Ўзбекистон | 12:32 / 06.11.2021
55719
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда кузатилган қум бўронлари ҳақида гапирди

Сенат биносида сайланган президент Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросими бўлиб ўтмоқда. Kun.uz мухбири хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев тадбир давомида нутқ сўзламоқда.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Бугунги кунда инсоният кўплаб умумбашарий муаммоларга дуч келмоқда ва уларга ечим топиш ниҳоятда долзарб бўлиб қолмоқда. Биз глобаллашув ҳар томонлама авж олаётган, шиддатли ўзгаришлар содир бўлаётган мураккаб замонда яшамоқдамиз.

Бугунги кунда иқлим ўзгаришлари, экологик муаммолар, радикализм, экстремизм ва терроризм, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар бизнинг мамлакатимизда ҳам ечилиши зарур бўлган долзарб вазифалар ҳисобланади. Бундай муаммоларни ҳал этишда куч ва имкониятларни бирлаштириш, бу борадаги барча саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш лозим. Бу эса, ўз навбатида, келажагимиз қиёфасини белгилайдиган глобал муаммоларнинг миллий ва минтақавий даражадаги ечимларини топиш зарурлигини англатади.

Юртимизда экологик таҳдидларнинг салбий таъсири ортиб бормоқда. Буни куни кеча содир бўлган қум бўронлари ҳам яна бир бор тасдиқлади. Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазият тобора кескин тус олмоқда. 

Шу борада биз Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди сифатида эълон қилиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюциясини ҳаётга татбиқ этишга доир тизимли ва комплекс чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозим. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш борасидаги фаолиятимизни жадаллаштириш керак. 

Шу йил август ойида мамлакатимизда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги конференцияда қабул қилинган қарор ва ҳужжатларнинг изчил бажарилиши учун халқаро ҳамкорларимиз билан зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид