Жаҳон | 18:37 / 24.11.2021
4467
2 дақиқада ўқилади

“Толибон” АҚШ ва ЕИ вакиллари билан музокаралар ўтказади

Учрашувлар давомида сиёсий масалалар, Афғонистон банк резервларини тақиқдан чиқариш, гуманитар ёрдам, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари билан боғлиқ мавзулар муҳокама қилинади.

27-29 ноябрь кунлари “Толибон” ҳаракати Қатар пойтахти Доҳада АҚШ ва ЕИ вакиллари билан музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Афғонистон ислом амирлигининг Twitter саҳифасида маълум қилинди.

“АФА ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий 27-29 ноябрь кунлари Қатар пойтахти Доҳада АҚШ, ЕИ ва бошқа томонлар вакиллари билан учрашади”, — дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, учрашувлар давомида сиёсий масалалар, Афғонистон банк резервларини тақиқдан чиқариш, гуманитар ёрдам, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари билан боғлиқ мавзулар муҳокама қилинади.

Ташқи ишлар вазирига таълим, соғлиқни сақлаш ва молия, Афғонистон марказий банки ва хавфсизлик тузилмалари вакиллари ҳамроҳлик қилади.

Аввалроқ Вашингтон АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Уэст толиблар билан музокаралар ўтказиш учун Қатар пойтахтига боришини маълум қилганди.

“Толибон” вакиллари октябрда Доҳада америкалик дипломатлар билан бир неча марта учрашувлар ўтказган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид