Жаҳон | 11:58 / 10.11.2021
29659
11 дақиқада ўқилади

Германияни иккига айирган ва миллатни бирлаштирган Берлин девори

1989 йил, 9 ноябрь. Берлинда одамлар шаҳарнинг ғарбий қисмига ўтиш учун оқиб бора бошлайди. Баландлиги 6 метр бўлган бетон девор орасидаги ўтказиш масканларида тиқилинч юзага келади. Одамлар деворни қулата бошлайди. Шу тариқа нафақат Берлинни, балки Германияни иккига ажратиб турган бетон деворнинг бир қисми йиқитилади.

9 ноябрь немислар учун муҳим кунлардан бири ҳисобланади. Ушбу сана Германияни иккига ажратиб турган Берлин девори йиқитилган кун шарафига байрам қилинади. Айнан шу кунда Германияни 30 йил давомида иккига ажратиб турган бетон девор йиқитила бошланган ва бу ҳодиса Германиянинг бирлашишига сабаб бўлган.

Германиянинг бўлиб олиниши

Иккинчи жаҳон урушида Гитлер бошлиқ фашистлар Германияси енгилади. Мамлакатни иттифоқчилар армияси эгаллайди. Шарқий Германияда СССР, Ғарбий Германияда АҚШ, Буюк Британия ва Франция қўшинлари жойлашади.

Фото: wikipedia.org

Томонлар Германияда ўзлари хоҳлагандай давлат қуришни хоҳларди. АҚШ, Буюк Британия ва Франция Германияда капиталистик, СССР эса социалистик тузумга асосланган давлат бўлиши учун ҳаракат қиларди.

Бу масала 1945 йил 17 июлдан 2 август санасигача СССР раҳбари Сталин, АҚШ президенти Ҳарри Трумэн ва Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчил иштирокида Подстам шаҳрида ўтказилган конференцияда ҳам қизғин муҳокама қилинади. Иттифоқчилар ҳар ким ўзи эгаллаган ҳудудда қолиши ҳақида келишиб олишади. Ўтказилган музокараларда пойтахт Берлин мақоми ҳам белгиланади.

Германиянинг бошқа ҳудудлари каби бу ерда ҳам шаҳарнинг шарқий қисми совет армияси, ғарбий қисми иттифоқчилар армияси назоратида эди. Бошқа ҳудудлардан фарқли равишда Берлинни тўрт тарафдан совет қўшинлари эгаллаган ҳудудлар ўраб турарди. Иттифоқчилар Берлинни тўлиғича совет армияси назоратига топширишни хоҳлашмайди ва келишувга кўра шаҳар иккига бўлинади.

Фото:wikipedia.org

1948 йилда иттифоқчилар назоратида бўлган ҳудудларда Парламент кенгаши тузилади. Янги марка муомалага киритилади. Ўз навбатида СССР ҳам мамлакат шарқида янги пул бирлигини жорий этади. Ана шунда Германия иккига ажралиши ва Гитлер Германияси ўрнида иккита давлат тузилиши ойдинлашиб қолади.

1949 йил 23 май куни иттифоқчилар назоратида бўлган ҳудудларда Германия Федератив Республикаси, ўша йил 7 октябр куни СССР назоратидаги ҳудудда Германия демократик республикаси тузилгани эълон қилинади. Шунингдек, Берлин ҳам иккига бўлинади. Унинг шарқий қисми ГДРнинг пойтахти сифатида қолади. Ғарбий қисми эса ГФР назоратига ўтади ва Ғарбий Берлин деб аталади.

Вазиятнинг кескинлашиши

Германия ва Берлин иккига бўлинган илк йилларда чегаралар очиқ эди. Берлин ва Ғарбий Берлинни шаҳар ўртасидан тортилган 44,8 километр узунликдаги чегара линияси ажратиб турарди. Ғарбий Берлиннинг ГДР билан умумий чегараси эса 164 километрни ташкил этарди. Чегаралар симтўсиқ билан ўралиб, маълум жойларда ўтказиш масканлари ташкил этилади. Берлин ва Ғарбий Берлин ўртасидаги чегара кўчалар, каналлар, метро ва трамвай линиялари, ҳатто уйлар бўйлаб ўтарди.

Фото: stock.adobe.com

ГДР ва Берлин ҳамда Ғарбий Берлин орасида 81 та чегара ўтказиш масканлари кўчалар бўйлаб, 13 таси метро ва темир йўлларда жойлашган эди. Ўшанда ҳар икки мамлакат бир-бирини тан олмас, ўзаро дипломатик алоқалар йўқ эди. Шундай бўлса ҳам одамлар чегаралардан эркин ўтиб қайтарди. Ана шу пайтдан бошлаб социалистик тузумда яшашни хоҳламаган одамлар ГФРга кўчиб ўта бошлайди.

