Ўзбекистон | 10:24 / 07.11.2021
49272
8 дақиқада ўқилади

«Бу жуда жиддий касаллик» — Шифокор хуррак отиш сабаблари ва оқибатлари ҳақида

“Доимий хуррак отиш оқибатида инсоннинг диққати, хотираси, интеллекти тобора пасайиб боради. Организмда салбий кўринишдаги гормонал ўзгаришлар юз беради. Уйқунинг сифати мунтазам бузилиши туфайли бир неча касалликлар ҳам пайдо бўлади”, дейди шифокор Саид Худойберганов.

Инсон саломатлигига оид бу галги интервью кўпчилик ҳазиломуз ва беписанд қарайдиган, аслида эса организмда жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин бўлган касаллик — хуррак ҳақида. Олий тоифали ЛОР шифокори Саид Худойберганов Kun.uz мухбири билан суҳбатда мазкур касалликнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари ва уни даволаш чоралари ҳақида гапириб берди.  

Инсон нега хуррак отади?

“Хуррак дунё бўйича жудаям долзарб муаммо ва уни даволашда ҳар доим ҳам ижобий натижага эришиш қийин ҳисобланади.

Хуррак отиш — уйқу вақтида инсоннинг нафас олиш жараёнидаги ҳаво йўлида бўладиган тўсиқ оқибатида юзага келадиган ҳолат”, дейди шифокор.

“Негадир бу касалликка Марказий Осиё халқлари орасида беписанд ва беэътибор қаралади. “Хуррак отса нима қилибди, отади-қолади, эртасига кун яна давом этади”, деган нотўғри тушунча ўрнашиб қолган. Аслида хуррак жуда жиддий касаллик.

Хурракни келтириб чиқарадиган маълум омиллар бор. Уларнинг ўзига касаллик, хурракка эса ўша касалликларнинг оқибати деб қаралади. Ва хуррак сабабли инсон организмида айрим ҳолатларда даволаб бўлмайдиган касалликлар юзага келади.

Инсон нега хуррак отади? Бунинг асосий сабаби – ортиқча вазн. Оғирлик 1 квадрат метрга 29 килограммдан юқори бўлган ҳолатларда инсонда семириш бошланади. Ортиқча вазн оқибатида юқори нафас аъзолари — ҳалқум, ҳиқилдоқ, тил асоси, ҳалқум ён девори, юмшоқ танглай соҳаларида кенгайиш, тиббиёт тили билан айтганда гипертрофия ҳолатлари юзага келади. Бу ўз навбатида нафас олинаётган ҳаво йўли ёпилиб қолишига сабаб бўлади. Ортиқча вазннинг 10 фоизга камайиши хурракнинг камида 50 фоизга камайишига сабаб бўлади”, деди Саид Худойберганов.

Хуррак отиш қандай оқибатларга олиб келади?

Саид Худойберганов / Фото: Kun.uz

Шифокорнинг айтишича, хуррак отишнинг енгил ва оғир ҳисобланган асоратли формалари бор. Буни тиббиёт тилида апноэ, яъни хуррак вақтидаги нафас тўхтаб қолиш жараёни дейилади.

“Апноэга кўпчилик гувоҳ бўлган. Бунда нафас камида 5 секунд тўхтаб қолади. Ўпка ва бронхларга нафас кириб бориши кескин камаяди. Шу пайтда мия, қон томир тизими жуда кучли кислород танқислигига учрайди. Автоматик равишда уйқу ҳолатида миядан жамики нафас мушакларини сафарбар қилиб чуқур нафас актига буйруқ бўлади. Лекин у амалга ошмайди.

Фараз қилинг, 8 соатлик уйқу давомида шунақа хуружлар 10, 20, ҳатто 50 мартагача давом этиши мумкин. Қонтомир, асаб ва бош мия тизимларида 8 соатлик уйқу давомида ўша 5-10 секундлик вақтларнинг барчасини жамласак, 15-25 дақиқа мобайнида нафас олинмади, дея хулоса қилсак бўлади. Бу жуда катта стресс. Инсон ўзи билмаган ҳолда стрессга учраяпти ва мазкур жараён ҳар куни давом этяпти. Бу ўз навбатида жуда жиддий оқибатларга олиб келмасдан қўймайди.

Апноэ вақтида организмда ўзгаришлар бўлади. Улардан бири — гормонал ўзгаришлар. Яъни нафас тўхташ жараёни мунтазам давом этаверса, организмда соматотроп гормонини ишлаб чиқиш камаяди. Бу гормоннинг камайиши ёғнинг парчаланишига тўсқинлик қилади. Натижада организмда ёғ депоси пайдо бўлади ва бу семиришнинг биринчи омилидир.

