Жаҳон | 08:35 / 01.11.2021
5056
2 дақиқада ўқилади

G20 пандемиядан кейинги тикланиш бўйича чораларни белгилаб олди

“Катта йигирматалик” давлатлари етакчилари Римда 30-31 октябрда ўтган 16-саммит якунларига кўра якуний баёнот қабул қилди. G20 унда коронавирус пандемияси, иқтисодий таҳдидлар, глобал исиш, ноқонуний миграцияга қарши курашиш чоралари бўйича келишиб олди.

Фото: consilium.europa.eu

Асосий масалалар орасида эмланганлик ҳақидаги сертификатларга умумий талабларни ишлаб чиқиш ва пандемия шароитида халқаро сафарларни тиклаш бўлди.

Қуйида “Катта йигирматалик” белгилаб олган чораларнинг асосийлари келтирилган.

COVID-19 пандемияси бўйича

  • коронавирусга қарши вакцина ва дорилардан барчанинг фойдаланишини таъминлаш;
  • халқаро сафарларда умумий стандартлар, жумладан эмланганлик ҳақидаги сертификатларга талабларни таъминлаш;
  • 2022 йил ярмигача дунё аҳолисининг 70 фоизини эмлаш;
  • пандемия шароитида вакциналар ишлаб чиқилиши муддатини 300 кундан 100 кунгача қисқартириш.

Иқтисодиёт бўйича

  • иқтисодиётга таъсир кўрсатувчи глобал таҳдидларга қарши курашиш;
  • трансчегаравий коррупция ва солиқ гаванларига қарши курашиш;
  • пандемиядан кейин иқтисодиётни тиклаш;
  • туризмнинг тез ва барқарор тикланишини ташкиллаштириш;
  • халқаро сафарларни тиклашга интилиш;
  • Экология бўйича
  • глобал исиш ўсишини 1,5 даражада чеклаш бўйича чоралар қабул қилиш;
  • иссиқхона газларининг атроф-муҳитга чиқарилишини қисқартириш.

 Энергетика бўйича

  • ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш;
  • энергия хавфсизлигини ошириш имкониятларини ўрганиш.
  • Миграция муаммолари бўйича
  • мигрантларнинг интеграцияси учун чоралар кўриш;
  • ноқонуний мигрантлар оқимининг олдини олиш.

“Йигирматалик” етакчилари дунёда иқтисодий фаоллик ишончли суръатлар билан тикланаётганини қайд қилиб ўтишган. Улар буни эмлаш суръатларининг жадаллашаётгани ва сиёсий қўллаб-қувватлаш билан изоҳлашган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид