Ўзбекистон | 22:11 / 10.11.2021
27033
7 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон иқлими кескин қуруқлашиб бормоқда” — гидрометеоролог

Кузда ёмғир, қишда эса қор ёғиши сезиларли даражада камайди. Ёз ойларида аномал иссиқ ҳарорат кузатилмоқда, йил давомида Ўзбекистон ҳудудига кириб келадиган совуқ ҳаво оқими 2 баробаргача қисқарди. Буларнинг барчаси глобал иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ, дейди гидрометеролог Эркин Абдулаҳатов.

4 ноябрь куни кечқурун Тошкентда ғайриоддий чанг-қумли туман тушиши ҳодисаси кузатилди. “Ўзгидромет”га кўра, сўнгги 150 йил ичида бу каби чангнинг бир неча кун давомида ҳавода сақланиб қолиши кузатилмаган ва бу мутлақо кутилмаган ҳолатдир.

Гидрометеорология хизмати мутахассиси Эркин Абдулаҳатовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозирда ҳам Тошкент ҳавосида чанг зарралари кам миқдорда сақланиб турибди. Бу моддалар ўпка билан боғлиқ касаллиги бор инсонлар учун зарарли бўлиши мумкин.

Эркин Абдулаҳатов

Айни пайтда атмосферадаги ҳолат қандай?

10 ноябр ҳолатига ҳавода мавжуд майда дисперс чанг заррачалари ўрганилганда, улар соғлом инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмаслиги аниқланди. Чунки айни пайтда Тошкент ҳавосидаги чанг миқдори бир метр куб  ҳаво таркибида 160 микрограм(мкг)дан кам. Яъни 90-100 мкг/м³. Бу юқори хавфни англатмайди.

Ҳавода майда дисперс заррачалари икки хил катталикда бўлади. 2,5 ва 10 микрондан кичик чанг заррачалари. Масалан, бир метр куб ҳаво таркибида 30 мкг/м³ миқдордаги 2,5 микрон заррачалар гигиеник меъёр ҳисобланади. 2,5 микрон заррача соч толасидан 40 баробар майда заррачадир. Улар ниқоб ёки бошқа халқона ҳимоя воситалардан (дока ёки бошқа матолар) ҳам киради ва ўпкага бора олади. Шунинг учун аллергик бронхит, ўпка билан боғлиқ касаллиги бор беморлар ҳозирги ҳаводан нафас олса, чанг зарралари касаллик қўзғатувчи таъсир кўрсатиши мумкин”, дейди мутахассис.

Ўзбекистон иқлими қуруқлашиб боряпти

Эркин Абдулаҳатовнинг айтишича, ўрганишлар охирги 10 йил ичида Ўзбекистон иқлимида кескин ўзгаришлар кузатилаётганини кўрсатмоқда. Мамлакатда авваллари йил давомида ўртача ҳисобда 80 кун совуқ ҳаво оқимлари кириб келган бўлса, ҳозир бу кўрсатгич тенг икки баробарга камайиб, ўртача ҳисобда 35-40 кунга камайди. 

Ёз ойларида ҳавони бироз мўътадиллаштирадиган совуқ оқимлар охирги йиллар республикага умуман кириб келмаяпти. Бу ҳаво ва тупроқда қуруқлашишни кучайтиради. Бу дунёда бўлаётган иқлим ўзгариши минтақамизга жиддий таъсир қилаётганини англатади.

“Республикада қиш ойлари ҳам қор кам ёғяпти, ёз эса иссиқ бўлиб кетмоқда. Буларнинг ҳаммаси глобал иқлим ўзгаришининг бизнинг мамлакатга таъсири билан боғлиқ”, дейди Эркин Абдулаҳатов.

Авваллари куз ойларида ёғингарчилик кўп кузатиларди. Ўзбекистоннинг чўл ва яйлов ҳудудларида ҳам яхшигина ёмғир ёғиб, намлик бўлган ва нам ҳолатдаги тупроқ чанг кўтарилишига тўсқинлик қилган. Бироқ айни даврдаги ҳолат кескинлашаётгани соҳа мутахассисларини ташвишга солмоқда.

Чангли бўрон қаердан келди?

“Ўзгидромет”га кўра, мазкур минтақавий чангли бўрон Ўзбекистонга асосан жанубий Қозоғистондан кириб келган. Зарралар аввал Тошкент вилояти ва шаҳрига кирган, кейин Навоий, Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларига ҳам етиб борган.

“Бу йил Қозоғистон жанубида ёз ойлари жудаям кучли қурғоқчилик кузатилди. Бунинг оқибатида республика 24 фоиз буғдой ҳосилидан айрилган. Сентябр-октябр ойларида ҳудудда деярли ёмғир ёғиши кузатилмаган. Шамол бўлиши оқибатида жуда катта чанг массаси Ўзбекистонга учиб келган. Қўшни мамлакатда пасайган намлик зарари қўшни минтақаларга ҳам ўз таъсирини ўтказган”, дея қайд этди иқлимшунос.

