Жаҳон | 23:45 / 19.11.2021
17134
3 дақиқада ўқилади

ОАВ Фатҳуллоҳ Гулен АҚШда заҳарлангани ҳақида хабар тарқатди

CPA Media Pte Ltd / Alamy / Vida Press

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг асосий мухолифи сифатида қаралувчи Фатҳуллоҳ Гулен 16 ноябрь куни АҚШда заҳарлангани айтилмоқда.

Бу ҳақда йирик турк янгиликлар канали Oda TV махсус хизматлар маълумотларига таянган ҳолда хабар берди. Адвокат Бурак Бакирўғли Гуленни яқин шериги Жавдот Турйўли заҳарлаганини маълум қилган.

Кейинроқ Бакирўғлининг хабар беришича, воқеа натижасида Гулен гапиролмай қолган, лекин унинг жони омон.

Oda TV маълумотларига кўра, Гулен ташкилотидаги муллалардан бири Пенсильвания штатидаги фермада ўз жонига қасд қилган. Oda TV ва Бурак Бакирўғлининг айтишича, ташкилот тарафдорларига содир бўлган воқеа юзасидан сукут сақлаш буюрилган.

Журналист ва «Хизмат» ҳаракати тарафдори Эмре Услу 17 ноябрда манбалар сўзларига таянган ҳолда Фатҳуллоҳ Гулен тирик эканини маълум қилди. Шу куннинг ўзида Гуленнинг яқин ҳамкори Жавдот Туркйўли унинг тирикли ҳақидаги видео ёзиб қолдирди. 18 ноябрь куни Гулен ҳаракати тарафдорларининг Youtube’даги каналида воиз намоз ўқиётган пайтида олинган видео пайдо бўлди (ёзувнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган). Гулен яшайдиган Пенсильвания штати полициясида Гуленнинг ўлими ҳақидаги хабарни тасдиқловчи «маълумотлар тизимда мавжуд эмас»лиги айтилган.

Фатҳуллоҳ Гулен – турк жамоат арбоби, ёзувчи ва собиқ имом. Ўз чиқишларида у хайрия ва конфессиялараро мулоқотга урғу бериб, исломнинг мўътадил шаклини тарғиб қилади. 1999 йилдан бошлаб, АҚШда ихтиёрий сургунда яшаб келмоқда. 1970-йилларда Гулен ғоялари атрофида «Хизмат» ҳаракати пайдо бўлган. Ҳаракат дунёнинг кўплаб мамлакатларида мактаб ва шифохоналар очади.

Туркияда гуленчилар аввалига Ражаб Тоййиб Эрдўғанни қўллаб-қувватлашган. Бироқ 2012 йилга келиб, уларнинг муносабатлари кескинлашди. «Хизмат» Туркияда террористик ташкилот деб эълон қилинди. Туркия расмийлари Гуленни 2016 йилдаги ҳарбий тўнтариш ва Россия элчиси Андрей Карловнинг ўлдирилишига алоқадорликда айблаган. 

Мавзуга оид