Гормонал ўзгаришлардан яна бири – нафас тўхташ хуружлари вақтида тестостерон гормони камайиши. Бу айниқса эркакларда жиддий ўзгаришларга сабаб бўлади. Қолаверса, руҳий ҳолатнинг салбий томонга ўзгаришига ҳам олиб келади. Инсоннинг диққати, хотираси, интеллекти борган сари пасайиб боради.

Аксарият чет давлатларида касб тақозоси билан диққат концентрацияси талаб этиладиган соҳа эгалари махсус текширувдан ўтказилади. Яъни уларда хуррак отиш йўқми, уйқу давомида нафас тўхташ ҳолатлари бўлмайдими, деган маънодаги текширувлар олиб борилади. Агар шунақа ҳолатлар бўлса, бу инсонлар ўша касбга яқинлаштирилмайди. Чунки у бировларнинг ҳаёти билан боғлиқ соҳа бўлиши мумкин. Шунинг учун бу муаммога жуда жиддий аҳамият бериш керак”, дейди шифокор.

Хурракдан халос бўлиш мумкинми?

Саид Худойбергановга кўра, хуррак отиш ёки уйқу вақти нафас тўхташ ҳолатларига давосиз касаллик деб қаралмайди. Тўғри ташхис қўйилса, тўғри муолажа қилинса, хурракдан 100 фоиз халос бўлиш мумкин.

“Бунга махсус даволовчи муассасаларда ташхис қўйилади, бир нечта йўналишлардаги мутахассислар жалб қилинади. Яъни пульмонологлар, терапевтлар, невропатологлар, ЛОР шифокорлари ёрдамида аниқ ташхис қўйилади. Хуррак ва апноэнинг бирламчи сабаблари аниқланади ва уни бартараф этиш йўллари борасида бир тўхтамга келинади”, дея сўзларини давом эттирди шифокор.

“Хурракни бартараф қилиш даво чоралари дори воситалари ёрдамида ёки жарроҳлик йўли билан амалга оширилади.

Юқори нафас йўлларида, хусусан, ЛОР аъзоларидаги ҳавонинг ўтишига тўсқинлик қиладиган муаммолар, жумладан, бурун тўсиғининг патологик эгрилиги, бурун чиғаноқларининг шишиб кетиши, бурун-ҳалқум соҳаларидаги муаммолар, юмшоқ танглай мушаклари тонусининг пасайиб кетиши, ҳиқилдоқдаги муаммолар жарроҳлик муолажасини талаб қилади.

Бу омиллар жарроҳлик йўли билан бартараф қилинса, инсон эркин, комфорт ҳолатда нафас олишни бошлайди. Ва ҳавонинг йўлида бирор тўсиқ бўлмайди. Шунингдек, юз-жағ аъзолари соҳасидаги бирор-бир нуқсонлар ёки тиш тизимининг бузилиши ҳам нафас олиш жараёнини издан чиқаради. Қалқонсимон без касалликлари ҳам нафас органларига жиддий таъсир ўтказади.

Хурракни бартараф этиш учун биринчи ўринда ортиқча вазндан халос бўлиш керак. Бунинг учун диетолог, гастроэнтеролог маслаҳати зарур. Инсоннинг ёши ва тана тузилишига мос вазнга эришмасдан туриб, бу касалликни даволаб бўлмайди.

“Шифокорга учрамасдан, фақат вазнни камайтираман, кам ейман, кўп ҳаракат қиламан деб, бу амалиётда умуман яхши натижага эришиб бўлмайди.

Албатта, шифокорга мурожаат қилиб, ортиқча вазндан халос бўлгач, бирламчи сабабни топиб, уни бартараф этиш йўллари қидирилади. Семиришнинг ўзи хурракка сабаб бўлади, хуррак ва апноэ оқибатида гормонал баланс бузилади ва у ҳам семиришга олиб келади. Мана шу ҳалқани бузиб юбориш учун бир неча мутахассислар бирлашиб, даво чораларини аниқлашлари лозим бўлади”, дейди шифокор.

Унинг қайд этишича, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, чекиш ҳам мазкур касалликни келтириб чиқариши ёки кучайтириб юбориши мумкин. 

“Уйқу вақтида бўйин ва бош соҳасида муайян бир комфорт бўлиши, нафас йўлларига тўсиқ бўлмаслиги керак.

Айримлар уйқу дори ичсам ухлайман, дейди. Ҳақиқатда ухлаш мумкин, лекин у уйқуда сифат бўлмайди. Инсон эрталаб енгиллик билан уйғонмасдан, балки зўриқиб, қийналиб, худди уйқудан қониқмаган одамдек уйғонади.

Фараз қилинг, ўша инсон энди кун давомида ишлаши, жисмоний ёки ақлий меҳнат қилиши керак. Бу албатта ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди”, деди Саид Худойберганов.

Мавзуга оид