Ўзбекистон | 14:52 / 08.11.2021
13747
5 дақиқада ўқилади

Telegram'га биз керакмизми ё бизга Telegram керакми?

Telegram ва ижтимоий тармоқларни блоклаганлар, блоклашга буйруқ берганлар, блоклаш ҳақида қонун чиқарганлар миллионлаб ўзбекистонликларда бошқа алтернатива йўқлигини ўйлаб кўрмаганми?

Фото: Kun.uz

Telegram'нинг Ўзбекистон ҳудудида тахминан бир соатгагина чекланиши ҳам қатор соҳаларда фалажлик келтириб чиқаради. Мисолга ҳожат йўқ – бугунги кунда Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари орасида Telegram ишлатмайдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Ахборот алмашинувида бу тармоқнинг ўрни шу қадар ортиб кетганки, аксариятимиз смартфонимизни қўлимизга олишимиз билан дарҳол Telegram иловасини босамиз ва келган хабарларга кўз югуртирамиз.

Бу тармоқда минглаб гуруҳлар, каналлар ишлаб турибди. Президентдан тортиб, барча марказий давлат органлари, оммавий ахборот воситалари ва компанияларнинг каналлари бор. Минглаб гуруҳлар эса ҳамкасблар, дўстлар, қариндошлар ва бошқа доиралар ўртасидаги мулоқот эҳтиёжини қондиряпти.

Энг қизиқ жиҳат – Telegram орқали мулоқот шу қадар кучайганки, кўпчилигимиз телефон орқали қўнғироқ қилмай қўйдик ёки Telegram ишлаб турганда кимдир қўнғироқ қилса, хушламай жавоб берадиган даражага етдик. Чунки бунинг реал сабаблари бор – Telegram'да хабарни истаган пайтда ўқиш ва жавоб бериш мумкин, хабарларни қайта кўриб чиқиш, таҳлил қилиш имконияти бор. Овозли хабарлар қайта-қайта эшитилади. Яъни амалда ҳар қандай суҳбат қайд этиб борилиши мумкин. Видеомулоқот эса узоқдаги суҳбатдош билан бевосита кўриб гаплашишдек катта устунлик беради.

Ҳозир ўзбекистонликлар қачондир Whatsapp ишлатганини кам эслайди, ҳолбуки бу илова бир вақтлар жуда машҳур эди ва ҳозир ҳам дунёдаги етакчилардан бири, фойдаланувчилар сони бўйича Telegram'дан олдинда. Лекин Павел Дуров яратган платформа соддалиги, янгиликка мунтазам интилиши ва қатор қулайликлари билан мамлакатимиз фойдаланувчиларига маъқул келди. Нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда Telegram фойдаланувчилари шиддат билан кўпайиб бормоқда.

Шундай вазиятда миллионлаб инсонларни мессенжердан маҳрум қилишга қарор қилган масъуллар бунинг ўрнига бошқа алтернатива йўқлигини ҳисобга олишмаганми?

Ҳисобга олишмаганидан келиб чиқиб, қарор қабул қилганлар Telegram ишлатмайдиган ва шу сабабли ҳам унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини тушунмайдиган эски авлод вакиллари деган хулосага келиш мумкин.

Энди сарлавҳадаги саволга келсак – бугунги кунда Telegram иловасини кўчириб олишлар сони 1 миллиарддан ўтган, фаол фойдаланувчилари сони эса 550 млндан ошган. Ўзбекистонда Telegram иловасини ўрнатганлар турли манбаларга кўра 18 миллиондан ошган. Фаол фойдаланувчилар балки 10-12 млн чиқар. Афсуски, Telegram маъмурлари фойдаланувчиларнинг аниқ сони бўйича маълумот берилмаслигини билдиришди. Демак, рақам жиҳатдан қараганда ҳам Ўзбекистондаги фойдаланувчилар Telegram'нинг нари борса 2-3 фоизлик аудиторияси ҳажмини ташкил этади.

Гап фақат Telegram'да ҳам эмас. Ахборот асрининг шиддатли йилларида ижтимоий тармоқлар блокланиши ёки чекланиши ҳар қандай мамлакат тараққиётини тош асрига судрайди. Куни кеча бир қарашда қонун йўли билан амалга оширилган бир соатлик чеклов ҳам кўпчиликни худди сувдан олинган балиқ ҳолига туширди. Биз борини чеклашни, бўғишни эмас, йўғини яратишни ўйласаккина тараққиётга интилган бўламиз.

Қизиғи, чекловлар амалда иш бермади: Telegram вакилининг билдиришича, 3 ноябр кунги ҳолатда узоғи 1,5 соат ичида Ўзбекистондаги тўсиқлар бартараф этилган ва платформа олдингидек ишлай бошлаган.

Бу каби чекловлар Россия ва Эронда ҳам кузатилган, ҳар иккиси ҳам муваффақиятсиз бўлган. Telegram асосчиси Павел Дуровнинг ватанида “Роскомнадзор” томонидан 2018 йил 16 апрелда киритилган чеклов 2020 йил 18 июнга келибгина расман бекор қилинган.

Ўшанда Россия ФХХ (ФСБ) Санкт-Петербургдаги террористик хуружларга алоқадорликда гумонланган 6 кишининг Telegram'даги ёзишмаларини очиш калитларини сўраган, мессенжер маъмурияти эса бунинг техник жиҳатдан имкони йўқлигини билдирган.

Павел Дуров ФХХни қизиқтираётган телефон рақамлар ё Telegram'даги бирорта аккаунтга ҳеч қачон боғлиқ бўлмагани, ёки узоқ вақт ишлатилмагани учун ўчиб кетгани, “нуқта-нуқта” йўсинидаги яширин чатлар учун калитлар фақат фойдаланувчининг қурилмасидагина сақланиши, улар бирор сонияга ҳам Telegram серверларига келиб тушмаслиги каби омилларни кўрсатган.

Якунда суд ФСБ даъвосини қондиради ва Telegram 800 минг рубль жаримага тортилиш билан бирга Россиядаги фаолияти ҳам чекланади.

Бу ерда бир жиҳатга эътибор бериш лозим – киберэркинлик бўйича ютуқлари билан мақтана олмайдиган Россияда ҳам Telegram'ни чеклаш номига бўлса-да суд қарори билан амалга оширилган эди.

Россиядаги ҳолатнинг ақл бовар қилмас жиҳати – 2 йиллик чеклов давомида бу давлатдаги Telegram фойдаланувчилари сони 2 карра ошса ошдики, камаймади. “Чеклов иш бермади”, дея таъкидлаганди Дуров.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид