«Пулимизни йўқотишни истамасак, ўзимиз тушунмаган нарсалардан узоқроқ бўлганимиз маъқул». Криптовалюта ва «маймун бизнеси»нинг ўхшаш жиҳатлари ҳақида
Халқаро молиячи мутахассиснинг фикрича, криптовалюта кўпгина инсонларни хонавайрон қилади. Бармоқ билан саноқли инсонларгина ундан фойда олишлари мумкин.
Технологик тараққиёт криптовалюталар, хусусан улар орасида энг таниқлиси бўлган Bitcoinʼга талабнинг тез суръатларда ўсиб боришига катта туртки берди.
Криптовалюта нима?
Криптовалюта — махсус кодлар орқали ҳимояланган рақамли актив бўлиб, жўнатма операцияларида пул ўрнида ишлатилади. Унинг жисмоний нусхаси йўқ, фақат электрон ахборот шаклида тайёрланади.
Хўш, криптовалюта харид қилиб, фойда олиш мумкинми?
Ислом молияси бўйича халқаро мутахассис Хондамир Нусратхўжаев ўз телеграм каналида криптобизнеснинг туб моҳиятини англашга ёрдам берадиган бир ҳикояни (инглиз тилидан таржима қилинган) келтириб ўтди.
«Қадим замонда бир савдогар бўлган экан. Бир куни у бир қишлоқ яқинида маймунлар тўдаси яшашини билиб қолибди. Кейин савдогар қишлоққа бориб, у ердаги аҳолига маймун сотиб олиш нияти борлиги ва тутиб келинган ҳар бир маймун учун 100 танга миқдорида пул бермоқчи эканини айтибди.
Қишлоқ аҳолиси, даставвал, ушбу ҳолатдан роса таажжубга тушишибди – қандай қилиб бу инсон битта дайди маймун учун 100 танга бериши мумкин?!
Бироқ қишлоқдаги айрим одамлар маймунларни тутиб келиб, савдогарга топшира бошлабди ва ҳар бир маймун учун ваъда қилинганидек 100 танга миқдорида пул олибдилар. Бу хабар бутун қишлоқ бўйлаб яшин тезлигида тарқалибди ва бошқа одамлар ҳам бирин-кетин маймунларни тутиб келиб, савдогарга сота бошлашибди.
Бир неча кун ўтгач, савдогар эндиликда ҳар бир маймун учун 200 тангадан бермоқчи эканини эълон қилибди. Қишлоқ аҳолиси бу хабардан саросимага тушиб, қолган маймунларни ҳам тутиб кела бошлабди.
Савдогар ваъда берганидек, ҳар бир маймун учун 200 тангадан тўловни амалга оширибди.
Орадан бироз вақт ўтгач савдогар энди ҳар бир маймун учун 500 тангадан тўлашини атрофга овоза қилибди. Қишлоқ аҳолиси навбатдаги хабардан эсанкираб, кўзларига уйқу ҳам келмай қолибди.
Одамлар охирги қолган олти ёки етти чамасидаги маймунларни ҳам ушлаб келиб, ҳар бирини 500 танга эвазига савдогарга топширишибди. Шундан сўнг қишлоқ аҳолиси энди нима бўларкин, деб кута бошлабди. Бу орада савдогар бир ҳафталик таътилга кетаётгани ва таътилдан қайтгач, ҳар битта маймун учун 1000 танга пул беришини маълум қилибди.
Шунингдек, таътилдан қайтгунига қадар ёрдамчиси шу пайтгача харид қилинган маймунларни парвариш қилишга масъул эканини айтиб кетибди. Савдогар таътилга кетибди. Қишлоқ аҳолиси эса 1000 танга мўмай даромадга эга бўлиш учун тутиб келса бўладиган маймун қолмаганидан ноумид бўлиб, маҳзун ҳолга тушиб қолибди.
Лекин савдогарнинг ёрдамчиси қишлоқ аҳолиси билан хуфиёна алоқага чиқиб, агар улар хоҳлашса, ҳар бир маймунни 700 тангадан сотиши мумкинлигини маълум қилибди. Бу хабар ҳам яшин тезлигида ҳамма ёққа тарқалибди. Одамлар “Савдогар қайтиб келгач, ҳар бир маймун учун 1000 тангадан берадиган бўлса, 300 танга фойда қиларканман”, деб катта даромад олишни орзу қила бошлабдилар.
Эртаси куни маймунлар сақланаётган қафас олдида охири кўринмас навбат вужудга келибди. Савдогарнинг ёрдамчиси барча маймунларни 700 тангадан сотиб тугатибди. Қишлоқдаги бойлар жуда катта миқдордаги маймунларни харид қилган бўлсалар, камбағаллар эса судхўрлардан қарз олиб бўлса-да, қолган маймунларни сотиб олибдилар. Қишлоқ аҳолиси маймунларни боқа бошлабдилар ва савдогарнинг қайтишини кўзлари тўрт бўлиб кутибдилар.
