Ўзбекистон | 09:59 / 03.11.2021
27240
6 дақиқада ўқилади

Ис гази ўлдириб тўймаяпти: ургутлик она икки боласи билан уйқудан уйғонмади

30 октябр куни Самарқанд вилояти Ургут тумани Чумчуқли маҳалласида яшовчи аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис газидан вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу фалокат оқибатида оиланинг бир вакилигина омон қолган. Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида Ургут туманида бўлиб, оиланинг яқинлари, воқеа тафсилоти ҳамда омон қолган боланинг ҳолати билан қизиқди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Дарвоқе, ушбу оила бошлиғи ҳам бир муддат аввал хасталик сабаб вафот этган. Аёл икки ўғли ва бир қизи билан яшаб келган. Айни вақтда ушбу хонадонда омон қолган боланинг амакиси Алимардон Ҳамидов яшаб турибди ва қариндошларининг маъракасини ўтказяпти. У бизга воқеа қандай бўлганини гапириб берди.

Фото: Kun.uz

«Яратганнинг иродаси экан, оғир жудолик бўлди. Воқеа содир бўлган куни эрталаб укам шу атрофдаги боғимиздан хабар олгани келган. Жиянларим ёки янгамни ҳовлида кўрмагач, келиб эшикни тақиллатган. Ҳеч ким чиқмагач, ҳали ухлаётгандир, деган хаёл билан уйга борган. Гап орасида онамга ҳали янгамлар уйғонишмаганини айтганда, онам хавотир ола бошлабди. Бориб хабар ол, нега уйғонишмайди, деб укамни қайтариб жўнатган. Укам шундан сўнг деразадан ичкарига киришига тўғри келган. Ичкарига кирса, ҳаммаси ҳушсиз ётибди...

Тезлик билан янгам ва жиянларимни олиб тез ёрдамга олиб бордик. У ердан Мўминобод тез тиббий ёрдам бўлимига олиб борилди. Афсуски, шифокорлар янгам, қизи ва кичик ўғли вафот этганини маълум қилишди. Катта ўғли Отабекжонда ҳаёт аломатлари бўлгани учун туман тиббиёт бирлашмасига олиб бордик. Худога шукур, ҳозир аҳволи яхши», дейди Алимардон Ҳамидов.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Алимардон Ҳамидовнинг айтишича, воқеа содир бўлгандан сўнг хонадонга ҳуқуқ-тартибот идоралари, масъул ташкилот вакиллари келиб, ис гази тарқалишига сабаб бўлган печкани олиб кетган. Сабаблар ўрганилган, экспертиза қилинган. Ҳамидов жияни Отабекка ўзлари ғамхўрлик қилишини, ёлғизлатиб қўймаслигини айтди.

Фото: Kun.uz

Маҳалла фаоли Абдуҳаким Шодмоновнинг айтишича, ис газидан заҳарланиш Чумчуқлида биринчи марта кузатилмаяпти. Бир йил аввал ҳам бир киши айнан ис газидан заҳарланиб, вафот этган. Қишлоқ аҳолисининг аксарият қисми кўмир кукунидан ёқилғи тайёрлаб, қишда уйларини иситади.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Дарвоқе, Чумчуқли маҳалласида бир эмас, ўнлаб хонадонларда шу кунларда кўмир кукуни сотиб олиб, унга сув аралаштириб, қўлбола ёқилғи тайёрлашаётганига гувоҳ бўлдик. Кўмир кукунининг тоннаси 400 минг сўмдан сотилаётгани, битта печка учун бир мавсумда камида икки тонна кўмир сарфланишини айтишди. Ўша кукунни ҳамма ҳам бир вақтнинг ўзида сотиб олишга қурби етмайди.

Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz
Фото: Kun.uz

Оиланинг бир вакили – Отабек ушбу нохуш воқеадан омон қолганини эшитиб, Ургут туман тиббиёт бирлашмасида ҳам бўлдик. У ерда бирлашма бошлиғи ўринбосари Хуршид Ўринов боланинг ҳолати бўйича маълумот берди.

«Отабек 29 октябр куни соат 11:00 да йўловчи машинада яқинлари томонидан олиб келинди. Ўша пайтда бемор ўта оғир аҳволда эди. Кома ҳолатида бўлгани сабабли шифохонанинг жонлантириш бўлимига жойлаштирилди. Бир сутка давомида беморга керакли муолажалар қилингач, унинг ҳолати ижобий томонга ўзгарди. Ҳозир болалар бўлимига кўчирганмиз, умумий аҳволи қониқарли. Кўпи билан икки кунда уйига жавоб беришимиз мумкин», деди шифокор.

Хуршид Ўринов / Фото: Kun.uz

Бирлашма бошлиғи ўринбосари Ўринов ўз навбатида ис газидан заҳарлангандан кейинги ҳолатлар, инсон ҳаётига унинг қанчалик хавф солиши ва заҳарланган кишига дастлабки ёрдам кўрсатиш тартиби ҳақида ҳам маълумот берди.

«Ис гази ёқилғининг чала ёниши оқибатида пайдо бўлади. Ис газидан нафас олган инсон ўзининг заҳарланаётганини билмаслиги мумкин. Оқибатда инсоннинг қонида кислород камайиб, дастлаб юзаки карахтлик, кейин карахтлик ва кома ҳолатига тушиб қолади. Бу ўлимга ҳам сабаб бўлади. Умуман, ис газидан заҳарланиш белгилари кузатилдими, албатта шифокорга мурожаат қилиш лозим. Дастлаб енгил кўринишда бўлган заҳарланиш ҳам кучайиб кетиш эҳтимоли бор», дейди шифокор.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабар беришича, мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодекси 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Kun.uz мухбири ҳодиса юзасидан маълумот олиш учун Ургут туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Дилмурод Санақулов билан боғланганди. Унга кўра, Чумчуқли маҳалласида юз берган ис газидан заҳарланиш ҳодисасига тўлиб қолган мўри тозаланмасдан иситиш печи ёқилгани сабаб бўлгани айтилганди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкин, ис газидан заҳарланиш ортидан ўлим ҳолатлари кўпайиб бораётгани сир эмас. Шундай экан, ўзингизни эҳтиёт қилинг, яқинларингизни асранг.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид