Жамият | 12:30 / 31.10.2021
22025
5 дақиқада ўқилади

Руҳ саломатлиги. Жамиятда жиддий эътибор қилинмайдиган муаммо ҳақида суҳбат

“Руҳий саломатлик” тушунчаси омма орасига секин-аста кириб боряпти, чунки руҳий муаммолар бизни тобора кўпроқ безовта қиляпти: тушкунлик, стресс, хавотир. Вақтида мутахассисга мурожаат қилиш эса бизда одатга кирмаган – муаммолардан ўзимизни қаерга қўйишни билмай қолган чоғимиздагина бу эсимизга тушади ёки... тушмайди. Аслида эса саломатликка путур етмасдан туриб саломатликни сақлаш керак. Бу жисмоний саломатликка ҳам, руҳий саломатликка ҳам тегишли.

"Руҳий саломатлик" лойиҳаси асосчиси, тиббиёт фанлари доктори Гавҳар Тешабоева шу борадаги саволларга жавоб берди.

“Руҳ саломат бўлгандагина инсон ўзини тўлақонли саломат ҳис қилиши ва тўлақонли ижтимоий фаол бўлиши мумкин. Демак, саломатлик деганда фақат жисмоний эмас, руҳий томондан ҳам ўзимизни яхши ҳис қилишимиз керак. Шундагина ўз фаолиятимизни яхши олиб боришимиз, "мен"имизни бир маромда сақлаб туришимиз, хулқ-атворимизни атрофда бўлаётган воқеаларга қарамасдан яхши тутишимиз мумкин бўлади.

“Инсон руҳи нима” деганда биз мусулмонлар Қуръони каримда келган "Руҳ Роббимнинг ишидир. У ҳақида сизларга жудаям оз билим берилгандир" деган маъно билан чекланамиз. Бироқ руҳият –  ўрганиш манбаси.

Бу мавзуда Ғарб ва Шарқ олимларининг фикрлари бироз бир-биридан фарқланади. Яъни биз бугунги кунгача ўрганиб келган психология, психотерапия фанларида руҳий саломатликни ўрганувчи фанларда кўпроқ инсон интеллекти, ақли, хотираси ва ҳоказоларга қараб инсон таърифланган. 1970 йилдан бошлаб мусулмон мутахассислари уриниши билан инсоннинг руҳий ҳолати деганда унинг қалби, қалбининг Аллоҳ таоло билан боғланиши, яъни тавҳид ҳақида ҳам сўз очиладиган бўлди. Инсонни асл фитратига қайтариш бугунги кундаги исломий психологиянинг асосий ўрганиш мавзуси ва амалиёти.

Аҳамият берадиган бўлсак, Ғарб тафаккури маҳсули бўлмиш шахсни ривожлантириш курслари лидерлик ёки инсоннинг моддий жиҳатини юксалтирадиган томонларини “кўради”. Ҳозир шахсни ривожлантириш деганда айнан шуларни тушуняпмиз. Бу ерда моддият кўпроқ. Афсуски, охирги пайтларда соҳада инсон руҳиятининг маънавиятига доир атамалар қўлланмай қолган. Янги йўналишга эҳтиёж туғилди. Мусулмонлар учун алоҳида, ислом принципларига, ислом анъаналарига асосланган руҳий саломатлик тушунчаси долзарб бўлиб қолди.

Инсоннинг руҳий муаммоларини ҳал қилишда, шахсини ривожлантиришда бугунги кунда мусулмон психолог олимлари соҳага нафс тушунчасини ҳам киритишган. Руҳий муаммолар инсон ўз нафси билан курашсагина ечим топади, деган ҳақиқатни илмийлаштиришимиз керак.

Тиббиёт фанлари доктори Гавҳар Тешабоева

Инсон ўзининг нафсини даражаларга кўтарсагина, ривожлантирсагина у ҳақиқий камолотга эришиши мумкинлиги ҳақида кўпгина илмий мақолалар ёзилди. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг комил шахс бўлганликлари, у кишида нафснинг энг юқори даражаси – "Нафси марзия – комил нафс"нинг бўлгани биз учун “илмий материал”дир.

Ғарбда психогигиена номи билан руҳий саломатликни сақлаш бўйича бир қанча тавсиялар берилади. Мутахассис сифатида шуни айтишим керакки, ислом принципларига асосланган психотерапияни қўллаганимизда биз мақсадга осон етамиз. Чунки бизда мақсад инсонни фитратига қайтариш бўлади. Ҳар бир инсон туғилганда тоза фитрати билан туғилишини, унинг фитратида тавҳид борлигини биламиз.

Масалан, олдимизга ўсмир болани олиб келишади, унда агрессия бор. Уйдагиларига, ота-онага нисбатан, оила аъзоларига нисбатан агрессия бор. Агар биз унга Ғарб психологияси томонидан ёндашадиган бўлсак, омилларни ташқаридан қидирамиз, яъни оила аъзоларини айбдор қиламиз, ота-онаси болага нотўғри муомала қиляпти, деймиз. Мана шу ерда исломга асосланган психология ёрдамга келса, бола нега агрессияга тушяпти, нега ғазабланяпти, руҳий ҳолатида, руҳий тарбиясида қандай камчиликлар бор, кибр, ҳасад ёки манманлик борми, деган саволларга жавоб изланади. Буни аниқлаш исломий мутахассисларнинг вазифаси ҳисобланади.

Демак, ислом принципларига асосланган психологияда инсоннинг ички омиллари унинг қалбининг ҳолати, нафсининг ҳолати каби муаммоларга аҳамият берилади. Бугун биз фарзандларимизни тарбия қилишда Ғарбга тақлид қилиб қўймоқдамиз, лекин асоратларига ота-оналар чидай олишмаяпти. Демак, бу ерда фақат Ғарбда қўлланадиган техника ва методикалар бизга ёрдам бермайди, мусулмон бўлганимиз учун ҳам қалбнинг ҳолатини, нафснинг ҳолатини эсдан чиқармасдан ёндашсак, болага ўзи учун, оиласи учун, шахсини ривожлантириш учун фойдали керакли маслаҳатлар берган бўламиз, керакли методикалар қўллаган бўламиз. Бунинг учун руҳий тарбия мутахассислари, тазкия билан шуғулланадиган мутахассислар, ислом принципларига асосланган психотерапевтлар ёрдамга келади”.

Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Тасвирчилар Шерзод Эгамбердиев,
Маҳмуд Солиев.

Мавзуга оид