Ўзбекистон | 20:45 / 16.11.2021
31627
4 дақиқада ўқилади

Нега фақат арча?

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республика бўйлаб экилаётган дарахтларнинг аксарияти – арча. Кўчатларнинг катта қисми суғориш тизими йўқ майдонларга экиляпти.

2 ноябр кунги селекторда президент Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини эълон қилган эди. Унда йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши, шаҳарлардаги яшил майдонлар ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга оширилиши маълум қилинди.

Айтилишича, эндиликда экилган дарахтни парваришлашга ким масъул бўлиши белгилаб қўйилади, ободонлаштириш бўлимларига махсус техникалар сотиб олинади ва керакли жойларда суғориш тармоқлари қурилади.

Президент экология, дарахт экиш ва парваришлаш масалаларини ҳокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари зиммасига юклади.

Селектордан кейин 10 декабргача давом этадиган “Долзарб 40 кунлик” бошланиб кетди.

Аммо...

Кўряпмизки, бутун умуммиллий лойиҳа доирасида экилаётган дарахтларнинг жуда катта қисмини арча ташкил қилмоқда. Ўйлаб қоласан киши, миллионлаб игнабаргли дарахтлар экавериш билан яшилликни таъминлаб, яшил қалқонлар барпо қилиш бўйича режаларга тўла эришиб бўлармикин?

Бизнингча, бу борада бошланган хайрли лойиҳа айрим ҳудудларга фақат арча экиш кампаниясига айланиб кетаётгандек.

Фарғона вилояти Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров сектор раҳбарлари билан дарахт экиш акциясида / Фото: ЎзА
Навоий шаҳри / Фото: Экологик партия
Фарғона вилояти Ёзёвон тумани / Фото: Экологик партия

Тушунарсиз, нега фақат арчага ёпишиб олганмиз?

Баланд ўсиб ёзда соя берадиган, барглари кенг, кўпроқ кислород чиқарадиган дарахтларни экишга нима халал беради?

Қарши шаҳри / Фото: Экологик партия

Шунингдек, яна бир долзарб масала бор.

Экологик партия эълон қилган юқоридаги суратларда арчалар дренаж тизими йўқ майдонга экилган. Бу жойларда дарахт кўкариши у ёқда турсин, майсалар ҳам сарғайиб ётибди.

Қуйидаги расм Янгибозор туманида олинган: тақир ерга кўчат ўтқазиляпти, сал нарида эса аввалроқ экилган арчалар қуриб қолган:

Хоразм вилояти Янгибозор тумани / Фото: Экологик партия

Мана бу суратда камида 10 киши бир бўлиб, сувдан асар ҳам кўринмайдиган жойда дарахт экяпти. Улар орасида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Экология партияси раиси Нарзулло Обломуродов ва Экология қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков ҳам бор:

Фото: Экологик партия
Фото: ЎзА

Айтишларича, Қоровулбозор тумани Чўлқувар массивидаги бу ҳудудга канал тортиляпти. Расмий хабарда: “Одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган чўл бағрида яшил майдонлар ҳосил қилинади”, деган баландпарвоз гапларни ўқиш мумкин.

Тортилажак канал бу ниҳолга қанчалик ёрдам бера олади, очиғи, билмадик. Мана бундай ҳолатларни кўраверган одамга чўлни боғ қиламиз деган гап энг камида кулгили эшитилади:

Самарқанд шаҳри яқинидаги Чўпонота тепалиги / Фото: Kun.uz
Сурхондарё вилояти Сариоёсиё тумани / Фото: Kun.uz
Андижон вилоятидаги “Хонобод” дам олиш маскани ҳудуди / Фото: Kun.uz
Сирдарё вилояти Боёвут тумани / Фото: Экология қўмитаси
Тошкент шаҳри, Абдулла Қодирий боғи / Фото: Экологик партия

Биласизми, экологияни яхшилаш учун миллиардлар сарфлашдан олдин борини йўқ қилишни тўхтатишимиз керак. Ва бу ерда гап фақат дарахт кесишни тўхтатиш ҳақида кетмаяпти.

Биз Орол денгизини қуритганимиздан ҳалигача сабоқ олмаганмиз: шу кеча-кундузда карьерлар сабабли Зарафшон дарёси суви шиддат билан камайиб боряпти, минглаб скважиналар сабаб ерости сувлари сатҳи пасайяпти, бетонлашаётган Тошкент эса нафақат дарахтларидан, балки кўлларидан ҳам айриляпти.

Илёс Сафаров

Мавзуга оид:

Мавзуга оид