Улар кутаверибдилар, кутаверибдилар...
Афсуски, ҳеч ким келмабди. Шундан сўнг одамлар савдогарнинг ёрдамчисини қидиришга тушибдилар, таассуфлар бўлсинки, у ҳам аллақачон ғойиб бўлган эди!
Охир-оқибат қишлоқ аҳолиси ҳеч кимга керак бўлмаган ва биров сотиб олмайдиган дайди маймунларни 700 тангадан олишганини ва катта қаллоблик ўйини қурбонига айланганликларини тушуниб етибдилар».
Мутахассиснинг таъкидлашича, бугунги кунда юқоридаги маймунлар савдоси барчага маълум бўлган Bitcoin тимсолида ўз аксини топмоқда. Бу кўпгина инсонларни хонавайрон қилиб, таназзулга дучор қилса, бармоқ билан саноқли айрим инсонларгина бу ҳолатдан унумли фойдаланиб, мўмай даромад қилиб олишга муваффақ бўлади.
«Инвесторлар ҳар қандай инвестициянинг нарх ўзгарувчанлигига қарашади (масалан, акция, доллар, кўчмас мулк ва ҳоказолар). Исталган криптовалютани олманг, унинг нарх ўзгарувчанлиги (нарх ўйнаши) жуда юқори эканини (яъни унинг нархи қай даражада юқорига ва пастга силжишини) кўришингиз мумкин. Бу яхши пайтларда ажойиб туюлиши мумкин, аммо ёмон пайтларда инвесторлар учун ҳалокатли бўлади.
Шундай қилиб, барчамиз учун инвестиция қилишнинг энг асосий қоидаларидан бири: инвестицион қарорлар қабул қилишдан олдин ҳар доим нафақат фойда даражасини, балки нарх ўзгарувчанлигини ҳам текшириш. Агар бу кўрсаткич юқори бўлса, пулингизни хавф остига қўйишни хоҳлайсизми ёки йўқми, 10 марта ўйлаб кўринг. Айниқса, бу инвестиция бойлигингизнинг катта қисмини ташкил қиладиган бўлса.
Умуман олганда, нархи жуда ўзгарувчан инвестициялар биз оддий одамлар учун эмас. Агар ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган нарсаларга пулимизни сарфлаб, йўқотишни истамасак, улардан узоқроқ бўлганимиз маъқул, чунки аксар ҳолларда, пирамидалар қулаб тушади, осон пул топишга ишонганлар эса охир-оқибат пулсиз қолишади», дея қўшимча қилди у.
Аввалроқ, молия вазири Темур Ишметов ҳам криптовалютага танқидий муносабатда эканини маълум қилганди:
«Бирор нарса сотиб олишда харидор эканини яширмоқчи бўлган одам учун бу актив жуда қулай. Масалан, савдоси ноқонуний бўлган наркотик учун бу қўл келади. Ҳар қандай актив атрофида профессионал чайқовчилар пайдо бўлади, яъни активларни олиб сотиш бошланади.
Шунга қарамай, унутмаслик керакки, барча активлар чекланган. Соддароқ айтганда, залда ўтирган одамларнинг бойлиги чекланган. Кимнингдир чўнтагида пул пайдо бўлиши учун, ўша пул бошқанинг чўнтагидан чиқиши керак. Bitcoin олди-сотдиси орқали даромадни кўзлаган одам доим фойдани ўйлаб, ютқазишни ўйламайди. Кимдир миллион доллар топиши учун, 100 киши минг доллардан йўқотиши керак. Шуни ёдда тутинг. Бу аҳмоқликда бир тийин ҳам йўқотишни истамасдим», деганди у.
Маълумот учун, Ўзбекистонда крипто-активлардан фойдаланиш қонунан тақиқланган. Криптовалюта савдоси билан ноқонуний шуғулланган фуқароларга Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) ва 190-моддаси (фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш) билан жиноят иши қўзғатилади.
Мавзуга оид
11:40
Олтин ва кумуш арзонлашди, Bitcoin нархи кескин ошди - халқаро молия бозори шарҳи
12:10 / 20.10.2024
Доллар мустаҳкамланди, Bitcoin ва олтин нархи кескин қимматлашди — халқаро молия бозори шарҳи
11:36 / 04.08.2024
Bitcoin ва доллар арзонлашди, олтин қимматлашди – халқаро молия бозори шарҳи
14:41 / 24.07.2024