“Ўзгидромет” чанг бўрони ёпирилишидан олдин кучли шамол прогнозини берган эди. Лекин чангнинг бу қадар тарқалиши мутахассисларнинг ҳам хаёлига келмаган. Сабаби Тошкент ҳудудида 100 йиллар давомида бундай ҳодиса рўй бермаган. Кутилмаган офат мутахассисларни ҳам ҳайрон қолдирган.

11 ноябрга ўтар кечаси айрим жойларда бироз ёғингарчилик кузатилди, лекин бу, “Ўзгидромет” мутахассисининг айтишича, ҳозирги ҳавода мавжуд чангни тўлиқ босиш учун етарли эмас. Навбатдаги ёмғир “потоги” ноябрнинг иккинчи ўн кунлигида, яъни 18-19 ноябр кунларига тўғри келади.

Эркин Абдулаҳатовга кўра, “Ўзгидромет” 12 ноябр куни шимолий-ғарбий совуқ оқим кириб келиши натижасида ёмғир ёғишини кутган. Лекин оқим ҳозир шимолий Қозоғистондан ўтиб кетди, демак, ёғингарчилик бўлмайди. Агар марказий Қозоғистондан ўтганида қайсидир ҳудудларида ёғингарчилик бўлиши мумкин эди.

“Айниқса, куз ойларида узоқ муддатли прогнозлар ўзини оқлаш даражаси кам бўлади. Ҳаттоки, 5-6 кунлик башоратлар ҳам. Ёз ойларида айтилса, тўғри келиши мумкин. 4 ноябр куни кириб келган чанг бўрони ҳам иқлим ўзгариши туфайли юз берди”, сўзлаб берди у.

Чанг бўронлари қандай турларга бўлинади?

Чанг бўрони 3 хил кўринишда намоён бўлади: маҳаллий, минтақавий ва глобал.

Маълумотларга қараганда, глобал чанг бўронлари 8 километргача баландликка кўтарилади.

Масалан, ёзда Саҳройи кабирда кўтарилган катта масштабли чанг бўронлари 4,5-5 километр баландликка юқорилаб Атлантика океани орқали Жанубий Америкагача етиб борган. 

Ушбу мавсум Тошкент шаҳрида 29 май куни кузатилган ноодатий чанг қум бўрони маҳаллий хусусиятга эга ва у ҳудуднинг ўзидаги тупроқ, чанг қум заррачаларини ҳавога кўтариб, ҳавони бир муддат хиралаштиради. Ҳавода чанг заррачаларини рухсат этилган меъёрдан бироз кўтарилишига олиб келади.

Пойтахт ва бошқа шаҳарларда 4-8 ноябр куни кузатилган чанг бўрони эса минтақавий харектерга эга эди.

“Бу – сигнал. Мазкур ҳолат шу билан тўхтаб қолмаслик эҳтимоли кучли. Чунки иқлим ўзгаряпти. Яшиллик жуда ҳам керак. Лекин минтақавий чанг бўронлари масаласи минтақалар ўртасида ҳал қилиниши зарур.

Биз яшил қопламаларимиз, яйловларимизни жойига келтирганимиз билан қўшниларда вазият яхши бўлмаса, улардаги офатларнинг таъсирини ўзимизда кўраверамиз. Ҳамма тенг ва бир хил чора кўриши лозим. Минтақавий чанг бўронлари Ўзбекистоннинг ғарбий ва жанубий қисмида кўп бўлган. Тошкент шаҳрида эса биринчи марта юз берди.

Бизда бундай чанг зарраларини илмий ўрганиш 1 йил аввал, янги ускуна олиб келинганидан кейин бошланди. Бундай чанг зарраларининг зарарлилик даражаси ҳудудларга ҳам боғлиқ бўлади. Масалан, Россияда бошқача таъсирга эга, бошқа ҳудудда турлича таъсир қилади. Бизда бу йўналишни ўрганиш янгилик. Ҳозирда ушбу зарралар бўйича илмий ишлар олиб бориляпти”, деди мутахассис.

“Ўзгидромет” маълумотларида 4 ноябрь куни юз берган бу ҳодисада энг кўп чанг миқдори тўпланган шаҳар Тошкент бўлган ва ҳудуднинг ҳавосида белгиланган меъёрдан 33 баробаргача кўп чанг мавжудлиги аниқланган.

Натижада минглаб инсонлар нафас қисиши туфайли “Тез ёрдам”га мурожаат қилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига чангли ҳавода ниқоб тақиш, аллергик ва астма касаллиги бор беморларга ташқарига чиқмасликни тавсия қилган.

Исломбек Умаралиев тайёрлади.

Мавзуга оид