Бу икки давлат тузилганидан сўнг ГДР бошқа социалистик мамлакатлар каби қаттиққўллик билан бошқарилади. Маъмурий буйруқбозликка асосланган саноат ва қишлоқ хўжалиги оқсай бошлайди. ГФР эса бозор иқтисодиётига асосланган эркин бошқарув тизими билан 1950-йилларнинг охирига бориб қўшнилардан яққол олдинга ўтиб кетади. Натижада ҳар икки мамлакатда меҳнатга ҳақ тўлашда катта фарқ юзага келади. ГДРдан Ғарбий Берлин орқали ГФРга кўчиб кетувчилар сони ортади. Бунинг устига ҳар икки давлат ўртасидаги муносабатлар энг ёмон кўринишга келади.

1957 йилда ГФР канцлери Конрад Аденауэр янги доктрина эълон қилади. «Халштейн доктринаси» деб номланган мазкур ҳужжатга кўра, ГФР ГДРни тан олган давлатлар билан барча алоқаларни узиши белгиланади. Бунга жавобан СССР раҳбарияти (ўшанда СССР раҳбари Никита Хрушёв эди) Ғарб давлатларини 1945 йилда қабул қилинган Подстам келишувини бузганликда айблайди. Сўнг, СССР Берлин бўйича қабул қилинган махсус мақомга риоя қилишни тўхтатганини эълон қилади.

Бундан ташқари, СССР Ғарбий Берлинни ГДРга қайтаришни талаб қилиб АҚШ, Буюк Британия ва Францияга олти ойлик ультиматум қўяди. (У тарихда «Берлин ултиматуми» номи билан машҳур) Улар бу ултиматумни эътиборсиз қолдиришади. СССР раҳбарияти Ғарб давлатларига босим ўтказишнинг бошқа йўлларини излайди ва энг аввал Ғарбий Берлинни қамал қилади.

1960 йил август ойининг бошларида ГДР ҳукумати СССР босими остида ўз фуқаролари ГФРга ўтишини тақиқлайди. Ўша йили 11 август куни Берлин ва Ғарбий Берлин ўртасида бетон девор қуриш ҳақида қарор қабул қилинади ва 13 август куни ишлар бошланади.

Бунга жавобан ГФР ҳукумати ГДР билан тузилган икки томонлама савдо келишувларини бекор қилади.

Берлин деворининг қурилиши

Чегаралар очиқлигида Берлиндан Ғарбий Берлинга ҳар куни ярим миллион одам ўтарди ва уларнинг маълум бир қисми ортга қайтмасди. Жумладан, 1949–1961 йилларда ГДРдан ГФРга 2,7 миллион одам кўчиб ўтади. Уларнинг аксарияти ёшлар эди. Биргина 1960 йилда ГДРдан ГФРга 200 мингдан ошиқ одам кўчиб ўтади. ГДР ҳукумати ўз фуқароларининг ГФРга кўчиб ўтишига чек қўйиш мақсадида чегараларни бетон девор билан ўраб олишни режалаштиради.

1961 йил 5 август куни социалистик давлатлар раҳбарлари йиғилишида, 7 августда Германия коммунистик партияси сиёсий бюросининг йиғилишида ГДРнинг ГФР ва Ғарбий Берлин билан чегараларини ёпиш таклифи маъқулланади. 12 августда ГДР ҳукумати бу ҳақда қарор қабул қилади. ГДР аҳолисига ГФРга ўтиш тақиқлаб қўйилади.

1963 йил 13 август куни Ғарбий Берлин чегарасини 25 минг нафар аскардан иборат СССР ҳарбийлари ўраб олади. Ғарбий Берлинни бетон девор билан ўраш ишлари бошланади.

Фото: www.culture.ru

Деворнинг баландлиги 6 метр бўлиб, у бетон блокларидан қурилади. Девор ўн кунда қуриб битказилади ва унинг умумий узунлиги 164 километрни ташкил этади.

Девор битгандан сўнг одамлар унинг тепасидан ошиб ўтмаслиги учун ҳарбийлар қўриқлай бошлайди. Девор бўйлаб унга яқинлашган одам отиб ташланиши ҳақидаги огоҳлантириш ёзувлари илинади. Шундай бўлса ҳам одамлар қочиб ўтишнинг уддасидан чиқишади.

Фаровон ҳаёт сари қочиш

Берлин деворидан илк бор уни қўриқлаётган ҳарбийлар ва деворни қураётган ишчилар қочиб ўтишади. Жумладан, 1961 йил 15 августда 19 ёшли чегарачи Конрад Шуманн бетон блоклар устидан Ғарбий Берлин томонга сакрайди ва Берлин деворидан ошиб ўтган биринчи қочоқ сифатида тарихда қолади. 17 август куни 18 ёшли қурувчи Петер Фехтер девордан ошиб ўтаётганда отиб ташланади. У ҳалок бўлган илк қочоқ эди.

