Жаҳон | 23:07 / 03.11.2021
9921
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Эрон Вьетнам байроғи остида сузган танкерни эгаллаб олгани маълум қилинди

Фото: MarineTraffic/marinetraffic.com/James Brown

Эрон октябр ойида Уммон кўрфазида Вьетнам байроғи остида сузган MV Southys танкерини эгаллаб олиб, ҳанузгача уни Бандар-Аббос порт шаҳрида ушлаб турибди. Бу ҳақда АҚШ маъмуриятидаги манбаларга таяниб AP ахборот агентлиги хабар берди.

Манбалардан бирининг таъкидлашича, 24 октябрда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бўлинмалари танкерни эгаллаб олган. Воқеа ортидан америкалик ҳарбийлар кузатиб турган, бироқ танкер Эрон сув ҳудудларига киргани сабаб бунга қарши ҳеч қандай ҳаракатлар амалга оширмаган.

Эрон томондан танкернинг олиб қочилиши сабаби ҳанузгача номаълум. Воқеа юзасидан изоҳ олиш учун Вьетнамдаги расмий шахслар билан боғланишнинг иложи бўлмаган. Кемалар ҳаракатланишини кузатувчи сервислар маълумотларига кўра, кема ҳамон Бандар-Аббос яқинида қолмоқда. 

Таъкидланишича, кеманинг эгаллаб олингани ҳақидаги маълумот Эрон билан ядро келишуви бўйича Венадаги музокараларни тиклашга уринишлар давом этаётгани сабабли ҳанузгача ошкор қилинмай келган. Бироқ 3 ноябрда Эрон давлат телевидениеси эронлик ҳарбийлар ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Яқин Шарқдаги 5-флоти ҳарбийлари ўртасидаги қарама-қаршилик ҳақида бир қатор репортажларни намойиш қилган.

Уларда нефт танкери Уммон кўрфазида АҚШ томонидан эгаллаб олингани, эронлик ҳарбийлар эса танкерни Эронга қайтара олгани айтилган. Теҳроннинг таъкидлашича, америкалик ҳарбийлар MV Southys’ни бир нечта вертолёт ва кемаларда таъқиб қилган.

Бироқ Вашингтон воқеанинг Теҳрон келтирган версиясини рад этган. АҚШнинг таъкидлашича, Теҳрон на кема номини айтган, на америкалик ҳарбийлар кемани нима учун эгаллаб олишга урингани сабабини тушунтирган.  

Мавзуга оид