Матбуот котиблари можароси. Депутат ИИВ расмийсидан нега изоҳ талаб қилмоқда?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўз Ризаев Facebook саҳифасида Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовни депутатларга таҳдид қилишда айблади.
«ИИВ матбуот бошлиғи, сендан жавоб кутаман. Ким сенга топшириқ бериш ваколатини берган, қайси қонун? Сен ваколатингдан чиқмаяпсанми? Ғиёсов, вазирингга [Пўлат Бобожонов – таҳр.] шахсан талаб қўяман, бу таҳдид. Ким ҳақида гапиряпман, деб ўйлаяпсанми? Погонни ҳаммаям кўтаролмайди, сендақалар», деб ёзган айни вақтда Қонунчилик палатаси матбуот котиби вазифасини бажарувчи ҳам бўлган депутат.
Наврўз Ризаев яна бир постида Шоҳрух Ғиёсов қонунга қарши чиқиб қўйганини таъкидлаган.
«ИИВ матбуот хизмати Шоҳрух. Сен депутатларга қанақа таҳдид қилмоқчисан? Эҳтиёт бўл, қонунга қарши чиқиб қўйдинг. Сен билан алоҳида суҳбатлар бўлади», деган у.
Маълум бўлишича, депутатнинг постлари 25 ноябрь куни Шоҳрух Ғиёсовнинг навоийлик журналистлар ва блогерлар билан мулоқоти давомида айтган гапларига жавобан ёзилган.
Навоийдаги учрашувда ИИВ матбуот котиби ЙПХ ходимлари йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган депутатлар ўз дахлсизлигини пеш қилишини танқид остига олганди.
«ЙҲХ ходимлари билан қанақа муаммолар борлигини билиш учун ўтириб суҳбатлашдик. Улар депутатлар билан боғлиқ бўлган масалани кўтаришди.
Шунақа ҳолат эканки, айрим депутатлар йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасини бузиб туриб, шундоқ ўзининг дахлсизлигини пеш қилиб, «мен депутатман, мен дахлсизман», деб ўтиб кетаркан. Ходимларимиз уларга нисбатан чора кўрилмайдими, ростдан шунақами дейишди.
Мен айтмоқчиманки, депутатлар йўл ҳаракати қоидаларини бузса, халқ билан баробар жавобгарликка тортилади. Дахлсизлиги фақатгина тергов жараёни билан боғлиқ бўлган, қўлга олиш ва суд томонидан ҳал қилинадиган маъмурий ишларга боғлиқ. Лекин йўл ҳаракати қоидаларини бузган депутатлар ҳамма билан баробар жавобгарликка тортилади ва жаримасини тўлайди.
Мен ходимларимга айтдимки, агар яна депутат ўз дахлсизлигини пеш қилиб ўтиб кетадиган бўлса, бодикамерадаги ёзувни олиб, керак бўлса депутат билан боғланиб шуни жамоатчиликка тарқатамиз. Чунки депутатлар ҳам ўзининг ҳаракати бўйича жамоатчилик олдида ҳисобот бериши керак», – деганди ИИВ матбуот котиби.
Kun.uz билан суҳбатлашган Наврўз Ризаев қонунчиликка асосан депутат дахлсизлиги, вазирлик матбуот котибида эса депутат борасида ходимларга буйруқ бериб, чора кўришга чорлаш ваколати йўқлигини таъкидлади.
«Яна, қайси депутат, ким ва қачон деган фактсиз, жамоатчиликда халқ сайлаган вакилга нисбатан нотўғри тушунча уйғотяпти. Матбуот котиби ИИВдаги хабарларини оммага етказишга масъул. Унинг гаплари маъмурий жавобгарлик кодекси ва депутат тўғрисидаги қонунга хилоф. Бу депутатга таҳдид. Буни муҳокама қиламиз ва охирига етамиз», – деди у.
ИИВ матбуот котиби эса Kun.uz’га берган изоҳида ўша мажлисда қонуний талабни эслатиб ўтганини билдирди ва «Танқид қилишдан аввал танқидни кўтара билишни ҳам ўрганиш кераклиги»ни таъкидлади.
У, шунингдек ходимларга топшириқ бермагани, депутатлар билан боғлиқ шундай қонунбузарлик аниқланса, уни жамоатчиликка ёритиб бериш масаласи тўлиқ унинг ваколатида эканлигини айтди.
«Аслида, депутатлардан сўраб ҳам ўтирмасдан ёритишимиз мумкин. Лекин мен депутат билан боғланиб, кейин бу қоидабузарликни жамоатчиликка етказишимизни айтдим. Депутат ҳам жамоатчилик олдида ҳисобдор», деди у.
Қонунлар нима дейди?
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасида тегишли палата розилигисиз депутат, сенатор жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмаслиги белгиланган.
«Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасида шундай дейилади:
«Тегишли халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас».
Кўриб турганингиздек, қонунчилик ИИВ матбуот котибининг гапларини тасдиқлаб турибди. Яъни сенатор ва депутатлар суд тартибисиз белгиланадиган маъмурий жарималарни дахлсизлик ҳуқуқини аралаштирмаган ҳолда тўлашга мажбур. Хусусан, йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун тайинланган жарималарни ҳам.
Мавзуга оид
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
12:00 / 25.10.2024
Сайлов яқин, партиялар нималарни ваъда қилади? – Кун дебати
17:34 / 04.09.2024