Ўзбекистон | 11:44 / 28.11.2021
13208
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ашхободда Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди

Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари келишувлар ижросининг боришини кўриб чиқди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Ашхобод шаҳрига борди.

Ашхобод аэропортида давлат раҳбарини Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кутиб олди.

Шундан сўнг икки мамлакат етакчилари музокара ўтказди.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон президенти Туркманистон раҳбари ва биродар туркман халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам – Бетарафлик куни билан самимий қутлади.

Икки томонлама яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Жорий йил октябрь ойида олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ савдо-иқтисодий ҳамкорлик борасидаги қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро кун тартиби ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон президенти Туркманистоннинг ИҲТдаги сермаҳсул раислигини юксак баҳолади ва Ашхобод саммити муваффақиятли ўтишини тилади.

Сўнг тантанали кутиб олиш маросими бўлди. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Маълумот учун, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) минтақавий кўп томонлама тузилма бўлиб, минтақа мамлакатлари ўртасидаги яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида 1985 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда ташкилотга Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон аъзо. Ўзбекистон ИҲТга 1992 йилда қўшилган.

Тадбир кун тартибидан савдо, инвестициялар, «яшил» иқтисодиёт ва инновациялар, рақамли технологиялар, транспорт, логистика, туризм ва бошқа устувор йўналишларда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Мавзуга оид