Ўзбекистон | 12:15 / 18.11.2021
1441
2 дақиқада ўқилади

Брюсселда «Хива маданияти кунлари» ўтказилди

Бельгия пойтахтида илк маротаба Ўзбекистоннинг қадимий шаҳри тарихи ва бугунги кунига бағишланган маданий тадбирлар ўтказилди.

Фото: Anadolu Agency

15 ноябрь куни Бельгия пойтахти Брюссель шаҳрида «Хива маданияти кунлари» бошланди. Тадбир Халқаро турк маданияти ташкилоти (TURKSOY), «Европа Иттифоқи - Ўзбекистон дўстлик гуруҳи», Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонасида катта концерт дастури ва гастрономик шоу билан бошланди.  

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, туркиялик депутат Руҳи Эрсой, TURKSOY бош котиби Дусен Касеинов, «Европа Иттифоқи - Ўзбекистон дўстлик гуруҳи» раҳбари Ричард Чарнецки, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги элчиси Дилёр Ҳакимов иштирок этди.

Фото: Anadolu Agency

Сўнгра, Европа Парламенти биносида «Буюк Ипак йўли маданий меросини асраш ва оммалаштириш – турк дунёсининг 2020-йилги пойтахти Хива шаҳри ҳақидаги таассуротлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

16 ноябрь куни Турк савдо ва саноат палатаси иттифоқининг Брюсселдаги вакиллигида «2020 йилги турк дунёси маданият пойтахти Хивадан таассуротлар» номли фотокўргазма иш бошлади.

Фото: Anadolu Agency

Маълумот ўрнида, турк дунёсининг маданият пойтахти TURKSOY ташкилотига аъзо мамлакатларнинг маданият вазирлари қарори билан эълон қилинмоқда. Ушбу ташаббус татбиқ этилган 2012 йилдан бошлаб Астана (Қозоғистон), 2013 йилда Эскишеҳир (Туркия), 2014 йилда Қозон (Татаристон, Россия), 2015 йилда Мерв (Туркманистан), 2016 йилда Шеки (Озарбойжон), 2017 йилда Туркистон (Қозоғистон), 2018 йилда Қастамону (Туркия), 2019 йилда Ўш (Қирғизистон), 2020 йилда Хива (Ўзбекистон) турк дунёси маданият пойтахти унвонини олган. 2022 йилда Туркиянинг қадимий шаҳри Бурса турк дунёси маданият пойтахти деб эълон қилинади.

Фото: Anadolu Agency
Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид