Наманганда солиқчи, Хоразмда ФВВ ходими ноқонуний ер сотаётганда ушланди
Наманган ва Хоразм вилоятларида Давлат солиқ инспекцияси ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими ер сотиш эвазига катта миқдорда пул олаётган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Наманган вилоятидаги туманлардан бирининг Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўзининг ҳайдовчиси номида бўлган сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг 1 гектар ер майдонини бошқа бир фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пулни хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими маҳаллий фуқаро билан келишиб, Урганч туманидаги ташкилот балансида бўлган 30 сотих ер майдонини бошқа шахс номига танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХ Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пулдан 30 минг АҚШ долларини олган вақтларида қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ тақдим қилган ахборотда Наманган ва Хоразмда қўлга олинган мансабдорларнинг исм-шарифи, қайси туманда ишлаши айтилмаган. Аввалроқ, ДХХ Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ҳам туман прокурори ва ўринбосари катта миқдорда пора билан қўлга олинганини хабар берган эди. Лекин ушбу ҳолатларда ҳам порахўр мансабдорларнинг аниқ иш жойи очиқланмаган.
Мавзуга оид
14:55 / 15.11.2024
ДХХ раиси Ўзбекистондаги муҳим ахборот инфратузилмаларини тоифалашга доир буйруқ чиқарди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
16:46 / 09.11.2024
Учта вилоят ва Тошкент шаҳрида гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди
10:23 / 07.11.2024