Жамият | 14:50 / 20.11.2021
15702
4 дақиқада ўқилади

Буюк тарихнинг гувоҳи бўлган муҳташам Тўпқопи саройига зиёрат (фото)

“4000 нафарга яқин киши яшаган Тўпқопи саройи Истанбул шаҳридаги Саройбурнида жойлашган” – дея, ҳикоя қилади Uzbek.life колумнисти Сабоҳат Ражабова.

Сиз ҳам ўз ҳикояларингизни биз билан бўлишмоқчи бўлсангиз Telegram’дa @uzbeklifebot га мурожаат қилинг.

Усмонли империясининг 600 йиллик тарихи ҳисобидан 400 йил мобайнида ҳукумат маркази сифатида фойдаланилган ва нафақат усмонли подшоҳлари, балки бир пайтнинг ўзида жами 4000 нафарга яқин киши яшаган Тўпқопи саройи Истанбул шаҳридаги Саройбурнида жойлашган.

Тўпқопи саройи 1478 йилда Фотиҳ Султон Меҳмет томонидан барпо эттирилган ҳамда сарой халқининг Долмабаҳче, Йилдиз ва бошқа саройларда яшаб бошлаганидан сўнг секин-секин бўшаб қолган. Аммо подшоҳлар томонидан тарк эдилганидан кейин ҳам Тўпқопи саройи ўз аҳамиятини йўқотмади. 

Тўпқопи саройи ички ҳовлиси
Сарой ичкарисидаги ҳудуд

Сарой илк маротаба чекланган бир омма учун бир музей сифатида Султон Абдулмажид ҳукмронлиги даврида очилди. Ўша пайтдаги инглиз элчисига Тўпқопи саройи хазинасидаги буюмлар кўрсатилганидан сўнг ушбу кўҳна асарларни келган меҳмонларга кўрсатиш бир анъанага айланади ва Султон Абдулазиз даврида хазиналар бир-бир витринада тақдим этилиб, хорижликларга кўрсатила бошлайди. Султон Абдулҳамид II тахтдан ағдарилган даврларда Тўпқопи саройи Хазина-и Ҳумоюнининг якшанба ва сешанба кунлари маҳаллий аҳолининг зиёрати учун ҳам очилиши режалаштирилади. Аммо амалга оширилмайди. Кейинчалик эса Мустафо Камол Отатуркнинг буйруғи билан 9 сентябрь 1924 йилда сарой халқнинг зиёрати учун музей сифатида очилади.

 Сарой музейи хазиналари

Саройни шаҳардан айирган ва Фотиҳ Султон Меҳмет томонидан сарой иншооти билан биргаликда қурилган Сур-и Султони ичидаги сарой ҳудудига Боб-и Ҳумоюндан кирилади. Кирганингизда эса саройнинг биринчи Ҳовли майдонини кўрасиз. Ушбу майдон ҳукмдор ва уламоларининг саройга от устида кира олган ягона ҳудуд бўлиб, бу ерга белгиланган кунларда аҳоли келиб, давлат билан алоқаларини мустаҳкамлар ва сиёсат ҳақида бахс-мунозаралар ўтказар эди. 

Сарой киришининг чап қисмида Фотиҳ Султон Меҳмет ҳукмронлиги давридан бошлаб омборхона бўлиб хизмат қилган Ая Ирини черкови жойлашган. 

 

Саройнинг иккинчи ҳовлисида сарой касалхонаси, қандолатчилик бўлими, ҳарам, девон, сарой ошхоналари ва саройнинг бошқа бўлимларига кириш жойларини кўрасиз. Сарой ошхоналари Мармара денгизи ва ҳовли ўртасидаги бир ичкари кўчада XV асрда барпо қилинган. 

Қуббаолти хонаси Девон-и Ҳумоюн, яъни подшоҳ девони учун хизмат қилар эди. Кейинчалик у ерда подшоҳнинг садр-и аъзами, яъни ҳукумат бош вазири мажлисларни ўтказадиган бўлди.

Қуббаолти ва Девон-и Ҳумоюн

Ҳарам бўлимини кўпчилик фақатгина аёллар ва султоннинг жориялари яшаган ер, деб ўйлаши мумкин. Аслида эса Ҳарам-и Ҳумоюнда султоннинг ўзи, оиласи ва уларга хизмат қилган тоифа, яъни жориялар яшаган. 

Ҳарам

Ташқи дунёга ёпиқ ва масофали бўлган ҳарамнинг қурилиши ва архитектураси ҳам бунга мос. XVIII асрдан бошлаб ҳарамга бўлган ташқи қизиқиш ортгани сабабли ҳарам ҳақида тадқиқотлар кўпайган. Лекин ҳарам ташкилотининг ёпиқлиги ва сирлилиги боис тадқиқотлар учун етарлича маълумот йўқ бўлиб, инсонлар ҳарам ҳақида турли ривоятлар тўқишни бошлаганлар.

Ҳарамнинг “олтин йўлакча”си

Сабоҳат Ражабова,
Uzbek.life колумнисти

Мавзуга оид