Ўзбекистон | 19:19 / 31.10.2021
22597
6 дақиқада ўқилади

Тошларда акс этган ўзга сайёраликлар — Сармишсойнинг сирли суратлари

Навоий вилоятидаги Сармишсой дарасида 7-9 минг йиллар олдин яшаган одамларнинг тошларга битган тасвирлари бор. Суратларда ўзга сайёраликлар тасвирлангани ҳақидаги тахминларни олимлар ҳам инкор этишмаяпти.

Навбаҳор туманидаги Сармишсой дараси ўзининг петроглифлари билан машҳур. Узунлиги 2,5 км.га чўзилган дарада минглаб петроглифларни кўриш мумкин.

Мутахассисларга кўра, қоялардаги суратлар 7-9 минг йиллик тарихга эга.

Фото: Kun.uz 

Суратларда турли маросимлар, ов тасвирлари, кийик, архар, туялар, ёввойи буқалар, отлар ва ҳатто ўзга сайёраликлар акс этган.

Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 

Қоялардаги суратлар қачонлардир бу ерда инсонлар истиқомат қилиб, чорвачилик, деҳқончилик билан машғул бўлганидан дарак беради. Очиқ осмон остидаги санъат галереяси дея эътироф этиладиган дарада 10 мингдан ортиқ сурат борлиги тасдиқланган.

Ҳар бир сурат ўз маъносига эга ва томошабинга олис тарихдан маълумотлар беради.

Рамазон Эгамов, Сармишсой давлат музей қўриқхонаси раҳбари. Фото: Kun.uz 

“Сармишсой дараси жуда узоқ даврни ўз ичига олгани учун ҳам сир-синоатларга тўла. Масалан, ушбу қоятошда югуриб бораётган 5 та образ берилган. Ушбу образлар қадди-қомати бир томондан одамга яқинроқ, иккинчи томондан инсондан фарқли томонлари ҳам бор.

Ўзбекистон олимларидан ташқари, дунё олимлари ҳам бу ерга ташриф буюрган ва мана шу суратларни кўрганда, бу ўзга сайёраликларнинг образи, деган тўхтамга келишган. Дунёнинг бошқа ҳудудида ўзга сайёраликлар тасвирланган бу каби суратларни кўрмадик, балки тасвирларда шаманлар ифодаланган бўлса керак, дея фикр билдирган олимларимиз ҳам бор.

Нима бўлганда ҳам сир-синоатга тўла Сармишсой илмий ўрганилиши керак. 10 минг йил – жуда катта давр. Агар бошқа сайёрада ҳам тирик мавжудот бўлиб, Ер билан алоқа қилинган бўлса, уларни ўз кўзлари билан кўрган инсонлар мана шу суратларни чизган бўлишлари мумкин. Бу баҳсларга келажакда илм-фан албатта ечим топади», – дейди Сармишсой давлат музей қўриқхонаси раҳбари Рамазон Эгамов.

Фото: Kun.uz 

Сармишсой суратлари 1966 йилдан бошлаб олимлар томонидан ўрганила бошланган. Милоддан аввалги 4-1 минг йилликка ва милодий I-VII асрларга мансуб бўлган расмлар қояларга бронза, темир ва тош ёрдамида схематик, контур, соя ва нақшдор услубларда туширилган.

Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 

Рамазон Эгамовга кўра, 2004 йилда Сармишсойда Халқаро конференция ўтказилган ва унда 15 та хорижий давлатдан 50 нафардан ортиқ қоятош суратлари бўйича мутахассислар иштирок этган. Улар 10 кун мобайнида дарада экспедициялар уюштиришган, тадқиқотлар ўтказишган. Ана шу ўрганиш жараёнида кўплаб илмий маълумотлар юзага келган. Шу тариқа, Сармишсойга сайёҳлик ҳам кириб келган.

Айни вақтда бу ерга ҳар йили минглаб хорижлик сайёҳлар ташриф буюради. Дарага қайси куни борманг, қоятош суратларини томоша қилиб юрган сайёҳни учратиш мумкин.

Фото: Kun.uz 

“Биз айни дамда Ўзбекистон бўйлаб кичик саёҳатни амалга оширмоқдамиз. Бу бизнинг Сармишсойга илк ташрифимиз. Мен петроглифлар ҳақида интернетда кўплаб маълумотлар ўқиганман. Уларни кўришга иштиёқимиз баланд. Петроглифларнинг бундай яхши ҳолатда сақланиб қолганидан, очиғи, ҳайратдамиз. Одамлар уларни асраб-авайлашга бунчалик эътибор қаратиши, шубҳасиз, диққатга сазовордир”, – дея таъкидлади Kun.uz'га интервью берган англиялик Кейн Гомен.

Кейн Гомен Фото: Kun.uz 

Сармишсой дарасида Амир чорбоғи дея аталган ҳудуд ҳам бор. Бу ерга Бухоро амирлари баҳор фаслида келиб, шикор (ов) қилган, кўнгил ёзган. Ғозғонлик усталар томонидан сой ичида табиий тошлардан силлиқланиб тайёрланган шоҳона ҳовузларни ҳозир ҳам кўриш мумкин.

Рамазон Эгамов Амир чорбоғи ҳақида шундай дейди:

Хушманзара, обод жой бўлгани ва сойи сувга тўлиб оққани учун Сармишсой ҳамиша одамларни ўзига жалб қилиб келган. Ҳатто Бухоро амирлари томонидан шу жойда чорбоғ қилинган. Сармишсойнинг жанубий томонида тахминан 5-6 гектар серсув, бўз тупроқли ер боғ-чарбоғ қилишга қулай бўлган. Бу Абдуллахон II давридан, ХVI асрдан бошлаб амалга оширилган. Сайид Абдулаҳадхон даврида ҳам бу боғдан фойдаланилгани ҳақида маълумотлар бор. Қоятош суратларидан маълумки, дара кийик, архарлар кўплиги туфайли ов қилиш учун жуда қулай ҳудуд бўлган. Баъзи манбаларда ушбу жойда Мирзо Улуғбек ҳам ов қилгани ҳақидаги маълумотлар учрайди.

Бир сўз билан айтганда, Сармишсой суратлари ўтмишдан сўзловчи тошкитобга ўхшайди. Ҳали ёзув, қалам ёки қоғоз бўлмаган даврда яшаган инсонлар ўзлари чизган суратлар орқали келажакка маълумот қолдиришган.

Бу китобнинг ўқилмаган саҳифалари ҳали кўп. Шубҳасиз, уларда қанчадан-қанча сир-синоатлар яшириниб ётибди.

Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 
Фото: Kun.uz 

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири.

Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид