Ўзбекистон | 14:34 / 04.11.2021
3649
2 дақиқада ўқилади

«Оғир ишни фарзандларимиз учун қиляпмиз» — Берунийлик пайвандчи опа-сингиллар

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида Энажон ва Шакаржон Матдурдиевалар пайвандчилик ва бўёқчилик билан шуғулланишади. Энажон 4 йилдан бери бўёқчилик қилса, унинг опаси Шакаржон асосан пайвандлаш ишлари билан шуғулланади.

Опа-сингил Берунийда ўз устахоналарини очишганига 4 ой бўлди. Уста қизлар темир эшиклар, деразалар учун панжара-тўсиқлар ишлаб чиқаришмоқда. Эркакларга хос бу оғир иш ортидан улар ўртача 3-4 миллион сўм ойлик даромад қилишмоқда.

«Қийинчилик кўп бўлди. Кўпчилик бу иш билан шуғулланишимизга қарши бўлган. Бировнинг буюртмасини айтилган вақтда етказиб беришимиз керак. Шундай вақтлар тунги соат 12-1гача бўёқ урган вақтларимиз бўлган. Ана шундай пайтларда одамлар турли гап-сўзлар ҳам қилишди. «Аёл киши бошқа иш қилса бўлмайдими?», «Салонда ишла, тикувчилик қил», деганлар ҳам бўлди. Барибир соҳам ўзимга ёқади», — дейди Шакаржон Матдурдиева.

Қаҳрамонларимиз 6 қиз, бир ўғил вояга етган оилада катта бўлишган. Уларнинг онаси уй бекаси, отаси эса заводда ишчи. Ҳозир Шакаржоннинг 3 нафар қизи, Энажоннинг эса 2 нафар ўғли бор.

«Бўёқчилик қилганимизда кеч юради, деб гап-сўз қилишди. Ҳамкасбларимиз, мижозларимиз ишда кеч қолсак, бизни уйга келтириб қўйишарди. Қўшниларимиз ҳар хил гаплар тарқатишди. Ота-онамиз ҳам бу ишларингизни ташланглар, деб айтган. Лекин икки нафар фарзандимни боқишим керак. Уларга мактаб кийими, керакли жиҳозларини олиб беришим керак. Ишимизни фарзандларимиз учун қиляпмиз», — дея таъкидлайди 25 ёшли пайвандчи-бўёқчи Шакаржон Матдурдиева.

Опа-сингиллар оғир, бироқ ҳалол меҳнатлари ортидан фарзандларини олий маълумотли, уйли-жойли қилишни мақсад қилган. Улар келажакда устахоналарни кенгайтириб, соҳаларини кенгайтирмоқчи.

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид