Ўзбекистон | 19:48 / 21.11.2021
35143
6 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилар учун лимит, рокировкалар ва ўзбошимча Telegram — X-News

Маслаҳатчиликдан кетган Иноятов, ҳукуматга ўтиши кутилаётган Ортиқхўжаев, ЎзАвтодан навбатдаги “совға”, автомобилни расмийлаштириш учун арзонлашаётган божлар. Xpress лойиҳаси тақдим этган ҳафта дайжестида шулар ҳақида сўз боради.

Ўзбекистонда йил бошидан бери салкам 1964 киши йўл транспорт ҳодисалари қурбони бўлди. Яна 6886 киши жароҳатланди. Бу қанчалик фожиали рақамлар эканини тушуниш учун битта рақамга эътиборингизни қаратамиз: Ўзбекистонда ЙТҲларнинг ўлим билан тугаш эҳтимоли Қозоғистондагига қараганда 67 фоизга, АҚШдагига қараганда 620 фоизга кўпроқ.

Бироқ афсуски, бир томондан минглаб одамлар қоидабузарларни видеога олиб жўнатишни “козёллик” деб ҳисобласа, иккинчи томондан давлат ҳам бу ўлимларнинг олдини олишга шошилмаяпти.

Масалан, йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолашни олсак. Бу тизимга ўтилиши ҳақида бундан икки ярим йил олдин қарор лойиҳаси чиққан эди. Ўшанда 2020 йил 1 январдан бошлаб янги тизимга ўтилиши режалаштирилганди. Ва бу режалигича қолиб кетди.

Шу ҳафта эса ана ўша лойиҳа бироз ўзгартирилган ҳолда қайтадан муҳокамага қўйилди. Лойиҳада 2023 йил деб муддат қўйилган. Демак, қоидабузар ҳайдовчиларни тиядиган тизим ишга тушгунча йўлларда яна камида 2 мингта одам ўлади.

Бу ўзи қанақа тизим деётган бўлсангиз керак.

Эсингиздами, Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғли Tracker машинасини Тошкентда 150 км/соат тезликда ҳайдаб, буни TikTok'га жойлаганди. Ўшандан кейин у икки йил ичида нақ 16 марта қоида бузгани маълум бўлган эди.

Тошкентда куппа-кундузи 150 км/соатда ҳайдаш, 2 йил ичида 16 марта қоида бузиш... Бундайлар жаримани тўлаб қўйиб, ҳеч нарса бўлмагандек яна рулга ўтиравериши мумкин.

Биз юқорида нега кечикяпти деган тизим айнан шундай потенциал қотилларга қарши ишлайди.

Яъни, тизим ишга тушса, ҳар бир ҳайдовчига 1 йил учун 12 жарима балли лимит берилади. Ҳар бир қоидабузарликка оғирлигига қараб балл белгилаб чиқилади. Масалан, светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетиш 3 балл ва ҳоказо. Ҳайдовчининг жарима баллари 1 йил ичида 12 баллга етса, у йил охиригача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Фуқаро белгиланган муддат тугаганидан кейин ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш учун имтиҳон топширишга мажбур бўлади.

Янги қарор лойиҳаси ва 2019 йилдаги лойиҳа ўртасида муҳим фарқ бор. 2019 йилда 12 баллик жарима лимити 1 календар йили – 1 январдан 31 декабргача дейилган эди. Янги лойиҳада эса 12 баллик лимит ҳайдовчи биринчи марта қоида бузган санадан бошлаб 1 йил давомида амал қилади. Масалан, қоидабузар ҳайдовчи олтинчи ойдаёқ лимитни тўлдириб қўйса, 6 ой машина ҳайдай олмайди.

Ҳафта ҳайдовчилар учун яхши хабарларга бой бўлди. Масалан, келаси йили юз минглаб ватандошларимиз машиналарини ўз номларига ўтказишлари мумкин. 1 январдан автомобил сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилиниши кутилмоқда. Нотариусда олди-сотди шартномаси учун тўланадиган давлат божи БҲМнинг 3 баробари, яъни 810 минг сўм деб белгиланиши мумкин. Ҳозир бу тўлов машинанинг от кучига қараб 2 млн 700 минг сўмгача боради.

Қонун кучга кирса, ҳайдалган машина сотиб олаётганлар уни ўз номига расмийлаштириш учун ҳаммаси бўлиб тахминан 1 млн сўм харажат қиладиган бўляпти. Бу ҳозирги миқдордан машина турига қараб 4 дан 10 баробаргача арзон.

Қонунчиликда кутилаётган яна бир ўзгариш ҳам ҳайдовчиларга тааллуқли. Тез орада машина бошқараётиб ҳам телефонда гаплашиш мумкин бўлади, фақат битта шарти бор: рулда телефонда гаплашиш учун bluetooth ё қулоқчин каби қўлни банд қилмайдиган воситалардан фойдаланиш керак.

Бундан ташқари, автомобил салонининг олд қисмига монитор (дисплей) ўрнатиш учун жавобгарлик бекор қилинмоқда. Тегишли қонун лойиҳасини жума куни Сенат маъқуллади, энди уни президент имзолаши керак.

Яна бир янгиликни ҳамма эшитиб бўлгандир: эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш муддати яна узайтирилди. Лекин бу сафарги муддатлар ҳамма учун бир хил эмас. Масалан, 2010 йилгача олинган ҳайдовчилик гувоҳномаларини 2022 йил 31 мартгача алмаштириш керак. 2015 йилдан кейин берилганларини эса 2022 йил 31 декабргача алмаштириш лозим.

Бензин нархидан куйиб, газга ўтган ҳайдовчиларни ҳам янги ноқулайликлар узоқ куттирмади. Ҳар йилгидек, ҳаво совигани сабаб “газ-заправка”ларнинг ишлаш вақти чеклаб қўйилди.

Антимонополия қўмитасига кўра, монопол мавқега эга айрим компаниялар бозорда ўйин қилгани рост экан. Улар биржа савдоларига бензинни фақат йирик лотларда, яъни 60 тоннадан ортиқ миқдорда чиқариб келибди. Бирданига бунақа катта миқдорда бензин сотиб олиш эса фақат нефтебазаларнинг қўлидан келади, чунки уларда катта ҳажмдаги маҳсулотни сақлашга шароит бор. Оддий бензин шохобчаларида эса бунақа имконият йўқ, чунки уларнинг айланма маблағлари у қадар кўп эмас.

Антимонополия қўмитаси бу баёнотидан икки кун ўтиб, уларнинг аралашуви билан биржада кичикроқ бензин лотлари ҳам пайдо бўлгани ва АИ-80 бензини нархи 9 фоизга арзонлашганини маълум қилди.

Ноябр охиригача нарх арзонлашишини оддий истеъмолчилар ҳам ҳис қилиши ваъда қилиняпти.

Xpress дайжестида ҳафтанинг бошқа бир нечта асосий воқеалари ҳақида ҳам сўз боради. Видеони лойиҳанинг YouTube каналида томоша қилинг.

Мавзуга оид