Жаҳон | 18:45 / 17.11.2021
8725
1 дақиқада ўқилади

Собянин Москвадаги қурилишларда мигрантлар сонини камайтиришни буюрди

Москва мэрининг сўзларига кўра, бундай қурилишларга «бошқача сифатдаги, бошқача маош олувчи ишчилар керак».

Фото: Global Look Press

Москвадаги реновация дастури асосида бунёд этилаётган уйлар қурилишида меҳнат мигрантлари сони камайтирилиши лозим. Шаҳар мэри Сергей Собянин ана шундай топшириқ берди.

Унинг сўзларига кўра, бундай қурилишларга «бошқача сифатдаги, бошқача маош олувчи ишчилар керак». У «Крост» пудратчи фирмаси бош директори Алексей Добашинга яқин-атрофдаги регионлардан россиялик ишчиларни жалб этишни маслаҳат берди.

Собяниннинг топшириғига кўра, уларга тегишли меҳнат шароити яратилиши, ойлик маоши юқори бўлиши шарт.

Аввалроқ Bloomberg агентлиги Россияда иш кучи етишмаслиги мамлакат иқтисодиёти тикланишини секинлаштираётганини маълум қилганди.

Агентликнинг ёзишича, йирик компаниялар ишчилар етишмаслиги муаммосига дуч келган. Октябрда марказий банк раҳбари Эльвира Набиуллина ҳам иш кучи етишмовчилиги ҳақида гапирганди. Унинг сўзларига кўра, янги иш ўринларини тўлдириш учун Россияга меҳнат мигрантлари оқими зарур.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид