Ўзбекистон | 19:15 / 02.11.2021
4196
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги кўприкларнинг қарийб 6 мингтаси таъмирталаб — «Ўзйўлинспекция»

Республикадаги кўприк ва йўл ўтказгичларнинг 7668таси қониқарли, 5952таси таъмирталаб ва 914таси яроқсиз ҳолатда экани маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

АОКАда «Ўзйўлинспекция» Матбуот хизмати раҳбари Комил Шамсиддинов иштирокида брифинг ўтказилди.

Маълум қилинишича, автомобиль йўлларидаги сунъий иншоотларнинг ҳолати бўйича ўтказилган хатлов натижаларига кўра республикада жами 14534та кўприк ва йўл ўтказгич мавжуд бўлиб, шундан 7668таси қониқарли, 5952таси таъмирталаб ва 914таси яроқсиз ҳолатда экани аниқланган.

Шунингдек, йўл-қурилиш объектларида ва йўл қурилиши материаллари ишлаб чиқаришда қўпол равишда қоидабузилишларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99- ва 147- моддалари асосида тегишли чоралар қўллаш бўйича 184та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилган ва бугунги кунда судлар томонидан 157таси бўйича 192,18 млн сўм ундирилган.

Назорат қилиш ишлари натижасида 17та ҳолат бўйича шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузаётган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида юқори турувчи органларга тақдимнома киритилган.

Мавзуга оид