Ўзбекистон | 18:35 / 29.10.2021
30292
4 дақиқада ўқилади

Чилонзорда ўнлаб катта дарахтларни ким ва нега “бўғиб қўйган”?

Чилонзор тумани Лутфий кўчасидаги 56 туп дарахтнинг таги ландшафт яратиш важи билан полиэтилен клеёнка билан ўраб ташланган. Натижада дарахтларнинг айримлари қурий бошлаган, айримларининг илдиз қисмида чириш белгилари бор. Экоқўмита раиси ўринбосари бу қасддан қилинган деб ҳисоблашини билдирди.

Экология қўмитаси Тошкент шаҳри Чилонзор туманида содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳақида Kun.uz'га хабар қилди. Биз қўмита вакиллари билан биргаликда воқеа жойига бордик ва 55 туп дарахт қай аҳволга солинганига гувоҳ бўлдик.

Оқтепа чорраҳасидан Фарҳод бозорига олиб борувчи кўчанинг Кичик ҳалқа йўлига туташ 500 метр қисмида ажойиб манзара бор: бир неча йил аввал бу кўча реконструкция қилиниб, кенгайтирилган бўлса-да, кўчанинг ўртасидаги дарахтлар кесилмасдан, сақлаб қолинган. Ана шу 56 туп дарахт автомобиллар ва пиёдалар ҳаракатига халал бермаётган эди. Лекин нима учундир бу дарахтларнинг ости ландшафт дизайн қиламиз, деган баҳона билан полиэтилен плёнка билан ёпиб чиқилган.

Туман ободонлаштириш бошқармаси амалга оширган бу иш табиатга нисбатан ваҳшийлик эмасми? Воқеа жойига борганимизда дарахтлар остидаги жамики тирик ўсимлик, шунингдек, дарахтлар илдизи ҳам аэрация йўқлиги туфайли чирий бошлаганига, дарахтларнинг айримлари баргларини эрта тўкиб юборганига, айримлари қурий бошлаганига гувоҳ бўлдик. Экология қўмитаси 56та дарахтдан 33тасида қуриш аломатлари борлигини аниқлади. Тафсилотлар билан видеолавҳамизда танишинг.

Жараёнда Экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов ҳақли саволни ўртага ташлади: “Бу дарахтлар кимгадир халал беряптими, кимга керак бўлиб қолди уларни қуритиш?” Ўз навбатида, қўмитага бизда ҳам саволлар бор, улар қуйироқда.

Афсуски, мораторийни четлаб ўтиш учун бизнес вакиллари ёки маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари турли найрангларга қўл уряптилар. Айримлар яшнаб турган дарахтлар улар қураётган объектга халал бераётгани учун остига керосин қуйиб, гоҳида остини бетонлаб, ҳаво ўтмайдиган даражага олиб келиб, қуритиб, кейин қуриганлик баҳонасида кесиш учун рухсат олиб, кесиб ташлаётганлари – учраб турган ҳолат.

Экология инспекторлари бирор объектда дарахтлар хатловини ўтказгач, қурилиш жараёни ва қурилиш якунига етганидан сўнг дарахтлар хатловини текшириб, улар сони мутаносиб эканига ишонч ҳосил қиляптиларми? Қонун бузилиш ҳолатларига кўз юммаётганларига кафолат борми?

Бирор шахсга ер сотган маҳаллий ҳокимликлар ҳудуднинг ҳолатини, экологик вазият ва жорий этилган тақиқларни эътиборга оляптиларми? Сув, ҳаво, ўсимлик дунёси каби омилларни инобатга олишяптими? Эндиликда аукцион орқали сотилаётган ерларда мана шу факторлар ҳам инобатга олиняптими? Катта-катта қурувчи компаниялар харид қилган ерларида эконазорат ўтказиб бориляптими? Ёки бизнес эгасининг “оғирлиги”га қараб айрим ҳолатларга кўз юмиляптими?

Саволларимиз, доимгидек, бисёр. Саволларимизга секинлик билан жавоб оляпмиз-у, лекин мана шу вақт давомида кўп нарса йўқотиб қўймасак бўлгани. Шундоқ ҳам табиатни асраш йўналишида йўқотганимиз топганимиздан кўпроқ.

Пойтахтнинг Чилонзор туманида содир бўлган воқеа барча учун огоҳлик қўнғироғи бўлиши лозим. Жисмоний шахсми ё юридик, табиатга етказаётган зарарининг оқибати нафақат қандайдир молиявий жарималар, балки каттароқ жазоларга таҳқиқ этилишини тушуниши лозим. Бунинг учун эса қонунчилик янада такомиллаштирилиши, экологияга масъуллар эса уларнинг ижросини таъминлаши даркор. Биздан кейин яшаш учун мақбул муҳит қолиши керак ахир!

Бобур Акмалов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид