Прокуратура учун хизмат машиналари: харажатлар қанчалик шаффоф?
Амалдорларга давлат томонидан ажратиладиган қимматбаҳо хизмат машиналари, ушбу транспорт воситаларига сарфланаётган харажатлар миқдори ва манбалари жамоатчиликни қизиқтирган мавзулардан биридир. Бироқ яқин-яқингача Ўзбекистонда ушбу мавзулар деярли ёритилмаган.
2021 йилнинг 1 июлидан бошлаб давлат органларида мансабдор шахсларнинг транспорт билан боғлиқ харажатлари ҳақидаги маълумотлар давлат органларининг расмий сайтларига ҳамда Очиқ маълумотлар порталига жойлаштириб борилиши, ушбу ҳисоботлар ҳар чоракда янгиланиши белгиланган.
Kun.uz вазирлик ва идоралар мазкур талабга қанчалик риоя этаётганини ўрганишга киришди. Илк “нишон” сифатида қонун ҳужжатлари ижроси устидан назоратни амалга оширувчи давлат органи – Бош прокуратура танланди.
Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг маълум қилишича, 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 7 майда 3299-сон билан рўйхатга олинган “Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш мақсадида расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш тартиби тўғрисида”ги низом талабларига мувофиқ Бош прокуратура сайтида Очиқ маълумотлар бўлими ташкил этилган. Бу ерда прокуратура органлари ҳисобидаги хизмат машиналари тўғрисидаги маълумотлар билан ҳам танишиш мумкин.
Қайд этилишича, бош прокуратура тасарруфида ҳозирда 45та автомашина мавжуд. Шундан:
1 та Mercedes-Benz S 450;
1 та Toyota Land Cruiser Prado;
6 та Malibu-2;
1 та Captiva;
1 та Chevrolet Equinox;
28 та Lacetti-2;
1 та Citroen Jumper;
1 та Damas;
1 та Chevrolet Labo;
1 та Midibus-Isuzu;
2 та Hyundai Н1;
1 та Hyundai SantaFe автомобиллари.
Бироқ Бош прокуратура сайтида ушбу машиналар қайси мансабдорга бириктирилгани ҳақида маълумот берилмаган. Идора матбуот хизмати бу ҳақдаги саволимизни жавобсиз қолдирди.
Келинг, ўзимиз тахмин қилиб кўрамиз. Ҳойнаҳой мамлакат бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Mercedes-Benz’да юрса керак. Toyota Land Cruiser Prado ҳам катта эҳтимол билан прокуратура тизимидаги энг юқори мансаб эгасининг хизматини қилади.
Бош прокурорнинг оз эмас, кўп эмас нақ олти ўринбосари бор. Хўш, уларга қайси русумдаги автомобиллар бириктирилган? Идора тасарруфида 6та Malibu-2 ва 1та Captiva бор ва бу бош прокурорнинг ўринбосарлари учун ажратилган хизмат машиналари ҳақидаги бошқотирманинг жавоби бўлиши мумкин. Негаки айнан шу автомобиллар класс ва нарх бобида қолган 36 та машинадан устунроқ ҳисобланади.
28 та Lacetti-2 Бош прокуратурадаги бошқарма ва бўлимларнинг бошлиқларига, 1 та Chevrolet Equinox эса бош прокурор ёрдамчисига хизмат машинаси сифатида берилган бўлиши мумкин. Албатта, булар шунчаки тахминлар. Агар Бош прокуратура саволни жавобсиз қолдирмасдан, қайси автомобиллар кимларга хизмат машинаси сифатида бириктирилганини очиқлаганида эди, ҳеч қандай тахмин-у фаразларга берилмаган бўлардик.
Шунингдек, идора матбуот хизмати машиналарнинг нечтаси тўлиқ ёки қисман тонировка қилингани, автомобиллар ойнасининг тусини ўзгартириш билан боғлиқ харажатлар қанча бўлгани ва қайси манбалар ҳисобидан қоплангани ҳақидаги саволларга ҳам жавоб бермади.
Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, прокуратура органлари тасарруфидаги хизмат машиналарининг тонировкаси харажатларига нисбатан имтиёз белгиланган бўлиши ҳам мумкин албатта. Шуни назарда тутган ҳолда Бош прокуратурага йўллаган хатимизда агар тонировка бепул амалга оширилган бўлса, ушбу имтиёз назарда тутилган ҳужжат нусхаси тақдим этилишини сўрагандик. Бироқ бу сўров ҳам бажарилмади.
Ким билсин, чиндан шундай ҳужжат бор-у унда биз тахмин қилгандай имтиёз белгиланган бўлса, бу маълумот жамоатчиликка ошкор бўлиши ортидан турли саволлар келиб чиқишидан чўчишгандир, балки...
Kun.uz’га тақдим этилган расмий хатда 45 та хизмат автомобили 2014–2020 йиллар давомида харид қилингани таъкидланади. Яъни ушбу автомобилларнинг энг эскиси олинганига 7 йил, энг янгисига 1 йил тўлган.