Фото: soha.vn

Деворнинг бир қисми ғишт ва тошлардан қурилади. Одамлар тош ва ғиштларни бузавергач, 1975 йилда деворнинг қолган қисми ҳам 3,6 х 1,5 ўлчамдаги бетон блоклардан қайта тикланади. Ўшанда Ғарбий Берлин ўраб чиқилган 164 километрли узунликдаги деворга 45 мингта бетон блок ишлатилади.

Берлин деворининг баландлиги ва унинг қўриқланиши ҳам шарқдаги немисларни ҳаёт бирмунча фаровон бўлган ГФРга қочиб ўтишдан тўхтата олмайди. Одамлар ГДРдан қочиб кетиш учун турли усуллардан фойдаланишади. Улар ГФРга ўтиш учун баланд девордан ҳам ошади, металл панжараларни кесади, девор остидан лаҳм кавлайди, канализация қувурларидан фойдаланади. Ҳатто ҳаво шари ва дельтапландан фойдаланиб қочишга уринганлар ҳам бўлган. Шу тариқа одамлар 30 йил давомида тўхтовсиз ГФРга қочиб ўтади.

Турли маълумотларда Берлин деворидан қочиб ўтишда ҳалок бўлганлар сони турлича кўрсатилади. Бир манбада уларнинг сони минг нафардан ошиқ дейилса, яна бир манбада 645 нафар экани айтилади. 2006 йилда уларнинг сони 125 нафар бўлгани маълум қилинади. СССР маълумотларида эса ГФРга қочиб ўтишга уринганлардан 192 нафари ўлдирилгани, 200 дан ошиқ одам ярадор бўлгани ва 3 минг нафардан ошиқроқ одам қўлга олингани айтилади.

Фото: Redhistoricalphotos.com

Совуқ уруш даврида ГДР ҳукумати ГФРга кўчиб кетмоқчи бўлганларни пул эвазига қўйиб юборишни жорий қилади. Бу ишда ГДРлик таниқли адвокат Волфанг Фогел воситачилик қилади. Унинг ёрдами билан 1964 йилдан 1989 йилгача 215 минг ГДР фуқароси, шунингдек 34 минг сиёсий маҳбуслар пул эвазига ГФРга ўтади. Бу ГДР ғазнасини 2,7 миллиард долларга бойитади.

Деворнинг қулатилиши

1985 йилда СССР раҳбарлигига Михаил Горбачёв келгач мамлакатда турли ислоҳотлар ўтказа бошлайди. Афғонистондан совет қўшинларини олиб чиқиш, диний ва миллий масалаларда эркинлик бериш шулар жумласидан. СССРдаги бу ўзгаришлар социалистик лагерга кирувчи мамлакатларда, жумладан ГДРда ҳам бошланади. Маъмурий буйруқбозликка асосланган бошқарув тизими, сўз эркинлигининг бўғиб қўйилиши, ГФР билан алоқаларнинг ёмонлиги, турмуш даражасининг пастлиги шарқдаги немисларнинг тинкасини қуритган эди. Улар 30 йиллик тақиқ бекор қилиниб Берлин девори йиқитилишини хоҳларди.

1989 йил 4 ноябр куни Берлин аҳолиси оммавий намойишга чиқади. Улар ҳукуматдан сўз эркинлиги, шунингдек, ГФР билан чегараларни очиш, турли йиғинлар ўтказиш учун рухсат бериш каби талабларни илгари суришади.

Фото: pinterest.com

1989 йил 9 ноябр куни ГДР ҳукумати вакили Гюнтер Шабовски бу мамлакатдан ГФРга ва Берлиндан Ғарбий Берлинга одамлар эркин бориб келишига рухсат берувчи янги қарорни ўқиб эшиттиради. Унинг чиқиши мамлакат телевидениеси орқали тўғридан тўғри эфирга узатилади. Одамлар кўчаларга чиқади ва Берлин деворини йиқитиб Ғарбий Берлинга ўта бошлайди. Ўшанда 9-11 ноябр кунлари, уч кунда 2 миллион одам Ғарбий Берлинга ўтиб қайтади.

Фото: www.buzzfeed.com

ГДР фуқароларига ГФРга ўтишга рухсат берилгандан сўнг Берлин девори ҳам ўз аҳамиятини йўқотади. 1990 йил январь ойида ГДР ҳукумати Берлин деворини оммавий равишда йиқитишга киришади ва у қисқа муддатда йиқитилади. Деворнинг озроқ қисми Германия ва немис миллатини иккига ажратган кунлардан ёдгорлик сифатида асраб қолинади.

1990 йил 3 октябрь куни ГДР ва ГФР ягона Германияга бирлашади. Орадан кўп ўтмай пойтахт Бонн шаҳридан Берлинга кўчирилади. Берлин деворининг сақланиб қолган қисми тарихий объект сифатида давлат муҳофазасига олинади. Эндиликда ҳар йили уни томоша қилиш учун Германияга миллионлаб хорижий сайёҳлар келади.

Фото: dreamstime.com

Ғайрат Йўлдош тайёрлади 

Мавзуга оид