Жамият | 17:00 / 17.11.2021
42442
2 дақиқада ўқилади

Қоидабузарларни видеога олиб юбориш чақимчилик эмас — Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Омманинг ҳақига зид иш қилинганда жамоатчиликнинг вакили сифатида буни етказиш жоиз ҳисобланади, лекин буни даромад манбайига айлантириб олиш шаръан ҳалол эмас, дейди йўл ҳаракати фиқҳи бўйича мутахассис Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид.

Kun.uz Ислом динида йўл ҳақлари, йўл қоидаларига амал қилишнинг ҳукми борасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан суҳбат ташкил этди.

Ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги, йўллардаги носозликлар, баъзида масъулларнинг эътиборсизлиги йўллардаги аварияларга сабаб бўлаётгани Ислом динида ҳам қораланади.

Суҳбатдошимиз, жамиятда турли мунозарадарни келтириб чиқарган ҳолат – қоидабузарларни расмга олиб, тегишли органга юбориш ҳамда бунинг учун пул мукофоти олиш ҳукми борасида фикр билдирди.

“Фатводан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, якка шахслар қоидабузарликларни расмга олиб юбориш ортидан тирикчилик қилиши ҳалол касб ҳисобланмайди. Унинг ўрнига меҳнат қилсин. Иккинчидан, гоҳида йўлга қўйилган тақиқ яхши ўрганмасдан қўйилган бўлиши ҳам мумкин.

Умум тушунча бўйича, ҳайдовчилар қоидага амал қилиши керак, лекин ана шу қоидага амал қилолмай қолса, якка шахслар ундан даромад қилиши шаръий жиҳатдан ҳалол касб ҳисобланмайди. Лекин даромад қилмоқчи эмас-у, қоидабузарликни етказмоқчи бўлса, бу мумкин. Балки бундай ишларни гоҳ-гоҳида қилиш керак. Чунки бу ҳозирги тил билан айтганда ижтимоий назорат ҳисобланади. Бу чақимчилик бўлмайди, якка ҳолатларга тегишли. Омманинг ҳақига зид иш қилинганда, жамоатчиликнинг вакили сифатида буни етказиш, иншаллоҳ, жоиз ҳисобланади. Лекин бундан даромад қилиш жоизмас”, – дейди Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид.

Тўлиқ видео:

Суҳбат давомида йўл қоидалари амал қилиш бўйича шариат ҳукмлари, ЙТҲ иштирокчилари, гувоҳлар ва масъулларнинг ҳолати, қоидабузарларни расмга олиб, юбориш ҳамда аёллар автомобиль ҳайдашига доир кўплаб қизиқарли мавзулар ёритиб берилган.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Видеолавҳа ва мақоладаги диний матнлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертизасидан ўтказилган.

Мавзуга оид