Ўзбекистон | 09:55 / 02.12.2021
1405
2 дақиқада ўқилади

Бухорода Кампания университети филиали ташкил этилади

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Италиянинг Неапол шаҳрида Бухоро вилояти делегацияси ҳамда Луиджи Ванвителли номидаги Кампания университети раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилди. Учрашувда Бухоро шаҳрида мазкур университетнинг филиалини ташкил этиш бўйича дастлабки келишув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги маълум қилди.

Имзоланган келишувга асосан филиалда Кампания университетининг ўқув дастурлари асосида қурилиш, архитектура, кийимлар дизайни, олий ҳамширалик йўналишларида бакалавр ҳамда магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Шунингдек, Бухоро вилоятида мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда чарм ва тери маҳсулотларини қайта ишлаш, тиббиётнинг даволаш иши, фармация ҳамда турли тор мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш таклифи билдирилди.

Филиалда таълим жараёнига Кампания университетининг малакали профессор-ўқитувчилари жалб этилиб, талабаларнинг Италияда амалиёт ўташларига имконият яратилади. Филиал фаолияти тўлақонли йўлга қўйилгунга қадар Бухоро муҳандислик-технология институти ҳамда Бухоро давлат тиббиёт университетлари билан юқорида таъкидланган йўналишлар бўйича қўшма таълим дастурлари амалга оширилади. Бу бўйича Кампания университети ҳамда Бухоро олийгоҳлари ўртасида меморандум имзоланди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Учрашувда Кампания университети ҳамда Бухоро вилояти олий таълим муассасалари ўртасида икки томонлама профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, турли илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам келишиб олинган.

Маълумот учун, Кампания университети Италиянинг давлат университетларидан бири бўлиб, у 1991 йилда ташкил этилган. Университетда бугунги кунда 30 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид