидентлиги эса асосан унинг солиқ даври мобайнида муайян мамлакатда қанча муддат бўлганидан, яшаганидан келиб чиқиб белгиланади. Ўзбекистон солиқ қонунчилигида ва жаҳон солиқ амалиётида бу муддат 183 кун.

Шундай экан, йил давомида 183 кундан кўп муддат бошқа бир давлатда бўлган фуқаро хорижда топган даромадлари бўйича Ўзбекистон Республикасида солиққа тортилмайди. Агар бу борада Ўзбекистон солиқ қонунчилигида ўзгариш қилинган тақдирда ҳам, бундай мигрантларни солиққа тортилиши масаласини халқаро солиқ шартномалари қоидалари белгилайди.

Сўнгсўз

Мақолам якунида бир муҳим гапни айтишим керак. Депутатларимиз мигрантларни солиққа тортишни эмас, аслида эътибор ва ташвиқотни Солижон каби Ўзбекистонда яшаб, хорижий давлатлардаги сармоялари ва мулкларидан даромад қилаётган фуқароларга қаратишса мақсадга мувофиқ бўлади.

Юқоридагилардан кўриб турганимиздек, бу учун амалдаги солиқ қонунчилигида етарли асослар мавжуд.

Воҳиджон Ўринов,
Нью Брансвик университети (Канада)
Ҳуқуқ факултетининг солиқ ҳуқуқи профессори

Мавзуга оид