Ўзбекистон | 11:19 / 22.11.2021
12358
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши қўшимча доза билан эмлашга рухсат берилди

Ўзбекистонда ихтиёрий равишда бустер доза билан эмланишга рухсат берилди. Бустер дозани тўлиқ вакцина курсини олганига 6 ой ва ундан ортиқ вақт ўтган аҳоли вакиллари олиши мумкин.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда тўлиқ эмлаш курсини тамомлаган фуқароларга коронавирусга қарши ихтиёрий бустер доза билан эмлашга рухсат берилгани ҳақида хабар қилди.

«Маълумки, юртимизда коронавирусга қарши курашиш мақсадида жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда. 

Хусусан, ҳозирги кунга қадар 6 турдаги 42 млн 805 минг доза вакцина келтирилди. Шунингдек, йил охирига қадар 5,6 млн доза вакцина келтирилиши кутилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи кўрсатма хатига мувофиқ, республика аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни ошириш мақсадида 2021 йил 17 ноябрь кунидан бошлаб тўлиқ вакцина курсини олган фуқаролар (2 ёки 3 марта эмланганлар) бустер доза билан ихтиёрий эмланади», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Бустер доза нима?

  • Бустер доза — тўлиқ эмланган фуқароларнинг касалликка қарши иммунитетини мустаҳкамлаш мақсадида яна қайтадан оладиган вакцина дозаларидир.

У билан эмлаш қандай амалга оширилади?

  • Бустер доза билан тўлиқ вакцина курсини олганига 6 ой ва ундан ортиқ вақт ўтган аҳоли вакиллари эмланиши мумкин.

Бустер доза тури аввал олинган вакцина билан бир хил бўлиши керакми?

  • Эмлаш пунктида бустер дозани вакцинанинг ҳар қандай туридан фойдаланган ҳолда олиш мумкин.

Уни қаердан олиш мумкин?

  • Бустер доза олмоқчи бўлган аҳоли республиканинг барча даволаш-профилактика муассасаларининг эмлаш пунктларида эмланиши мумкин. 

Мавзуга оид