Хўш, Бош прокуратура тасарруфидаги хизмат машиналарининг йиллик йўл босиш лимити неча километр этиб белгиланган? Лимитдан фойдаланиш меъёрлари қандай назорат қилинади? Агар мансабдор шахс белгиланган лимитдан кўпроқ юриб қўйса ёки бир йиллик лимитни 7-8 ойда босиб ўтса, транспорт воситасидан йил якунигача фойдаланмайдими? Қандай ҳолатларда хизмат машиналаридан шахсий манфаатларда фойдаланилишига йўл қўйилади? 2020 йилда Бош прокуратура хизмат машиналарининг ёнилғи-мойлаш, таъмирлаш ва бошқа харажатлари учун қанча маблағ сарфлаган? 2021 йилнинг ўтган даврида-чи?
Гапнинг очиғи, ушбу саволларга батафсил жавоб берилишини кутгандик. Бироқ Ҳаёт Шамсуддинов имзоси билан тақдим этилган хатда юқоридаги саволларга тўлиқ жавоб берилмаган. Саволларга жавобан хизмат автомашиналарининг йиллик йўл босиш лимитлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 258-сонли қарорида белгиланган меъёрлар асосида назорат қилиниб, машиналарнинг ёнилғи-мойлаш, таъмирлаш ва бошқа харажатлари бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаб келиниши айтилган, холос.
Хизмат машиналари неча йилда эскирган деб топилиши, хизматда фойдаланиш учун транспорт воситаларини сотиб олишда Бош прокуратура учун қандай лимитлар белгиланганига оид жамоатчиликни қизиқтирган саволлар ҳам жавобсиз қолган. Бош прокуратура жавобида хизмат қилиш муддатини ўтаган автотранспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки сотиб олиш белгиланган лимитлардан чиқиб кетмаган ҳолда қонунчиликда белгиланган асосларда амалга оширилиши таъкидланган, холос.
Хизмат машинасининг моддий жавобгарлиги кимнинг зиммасида: транспорт воситаси бириктирилган мансабдор шахснингми ёки ҳайдовчининг? Дейлик, хизмат транспорти иштирокида ЙТҲ содир бўлса ёки бошқа бир кўринишда моддий зарар етса, етказилган зарар кимнинг ҳисобидан қопланади? Таъкидланишича, хизмат автомашиналарининг моддий жавобгарлиги ҳайдовчи зиммасида бўлиб, хизмат автотранспорти иштирокида йўл транспорт ҳаракати содир бўлганда ёки автомобилга бошқа кўринишда моддий зарар етказилган тақдирда етказилган зарар суд қарорига асосан айбдор шахс ҳисобидан қопланади. Бироқ хизмат автомобилини прокурорларнинг ўзлари бошқариши ёки уларга ҳайдовчи ажратилиши ҳақидаги маълумот очиқланмади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, ҳукуматнинг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сонли қарорида давлат органлари фойдаланишида мавжуд бўлган лимитдан ортиқча бўлган хизмат автотранспорт воситалари 2021 йил 1 августга қадар электрон аукцион савдоларига қўйилиши керак эди. Расмий жавобда Бош прокуратура тасарруфида лимитдан ортиқча хизмат автотранспорт воситалари мавжуд эмаслиги, шу сабабли ҳеч қандай автомобиль электрон аукцион орқали сотувга қўйилмагани маълум қилинган. Бош прокуратурага хизмат машиналари сотиб олиш учун қанча лимит берилганини билмаганимиз учун бу маълумотга ишонишдан бошқа чора йўқ ҳозирча.
Қонунчиликка кўра, давлат органлари аутсорсинг шартлари асосида автобус, такси ва бошқа транспорт хизматларидан фойдаланишлари мумкин. Бош прокуратурада хизмат автомобилларидан ташқари хизмат мақсадларида аутсорсинг шартлари асосида такси ва бошқа автотранспорт воситалари жалб этилмаган.
Дарвоқе, Kun.uz таҳририяти томонидан Бош прокуратурага сўров юборилгандан сўнг идора расмий сайтидаги прокуратура органлари ҳисобидаги хизмат машиналари тўғрисидаги маълумотлар жойланган файл алмаштириб қўйилди.
Дастлабки файлда прокуратура органлари ҳисобидаги хизмат автомобилларининг русумлари, сони ҳақида батафсил маълумотлар келтирилган эди. Янгиланган файлда эса тизимдаги хизмат машиналарининг сони оддийгина жадвал кўринишига келтирилган, автомобилларнинг русумлари ҳақидаги маълумотлар олиб ташланган. Нима учун бундай қарорга келингани бизга қоронғи.
Бош прокуратура матбуот хизмати бу ҳақдаги саволга ҳам изоҳ бермади.
Албатта, мансабдорларга хизмат машиналари ажратилиши қонуний. Бироқ солиқ тўловчилар ҳисобидан молиялаштириладиган ҳар қандай давлат органи ўз харажатлари ҳақида жамоатчиликка ҳисоб бериб бориши, очиқлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қўл учида эмас, тўлақонли амал қилиши лозим.
Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо.
Мавзуга оид
08:50 / 19.11.2024
Уч ҳудудда 671 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди
22:39 / 13.11.2024
Самарқандда мактаб ўқувчисини зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланган – Бош прокуратура
12:03 / 13.11.2024
Самарқандда мактаб ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланди
18:40 / 09.11.2024