Ўзбекистон | 11:39 / 17.11.2021
50292
2 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов АКТ вазирлигига қайтмоқда

Шерзод Шерматов номзоди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига маъқулланди.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 ноябрдаги ялпи йиғилишида Халқ таълими ва АКТ вазирликларига раҳбар номзодини маъқуллаш масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев хабар қилмоқда.

«Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига шу кунга қадар Халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келаётган Шерматов Шерзод Хотамович номзоди маъқулланди», дейилади хабарда.

1977 йилда туғилган Шерзод Шерматов Тошкент давлат техника университети битирувчиси саналади (1998). У шунингдек, АҚШдаги Йель университетини тамомлаган (2000).

Меҳнат фаолиятини 2000 йилда Молия вазирлиги Валюта иқтисод бош бошқармаси бош иқтисодчиси лавозимидан бошлаган. Кейинги йилларда Вазирлар Маҳкамаси, БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон президенти аппаратида турли лавозимларда ишлаган.

У 2012-2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси ўринбосари, 2014 йилдан 2016 йил ноябригача Тошкентдаги Инҳа университети ректори бўлган, 2016 йил ноябридан 2017 йил февралигача Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган, 2017-2018 йилларда шу вазирликка раҳбарлик (в.б) қилган.

Шерматов 2018 йилнинг июнида Улуғбек Иноятов ўрнига Халқ таълими вазири этиб тайинланганди

  • Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи бошида Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар блокланиши билан боғлиқ вазият ортидан АКТ вазири Шуҳрат Содиқов ишдан олинганди. У 2018 йил августидан буён Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид