Жамият | 11:05 / 29.11.2021
58795
6 дақиқада ўқилади

Қува ИИБдаги оғзи шалоқ раҳбар. Вазирлик «ёпаётган» сир фош бўлмоқда

Интернетда қувалик собиқ профилактика инспектори Нозимжон Нишоновнинг навбатдаги видеомурожаати тарқалди. Видеода Қува тумани ички ишлар бўлими раҳбарларидан бири унга куракда турмайдиган сўзлар билан муомалада бўлгани, ҳақорат ва таҳдид қилгани эшитилади.

Видео муаллифи Қува тумани Ички ишлар бўлимида раҳбарият ходимлар билан қўпол муомалада бўлиши, шахсий таркиб олдида ҳақоратли сўзларни бемалол ишлатишини айтиб, сўзларини тасдиқловчи аудиоёзувни қўйиб эшиттиради.

«Нозиммиди отинг? Пулим йўқ деяпсанми, «одолжение» қилиб манга. Йигирмата сенга ўхшаган Нозимни с***б юбораман, тушундингми, қўлимдан келади. Эркатойлигингни уйингдагиларга қиласан, қариндошларингга қиласан. Синфдошларингга қиласан. Бу эркатойлигингни ман кўтармайман.

Чийиллаб қочворадигон қивораман сани бу идорадан. Қочиб умуман кўринмайдигон бўлиб кетасан. Ўзи санга ўхшаган битта-иккита жинни қўйларни эртага раҳбар тайинланса кириб таклифини бераман. Ўзи ман тўлиб ётибман. Мана бўлинма бошлиқлари бор, ёмонлашмас, «реалный» тасдиқлаб бераман. «Реалный» манави ишни бунақа-бунақа қилиш керак, бошлиқ, мана бу ишни бунақа қилиш керак. Манави ***ни **** керак дейман. Ман «любой ходи»га ишим билан раҳбар билан яхши бўлиб оламан», дейди аудиода гапирган эркак.

Собиқ инспектор Нозимжон Нишоновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, овоз эгаси Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари майор Азиз Аҳмаджоновдир.

Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Нозимжон Нишоновнинг янги видеомурожаатига илова қилинган, жумладан, Қува тумани ички ишлар бўлими раҳбариятининг ходимларни ҳақорат қилгани акс этган аудиоёзувлардан хабардор эканини маълум қилди.

«Бу аудиоёзувлардан хабаримиз бор. Тақдим қилинган бизга. Ҳозирги вақтда ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати бу масала бўйича текширув ўтказмоқда. Тегишли хулоса қилинади ва бу ҳолат бўйича албатта жамоатчиликка ахборот берилади», деди у.

Нозимжон Нишонов янги видеомурожаатида яна бир бор «участкавой»лар зиммасидаги мажбурий юкламалар ҳақида тўхталиб, масъулларда агар хоҳиш бўлса, бемалол бу ҳолатнинг тагига етиш мумкинлигини айтган.

«ИИВ бош бошқарма бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев менинг биринчи видеомурожаатимда келтирилган важлар тасдиғини топмаганини айтибди. Жарима майдонига бориб, профилактика инспекторлари олиб кирган машиналарни текшириб кўришсин, у ерда ҳамма машиналарнинг рўйхати туради. Нега бу маълумотни очиқлашмаяпти?!

Аввал ҳам айтганимдай, майор Аҳмаджонов «тахт»га келганларидан бери 17 мингта маъмурий баённома расмийлаштирилган. Ҳар битта профилактика инспектори ўзи расмийлаштирган маъмурий баённома бўйича жаримани ўзи ундириши керак. Ундирилмаса ўзининг бўйнида қолиб кетади.

17 минг «протокол» профилактика инспекторларининг ўзлари ёзган маъмурий жарималар, бунга суд томонидан тайинланган маъмурий жарималар кирмайди», дейди собиқ инспектор.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафталарда ижтимоий тармоқларда икки нафар профилактика инспекторининг ички ишлар вазирига видеомурожаати тарқалганди. Видеода ҳар икки ходим ўзи ишлаётган идорадаги коррупцион ҳолатлар, раҳбарларнинг тамагирлиги ва қонунга зид топшириқлари ҳақида маълум қилиб, вазирдан ушбу вазиятга эътибор қаратишни сўрашганди.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати ҳар икки видеомурожаат юзасидан хизмат текшируви тайинлангани, Қува тумани ва Наманган шаҳридаги ички ишлар органлари раҳбариятининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича келтирилган важлари текширилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини билдирганди.

Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бердиалиев Kun.uz’га берган интервьюсида хизмат текширувлари давомида Қува тумани ҳамда Наманган шаҳридаги ички ишлар органлари раҳбарларининг тамагирлиги, профилактика инспекторларини молхона қурилишида ишлатгани билан боғлиқ фактлар тасдиғини топмаганини таъкидлаганди.

Бундан ташқари, Бахтиёр Бердиалиев хизмат текшируви давомида Қува тумани ҳамда Наманган шаҳридаги ички ишлар бўлими раҳбарияти томонидан мажбурий юклама белгилангани тасдиғини топмаганини айтган, шунингдек, профилактика инспекторларига фуқароларга нисбатан ҳар куни 5тадан маъмурий баённома расмийлаштириш бўйича юклама белгилаб берилганини инкор этганди.

Бироқ қувалик ва наманганлик профилактика инспекторлари Нозимжон Нишонов ҳамда Сардорбек Отабоев Kun.uz’га тақдим этган маълумотларда ушбу ходимлар хизмат қилиб келган ички ишлар органлари раҳбарияти томонидан ҳар бир «участкавой»га «план» белгилаб берилгани, ҳар куни энг камида иккитадан маъмурий баённома расмийлаштиришга мажбурлангани, ушбу баённомалар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг турли моддалари бўйича тузилиши кераклиги ҳақида мунтазам кўрсатма бериб келингани акс этган.

Бу ҳақдаги мақола Kun.uz сайтида 20 ноябрь куни эълон қилинган бўлса-да, шу пайтгача на Ички ишлар вазирлиги, на ҳолат бўйича суриштирув ўтказаётган прокуратура органлари профилактика инспекторлари томонидан очиқланган фактларга реакция билдиришди.

Мавзуга оид