Light | 13:11 / 07.11.2021
9964
3 дақиқада ўқилади

Кузги таътилда болани нима билан банд қилиш мумкин?

Муҳими бола таътилда вақтининг асосий қисмини компьютер ёки телевизор монитори рўпарасида ўтказмаслиги керак.

Фото: Kun.uz / Муҳаммаджон Ғаниев

Таътил кунлари бошланди дегунча фарзандларини уйда банд қилиш, вақтни унумли ўтказиш ота-оналар учун долзарб масалага айланади. Ҳатто севимли мультфильмларни томоша қилиб ва компьютер ўйинларини ўйнаб ҳам болаларда зерикиш ҳисси пайдо бўлаверади. Шунинг учун ҳордиқни оилавий тадбирлар билан бойитиш муҳим.

Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари учун кузги таътил 4 ноябрдан 9 ноябргача давом этади. Кузги таътилда вақтни сермазмун ўтказиш учун нималар билан шуғулланиш мумкин?

Ошпазлик мактаби уйда

Кўчада ҳаво ҳарорати паст бўлганида уйда пиширилган мазали таом ва пишириқларни оила даврасида истеъмол қилишга нима етсин? Бунинг учун эса рецепт топиш кифоя. Бошланғич синф ўқувчиларига хамирни ёйиш, турли шаклларни кесиб олиш, тайёр печеньеларни безатиш каби юмушларни ишониб топшириш мумкин. Уйдаги ошпазлик дарсларида фойдали десерт ёки нонушта учун тезпишар нонушталар тайёрласа бўлади.

Модалар намойиши

Болани ўз кийимларини тартибга солишга ўргатиш ҳар доим ҳам осон кечмайди. Кийимларни кийиб кўриш ва модалар намойишини ўтказишни таклиф қилиш эса анча муваффақиятли усул. Бир вақтнинг ўзида бир неча вазифани бажариш мумкин: бола турли кийимларни бир-бирига мослаш, турли вазиятларга мос кийим танлаш, кийим кийишда об-ҳавога эътибор беришни ўрганади. Кийимлар кийиб кўрилгач, уларни биргаликда тартибга соласиз. Қарабсизки, бу вазифа ҳам ўз-ўзидан бажарилади.

Мустақил ўйинлар

Бошланғич мактаб ёшидаги бола узоқ вақт давомида ўйинчоқ билан овора бўлиши учун у ёрқин ва ёқимли бўлиши керак. Рангли бўёқлар, ялтироқ буюмлар уларни ўзига жалб этади. Мустақил ўйинлар учун конструкторлар (лего, 3D пазллар, йиғиладиган уйлар ва машиналар) мос келади. Пазлларни йиғиш диққатни жамлаш, мантиқий фикрлашни ривожлантиришга ёрдам беради.

Маърифий каналларни томоша қилиш

Замонавий илмий-оммабоп видеоларда воқеа-ҳодисалар қизиқ ва тушунарли тарзда намойиш этилади. Масалан, нима учун ухлаш керак, қандай қилиб соат ясаш, зебраларнинг тўни нима учун йўл-йўл кабилар. Шундай каналлар борки, улар ўқувчиларига у ёки бу фанларни яхшироқ ўзлаштиришда ёрдам беради.

Кузги боғда фотосессия уюштириш

Бу анъанавий, шу билан бирга фарзандингиз билан дам олиш учун муваффақиятли ғоя. Машғулотга ноанъанавийлик ҳам бериш мумкин. Масалан, миттивойингиз бу сафар объективнинг бошқа тарафида суратга олиш билан банд бўлсин. Кузги ҳиссиётлар, хафалик, хаёлпарастлик, хурсандчилик ва хотиржамлик ҳақида суратлар олиш мумкин.

Юқорида келтирилган машғулотлар фарзандлар билан вақт ўтказишга мисоллар, холос. Муҳими, таътилда вақтнинг асосий қисмини компьютер ёки телевизор монитори рўпарасида беҳуда ўтказмаслик, болаларга кўпроқ вақт ажратиш ва нималар билан қизиқишларини аниқлаб олишдан иборат.

Мавзуга оид